Меню
Қашқадарё
ҚЎЛ ТЎПИ РИВОЖИГА ПАНЖА ОРАСИДАН ҚАРАБ БЎЛМАЙДИ
Гандбол
Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти спорт мажмуасида 2010-2011 йилларда туғилган ўғил-қизлар ўртасида вилоят биринчилиги баҳслари ўтказилди.
Гарчи Қашқадарёда ушбу спорт тури у қадар ривожланмаган бўлса-да, воҳамизда ҳаваскор гандболчилар анчагина. Буни мусобақада қизлар ўртасида 3 та, ўғил болалар йўналишида эса 5 та жамоа ўзаро баҳс олиб борганидан ҳам билиш мумкин.
Азалдан вилоят терма жамоаси базаси Ғузор туманида шакллантирилган. Бу ерда 20 нафардан ортиқ етук мутахассис болаларга гандбол сирларини ўргатиб келмоқда. Шу боис вилоят биринчилиги ғолиблиги ҳар икки йўналишда ҳам асосан ғузорлик қўл тўпи усталарига насиб қилди.
Мазкур мусобақа жорий йил 5-7 октябрь кунлари Наманганда шу ёш тоифасида ўтказиладиган Ўзбекистон чемпионати олдидан ўзига хос тайёргарлик вазифасини ўтади.
- Ҳозир Қашқадарёда 420 нафар ёш қўл тўпи билан шуғулланаётган бўлса, улардан 180 нафари қизлар, - дейди вилоят гандбол федерацияси ижрочи директори Шоди Номозов. – Ғузордан ташқари Қарши шаҳри ва Касби, Косон, Қамаши, Китоб, Яккабоғ туманларида ҳам бу спорт турига нисбатан қизиқиш юқори. Барча туманларда жамоалар шаклланмаганининг сабаби эса етарли билим ва тажрибага эга бўлган мутахассисларнинг етишмаслигида деб биламан.
Узоқ йиллардан буён Қарши нефть базаси унитар корхонаси вилоят гандбол федерациясига ҳомийлик қилиб келаётган эди. Аммо кейинги йилларда мазкур корхонада юзага келган айрим молиявий муаммолар спортчиларни маблағ ёрдамида қўллаб-қувватлаш имкониятидан маҳрум қилди.
Шунга қарамай, ёш гандболчилар яхши натижаларни қайд этишмоқда. Масалан, Динара Ғаффорова Македонияда ўтказилган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси сафида иштирок этди. Яқинда Туркияда бўлиб ўтган Ислом бирдамлик ўйинларида Ҳусния Сафарова терма жамоа таркибида тўртинчи ўрин соҳибаси бўлди. Жорий йилда 2006-2007 йилларда туғилган гандболчилар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида вилоят терма жамоаси ҳам ўғил, ҳам қиз болалар йўналишида бронза медалларига сазовор бўлди. Асила Абдураҳимова мусобақанинг энг яхши иштирокчиси сифатида эътироф этилди.
Умид қиламизки, вилоятимиз гандболчиларидаги иштиёқ, ғалабага интилиш, спортга муҳаббат узоқ йиллар давомида юксак натижаларни қўлга киритишларига куч бағишлайди. Қўл тўпи олимпиада ўйинлари таркибига киритилганлигини эътиборга олсак, ушбу спорт тури ривожига панжа орасидан қараб бўлмайди.
Абдураззоқ ДАВРОН
Муаллиф олган суратда вилоят биринчилигидан лавҳа.