Меню

Қашқадарё

10.10.2024 1693

ЛАЛМИ ТАРВУЗНИНГ ТАЪМИНИ ТОТГАНМИСИЗ?

Пишиқчилик

Пастқам адирликларга сув чиқариб, эртачи тарвуз экишда, ҳосилни одатдагидан бир ой - қирқ кунча олдин кўтариб, бозорга чиқаришда кўкдалалик деҳқонлар олдига тушадигани йўқ. Улар ҳали баҳор ойларида ушбу полиз маҳсулотини нафақат элимиз дастурхонига, балки хорижга ҳам чиқаришни уддалаган ҳолда бу ҳақиқатни ўн йиллар мобайнида исботлаб келмоқда.

Кўкдалалик миришкорларнинг яна бир деҳқончилик анъанаси борки, шунинг ортидан улар бозорларни қишда ҳам тарвуз билан таминлайди. Ҳақиқий сувсиз лалми ерларда ўзига хос усулда етиштирилган, халқимиз "қора тарвуз" деб атайдиган полиз маҳсулоти ҳозир айни пишиб етилган вақт. Уни муайян шароитда узоқ вақт сақласа, айтилганидек от гўштига тенг бўлади.

Машҳур адиб Мурод Муҳаммад Дўстнинг асарлари, қисса ва ҳикояларини ўқиган киши Шўрқудуқ қишлоғи ҳақида билади. Қашқадарёнинг Самарқанд вилояти билан чегараси яқинида жойлашган, пастқам адирликлар узра ёйилган манзил. Ана шу қишлоқ деҳқонлари ҳам лалмида тарвуз етиштириш билан бирга ҳосилни табиий усулда узоқ муддат сақлаш борасида катта тажрибага эга.

- Қишлоғимиз деҳқонлари лалми тарвуз етиштириш анъанасини узоқ йиллардан буён давом эттириб келмоқда, - дейди нафақадаги ўқитувчи Бобомурзо Яхшибоев. - Ота-боболаримиз ҳам шу адирликларда кетмон чопиб, тарвуз экишган. Энди биз кетмон ёнига замонавий техникаларни ҳам қўшиб, кенгроқ ерларда деҳқончилик қилаяпмиз. Бир оила 10-15 гектаргача лалмида полиз экиб, 40-50 мингтагача сара тарвуз олмоқда.

Маълумки, бизда лалми ерлардан асосан ғалла етиштириш учун фойдаланилади. Ғаллакорларнинг бир йил бошоқли дон экилган шундай майдонларга кейинги йил дам бериш одати бор. Худди шу ерларга лалми тарвуз экиш айни муддао. Бу ўзига хос алмашлаб экиш усули бўлиб, тупроқни кучайтиради, унумдорлигини оширади.

Шўрқудуқлик деҳқонлар ҳам шундай қилишаяпти. Дамдаги ерларга экилган лалми тарвуз парвариши катта сарф-харажат ва меҳнат талаб қилмайди. Яъни уруғ ер етилишига, об-ҳаво шароитига қараб май ойи охирлари ёки июнь ойи бошларида экилади. Полиз табиий   намлик ёрдамида ўниб чиқиб, пояси қулоч ёзиб қолгач, бир маротаба тагини юмшатиб чиқиш лозим. Шунда ҳар гектар ердан уч-тўрт минг донагача сара тарвуз олиш мумкин.

- Ҳосил сувсиз, ўғитсиз етиштирилгани боис таъми ниҳоятда ширин бўлади, - дейди Бобомурзо Яхшибоев. - Қолаверса, бундай тарвузларни узоқ вақт сақлаш мумкин. Биз ҳам ҳар йили улардан икки-уч мингтачасини келгуси йилнинг апрель, май ойларига қадар сақлаб, ички бозорга чиқарамиз.

Қишлоқ деҳқонлари ҳосилни узоқ муддат аслича сақлаш учун "табиий совуткич" усулидан фойдаланишади. Бунинг учун адирликдан қўл кучи ёрдамида маҳорат билан қазилган, эни уч, баландлиги икки-икки ярим, узунлиги эса 40-50 метрга тенг бўлган сунъий ғорлар асқатади. Улардаги мўътадил иқлим боис тарвуз узоқ вақт янги узилгандай сақланади. Айтишларича, ундан "илик узилди" даврида истеъмол қилган киши ҳақиқий от гўшти берадиган қувватни оларкан. 

Собир НАРЗИЕВ

Муаллиф олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!