Меню

Қашқадарё

13.08.2016 2396

ЛАҒМОН ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛДИ

Шунингдек, қиймати 13,7 миллиард сўм миқдоридаги 92 та лойиҳа асосида эски қувватлар модернизация қилинди. Натижада бугунги кунда мазкур саноат лойиҳаларининг 79 таси асосида тайёр озиқ-овқат, 167 таси асосида эса ноозиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Албатта, ушбу истиқболли лойиҳаларнинг муваффақиятли рўёбга чиқарилиши вилоятимиз саноат салоҳиятини юксалтиришда муҳим омил бўлди.

Таъкидлаш жоиз, алоҳида эътибор самарасида вилоятимиз саноатида кичик бизнеснинг улуши йилдан-йилга сезиларли ошиб бормоқда. Ушбу йўналишда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари бугунги кунда аҳолига сифатли, импорт ўрнини босувчи, рақобатбардош саноат маҳсулотларини таклиф этмоқда. Кичик бизнеснинг ана шундай вакилларидан бири - Нишон туманидаги "Проксема" хусусий корхонаси асосан нон ва макарон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Корхонанинг олти йиллик фаолияти давомида кўплаб янгиликларга қўл урилди. Хусусан, ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ замонавий технологиялар асосида ташкил этилди. Яқинда мазкур субъект томонидан янги бир маҳсулот - лағмон тайёрлаш йўлга қўйилди.

- Тегишли лойиҳамизни амалга ошириш учун 70 миллион сўм маблағ сарфладик, - дейди корхона раҳбари Суюн Болтаев. - Бунга тўлиқ тижорат банки кредити йўналтирилди. Янги ускуналар харид қилдик. Цехимиз тайёр ҳолга келтирилиб, ишга туширилди. Кунига 1 тонна махсус идишларда қадоқланган тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш имконимиз бор. 2 нафар ёшни ишга олганмиз. Ҳозир маҳсулотимизни асосан аҳолига етказиб бераяпмиз. Қўшни вилоятларга ҳам маҳсулот  сотиш бўйича иш олиб бораяпмиз, бозорни ўрганаяпмиз.

Тадбиркорнинг айтишича, корхонада лағмондан ташқари бир кунда 600 дона қолипли нон, шунингдек, угра, вермишель каби макарон маҳсулотлари ишлаб чиқарилаяпти. Мазкур озиқ-овқат маҳсулотлари аллақачон ўз харидорларини топиб улгурган.

ЭКСПОРТБОП МАҲСУЛОТ ЕТИШТИРИЛАЯПТИ

Вилоятимиздаги деҳқончилик, боғдорчилик, сабзавотчилик ва узумчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари давр талабидан келиб чиқиб, фақатгина ички бозорда харидоргир маҳсулот ишлаб чиқариш билан кифояланмай, экспорт талабига жавоб берувчи мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари ва узум етиштиришга ҳам алоҳида аҳамият қаратишмоқда. Чироқчи туманидаги "Қурбон бобо" фермер хўжалигида ҳам ишлар айнан шу йўсинда олиб борилаяпти.

- Шу йилдан бошлаб асосий экиндан бўшаган ерларга экспортбоп маҳсулот уруғидан экишни ташкил қилдик, - дейди фермер Музаффар Қурбонов. - Жумладан, 6 гектар майдонда ошқовоқ, 3 гектар ерда сабзи, яна шунча майдонда карам ўстираяпмиз. Маҳсулотларимиз пишиб етилганидан сўнг уларни саралаб хорижга жўнатамиз. Бу бўйича аллақачон келишувга эришганмиз. Мазкур фаолиятимиз юқори самара беришига ишонамиз.

Муборак туманидаги "Сахий чўпон даласи" фермер хўжалигида ҳам экспортга йўналтириладиган маҳсулотлар етиштириш борасида кенг имкониятлар бор ва улардан унумли фойдаланилмоқда. Хусусан, хўжалик тасарруфидаги 2 гектар майдонда боғ барпо қилинган. Бу ерда  630 туп ярим пакана олма дарахти парваришланмоқда.

- Келаси йилдан олмадан кўпроқ ҳосил олишни мўлжаллаяпмиз, - дейди фермер Нодира Бердиева. - Маҳсулотнинг бир қисмини ташқи бозорга сотиш ниятимиз бор. Қолаверса, 2 гектар жойда тарвуз ўстираяпмиз. Уни ҳам экспортга чиқариб кўрмоқчимиз.

Деҳқончиликдан ташқари, чорвачилик ҳам фермер хўжалигининг етакчи тармоқларидан ҳисобланади. Ҳозир ушбу субъектда 50 бош йирик шохли қорамол, 300 бош майда мол боқилаяпти. Фермер бир неча йилдан бери қандолат ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқараяпти.

ФЕРМЕР СУТНИ ҚАЙТА ИШЛАМОҚЧИ

Қарши туманидаги "Йўлдошев Суннат Негматович" фермер хўжалиги ташкил этилганига унча кўп бўлмаган. Ўтган давр мобайнида хўжалик раҳбари Негмат Ҳайитов янги тармоқлар ҳисобига фаолиятни бир қадар кенгайтирди. Фермер аввалига фақат деҳқончилик билан чекланган бўлса, вақт ўтиб чорвачилик ҳам хўжаликнинг етакчи тармоғига айланди.

2015 йилда тижорат банкидан олинган 120 миллион сўм кредит эвазига ишбилармон Польша давлатидан қора - ола зотли 15 бош сигир олиб келди. Натижада чорва боши 60 тага етди. Соғин сигирлар кунига 30-40 литрдан сут бераяпти экан.

- Сутни шунчаки сотиб юбориш бизга маъқул келмаяпти, - дейди фермер. - Уни қайта ишласак, кўпроқ даромад олишимиз аниқ. Қолаверса, қишлоғимизда бу йўналишда фаолият юритадиган корхона йўқ. Маблағимиз эса етарли. Шу боис жорий йил охирига қадар сутни қайта ишлайдиган мини технология олиб келмоқчимиз. Кефир, сметана ва шунга ўхшаш маҳсулотлар ишлаб чиқаришни мўлжаллаяпмиз. Аллақачон потенциал харидорларни ҳам топганмиз. Фойда ҳисобидан чет мамлакатдан яна зотли қорамол сотиб олиш режамизда бор.

Фермернинг сўзларига кўра, у ўзини ишлаб чиқаришда ҳам синаб кўрган. Бир неча йилдан бери хўжалик қошидаги цехда қишлоқ хотин-қизлари каштачилик буюмлари тикиш билан шуғулланаяпти. Бундан ташқари, Негмат Ҳайитов 2015 йилда ҳудуддаги бўш турган мактаб биносининг бир қисмини муайян лойиҳа асосида 200 миллион сўмлик инвестиция йўналтириш мажбурияти асосида ноль харид қийматида олган. Ушбу маблағ эвазига бинода тикувчилик цехи ва гўзаллик салони ташкил этилиши кўзда тутилган. Айни вақтда 14 та замонавий дастгоҳ  келтирилиб, маҳсулот ишлаб чиқаришга ҳам киришилган. Фермер жорий йилнинг сўнгигача ушбу объектда ишни тўлиқ йўлга қўйишни мақсад қилган. Лойиҳа муваффақиятли амалга оширилса, яна 20 нафар киши доимий иш ўрнига эга бўлади.

ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲА ВА 20 ТУРДАН ОРТИҚ ТЕМИР-БЕТОН БУЮМЛАРИ

Маълумот ўрнида айтиш керакки, 2016 йилнинг дастлабки олти ойида вилоятимиз корхоналари томонидан 946,4 миллиард сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилган. 2015 йилнинг мос даври билан таққослаганда бу борадаги кўрсаткич 128,1 фоиз ўсгани ойдинлашади. Аҳамиятлиси, ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажмида қурилиш материаллари ҳам салмоқли ўрин эгаллайди.

Сир эмаски, сўнгги вақтда вилоятимизда бунёдкорлик ишлари кўлами ҳар қачонгидан ошган. Ўтган олти ойда ҳудудда 1 триллион 198 миллиард сўмликдан зиёд қурилиш-пудрат ишлари амалга оширилгани бунга мисол бўлади. Табиийки, шу жараёнда сифатли ва рақобатбардош қурилиш материалларига ҳам талаб кўпайган. Ушбу йўналишда янги ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш, мавжуд қувватларни модернизация ва диверсификация қилиш эса ортган эҳтиёжни-да қондириш имконини беради. Ҳаётга татбиқ этилаётган айрим истиқболли лойиҳалар айни шу жиҳатлари билан муҳимдир.

Қарши шаҳрида самарали фаолият кўрсатаётган "Олий нур асл савдо" масъулияти чекланган жамияти томонидан яқинда темир-бетон буюмлари ишлаб чиқаришни кўзда тутувчи лойиҳа амалга оширилди.

- Ушбу лойиҳа Президентимизнинг 2013 йил 2 агустдаги "2013-2016 йилларда Қашқадарё вилоятининг саноат салоҳиятини янада ривожлантириш дастури тўғрисида"ги қарори асосида ишлаб чиқилган дастурдан жой олган, - дейди тадбиркор Олимжон Бўриев. - Унинг қиймати 140 миллион сўмга баҳоланган. Мазкур маблағнинг асосий қисмини ускуналар харид қилишга сарфладик. Ҳозирги кунда ишлаб чиқаришни тўлиқ бошлаб юборганмиз. Маҳсулотимиз тури 20 хилдан ошган. 22 та янги иш ўрни яратганмиз. Ишлаб чиқарилган темир-бетон буюмларимизни шартнома асосида қурилиш ташкилотларига етказиб бераяпмиз.

Эътиборлиси, ишбилармон тегишли дастурга киритилган яна бир лойиҳа бўйича икки йил аввал озиқ-овқат маҳсулоти ишлаб чиқаришни ташкил этганди. Бундан ташқари, у хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам фаолият юритмоқда.

М.ЖЎРАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!