Меню
Қашқадарё
ҚЎЛ ҚОВУШТИРИБ ЎТИРАВЕРСАК, КИССАМИЗДА КИССАВУРЛАР ҚЎЛИ ҒИМИРЛАЙВЕРАДИ
Тилга ихтиёрсиз - элга эътиборсиз
Пандемия ва карантин… Сув тошқини... Шамол, жала ва дўл... Кейинги ойларда халқимизни бу ташвишлар анчагина шошириб қўйди. Аслида ҳайрон қоладиган жойи йўқ, азалдан шундай - синов кезларида эл-улус балои офатлар билан курашаётган бир пайтда айримлар ўз манфаати илинжида ғимирлаб қолади. Ҳамма ўзи билан овора бўлиб, ғафлатда турган бир пайтда секингина бир нималик бўлиб қолишнинг мушкул жойи йўқ...
Дунё - бозор дейдилар. Бозорда эса ўғриям, тўғриям бор. Бу бозорда юз йилларда бўлмаган тўполонлар кечаётган бир пайтда... Сезаяпсизми, шундай "эгри" қўл айни чоғда киссамизда, энг ардоқли хазинамизга чанг солаяпти... Тилимизга!
Навоий бобомиз айтади:
Юз жафо қилса манга бир қатла фарёд айламон,
Элга қилса бир жафо юз қатла фарёд айларам...
"Миллатчи"
1999 йил эди. Вилоят газетасида маданият бўлими мудири эдим. Дафъатан хонамнинг эшиги зарб билан очилиб, рус тилида чиқадиган газетамиздаги ёши улуғроқ аёл - рус миллатига мансуб ҳамкасбим устимга булутдай бостириб келди.
- Сенми ўша миллатчи? - дея рус тилида ўдағайлай кетди у қўлидаги газетани нақ бурним устида силкитиб. - Бу нима қилганинг?
- Нима қилибман? - ҳайрон бўлдим.
Опа қўлидаги газетани столим устига қўйиб, сўнгги саҳифасига бармоқ нуқиди:
- Нега ўзларингнинг шоирларингга бир саҳифа ажратасанлар? Пушкиннинг 200 йиллиги бўлаяпти ҳамма жойда, тўрт қатор ҳам ёзмайсанлар?
Тушунишимча, "ўзларингнинг шоирларинг" дегани Алишер Навоий экан, шоир таваллудининг 558 йиллиги муносабати билан газетамизда бир саҳифа мақолалар берилган эди.
- Аввало Навоий ҳам, Пушкин ҳам ўзимизнинг шоиримиз, - дедим хотиржам. - Ёзишга келсак, аввалги сонимизда бу санага бағишланган каттагина мақола бергандик. Кеча рус тилидаги газетада ҳам Пушкинга бағишланган саҳифа чиқибди-ку...
- Яна айтаман, нимага Навоийга - бир саҳифа, Пушкинга - ярим бет? - энди ростакамига ер тепиниб чинқира бошлади опа.
Феълим айниди.
- Чунки Навоий - Навоий, Пушкин - бу Пушкин! - дедим қатъий.
Опанинг ранги гезариб кетди.
- Сен миллатчини йўқ қиламан, изингни қуритаман, - дедию ҳовлиққанича чиқиб кетди.
Бир муддатдан кейин бош муҳаррир хонасига чақирди. Опа ёнида экан, орачилик қилиб, иккимизни муросага чақирмоқчи бўлди. Аввал опа айюҳаннос солиб, роса мағзава ағдарди.
Ва ниҳоят менга навбат тегди.
- Опа, - дея гап бошладим хотиржамлик билан. - Билишимча, Қаршида туғилиб, ўсдингиз. Шу юртнинг тузини еб, сувини ичдингиз. Аммо... Элликдан ўтдингиз ҳамки, ўзбек тилида бирон жумлани гапира олмайсиз. Гапира олмайсиз эмас, сезишимча, гапиришни истамайсиз. Гўё отдан тушиб қоласиз. Устига-устак, менга ўхшаганларнинг рус тилидаги акцентига ҳам куласиз. Энди инсоф билан айтинг, мен Россияда яшаяпманми, ё Сиз Ўзбекистонда?
- Айтмадимми? - заҳрини соча кетди яна опа. - Мана исботи! Қип-қизил миллатчи бу!
Бош муҳаррир яна муросага чақирди.
- Йўқ, гапимни айтиб олай, - дедим қайсарлик билан. - Мен ҳозир Чехов ҳикояларини ёки Пушкин, Лермонтов, Есениннинг ўнлаб шеърини рус тилида айтиб бераман. Бу киши эса Навоийдан икки қаторгина айтсинлар? Икки қатор?
Хонага жимлик чўкди. Опага сўнгги гапимни айтдим:
- Шундан кейин ҳам мени миллатчиликда айблай оласизми?
...Орадан кўп ўтмай опамиз оиласи билан Россияга кўчиб кетди. Унга яқин бўлган ҳамкасбларимизнинг айтишларича, Қаршининг қуёшини, маҳалладошларини, тўйларини, таомларини... соғингани ҳақида кўп хат ёзибди...
Археологнинг ғазаби
Бу воқеага йигирма йилдан ошди. Вилоят газетасида ишлаб юрган кезларим эди. Таҳририят топшириғи билан қадимий Ерқўрғон харобаларида қазиш ишларини олиб бораётган таниқли археологлар ҳақида мақола тайёрлаш учун фотомухбиримиз билан йўлга тушдик.
Машинани поёнсиз тепаликлар билан туташган фермернинг шийпонида қолдирадиган бўлдик. Фотомухбиримиз билан яхши таниш бўлган фермер бизни бир тиликдан қовун билан сийлади. Шошиб турганимиз боис у билан тезоб хайрлашиб, тепаликлар бўйлаб пойи пиёда йўлга тушдик. Саратон қуёши шундоққина тепамизда олов пуркар, тепаликларнинг қоқ бағрини ёриб ўтган темир йўл шпалларидан бадбўй ҳовур кўтариларди...
Шундай жазирамада ишлаётган археологлар билан узоқ суҳбатлашдик. Қазиш жараёнларини суратга олдик. Улар қазишма ишларини олиб бораётган жойдаги ўчоқ, сопол буюмлар, антиқа тархга эга иншоотлар харобалари олис ўтмишдан сўйларди...
Шогирдлари экспедиция раҳбари, таниқли археолог, тарих фанлари доктори, профессор Рустам Сулаймоновнинг базага кетганини айтишди. "База" деганлари эса бу ердан анчагина олисда экан. Яна бир неча тепа ошиб, қишлоқ ичидаги қаровсиз боғча биносидаги ярим хароба "база"ни топиб бордик.
Хонага кириб борар эканмиз, ҳайратимиз ўн карра ортди. Наҳотки шундай улуғ инсонлар мана шундай расво шароитда ойлаб яшашмоқда?..
Ажойиб инсон экан Рустам ака... У кишининг Ерқўрғонда Қаршининг уч минг йиллик тарихи мужассам эканлиги, юртимиз ҳудудидаги энг қадимий шаҳарсозлик анъаналари шу манзилда шакллангани ҳақидаги ғаройиб ҳикоялари бизни сеҳрлаб қўйди. Фотомухбиримиз билан у кишини соқол олишга, уриниб қолган кийимларини алмаштиришга аранг кўндириб, суратга олдик.
Сўнг Рустам ака бизни бир пиёла чойга таклиф этди. Алюминий кружкада термосдан чой қуйиб бериб, қотиб қолган буханка бурдаларига манзират қилди...
Шу пайт эшик очилиб... бизга қовун берган бояги фермер "Ассалому алайкум!", деб кириб келди. Ёнидаги ҳамроҳи каттагина қўйнинг гўштини бутунлигича кўтариб кириб, шалоғи чиққан стол устига қўйди. Сўнг мева-чева...
Рустам аканинг қовоғи уйилди.
- Ўзинг чиқиб кетасанми, чиқариб қўяйми? - дабдурустдан ғазаб билан ўдағайлади фермерга. - Мени сотиб ололмайсан...
- Ака, мен узр сўраб келдим, тавба қилдим, ака... - фермер қўлини кўксига қўйиб ялина кетди. - Барибир шунча ер бўш ётувди...
- Мен онасини оёқости қилган одамни кечирмайман, - Рустам ака шундай деди-да, яна стол устидаги нарсаларга ишора қилди. - Обчиқиб кетасанми, йўқми?
- Рустам ака... - фермер бир нарса дейишга чоғланганди, кекса олим столдаги гўштни оёғидан ушладию қулочкашлаб эшик томонга отди. Эшик шарақлаб очилиб, каттагина ширвознинг танаси тупроққа гурсиллаб тушди...
Чақирилмаган "меҳмон"лар кетганидан сўнг хонага оғир сукунат чўкди. Бу кутилмаган воқеага гувоҳ бўлганимиздан ўнғайсизланиб, биз ҳам кетишга шайландик. Бошларини чангаллаб ўтирган Рустам ака ниҳоят қаддини ростладию, ғазабнок тарзда деди:
- Ҳали жавобини беради… Бу Ерқўрғоннинг бир четини ҳайдатиб, молларига макка экибди... Кўмилиб ётган тарихимизнинг устига... Онасининг мозорини оёқости қилишдан нима фарқи бор бунинг?!
"Мени "йиқитган" "ғоя"
Мустақилликнинг илк йилларида "тест қалдирғочлари" бўлиб университетга киргандик. Очиғи, аввал ҳам, ҳозир ҳам "филфак"да йигит деганлари ҳамиша анқонинг уруғи. Бизда ҳам ҳар гуруҳда тўрт-беш йигит ўқирди, холос. Ўйлаб қарасам, бу ҳам жамиятимизда она тилимизнинг нуфузи йўқлиги билан боғлиқ экан. Негаки, маъзур тутишсину, "она тили ўқитувчиси" деган касб эркак киши учун оғизни тўлдириб мақтангулик касб бўлмаган. Шу боис ҳам курсдош йигитларнинг айримлари таҳсилдан кейин ўзим сингари журналистика, тадбиркорлик ва бошқа соҳаларга ўтиб кетишди...
Саксонинчи йилларда пойтахтда раисларнинг ўғли ўқийдиган, "руслит" отлиғ обрўли институтни битириб келиб, сўнг мактабда ва коллежда рус тилидан дарс берган акамнинг эса ҳамиша "ошиғи олчи" бўлди...
Бир оз чалғиб кетдим. Хуллас, бир танишим шундай ҳикоя қилади:
- Ўшанда талаба эдим. Мустақилликнинг дастлабки йиллари. Миллий ғоя ва мафкура фанидан домламиз мени имтиҳонда "йиқитди"... Ҳа, ошкора "йиқитди". Мақтансам ҳам курснинг олди талабаларидан эдим, саволларининг барчасига тўлиқ жавоб бердим, дарсларга тўлиқ қатнашганман, конспекту рефератлар, амалий машғулоту семинар дафтарлари... ҳаммаси "ўқланган милтиқдай".
Хуллас, "йиқитгунича" домланинг ўзи ҳам қилдан қийиқ ахтаравериб, роса терлаб кетди. Тушдан кейин ёнимда гумашталари ҳозир бўлди. Шундагина ўзим тахмин қилган муддао ойдинлашди - шунча "ҳарбу зарб"дан мақсад - уч юз сўм пул экан (бу пулга ўша пайтда йигирмата нон берарди...).
Аввал қайсарлик қилиб бермай туриб олдим. Фаррош онамнинг моянасидан келган пулларим ҳафтанинг якунига етмасди. Охири таҳдид кучаявергач, "тешиб чиқсин" дедиму гумашталарга боримни тутқазиб юбордим. Кейин... Ижарахонамда уч кун оч қолиб кетдим. Ётоқхонада яшайдиган курсдошларимдан қарз олсамми, деб борсам, улар ҳам ўша домлага "имтиҳон" топширишган экан, нонга ҳам пули қолмабди.
Сўзда не айб, дейману... Ўшандан бери бу фаннинг номида зикр этилмиш иборани жиним суймайди. Эскини қўмсаяпти демангу, гарчи улғайиб, асл моҳиятини кейин англаган бўлсам-да, болалигимда маҳлиё бўлганим октябряту пионер ғоялари ҳам бундан оҳанраболироқ эди. Ҳар ҳолда ўша атрибут ва кодексларда айтилган ахлоқ мавзуидаги гаплар ҳаётда менга асқатган бўлса асқатгандиру асло халал бермаган. Ҳеч бўлмаганида дружина советининг йиғилишида энг безори мактабдошимнинг бўйнидан пионернинг қизил галстуги ечиб олинганида у ўкириб йиғлагани эсимда...
Мен назариётчи эмасман, ўша конспектларимда ёзилган "ундайчикин" оҳанжамаларни кўп ҳам хушламайман. Ватанми - Ватан, халқми - халқ, мустақилликми - мустақиллик! Менимча, бу тушунчалар, бу муқаддас туйғулар баландпарвоз маърузалар эмас, ибратлар, ўрнаклар, намуналар, амалий ишлар орқали сингдирилиши керак!
Асло "домланинг айтганини қил..." қабилида эмас...
"Тамал тоши"ни қачон янгилаймиз?
Энди юқорида ҳикоя қилганим воқеаларга келсак...
Тилимизга бўлаётган хуружлар ҳақида эшитиб, дафъатан шуларни эсладим.
Нега дейсизми?
Негаки, бугун ҳам елка қисиб, қунишиб ўтираверсак, таҳририятдаги ўша ўрис опамизга ўхшаб ўз юртимизда ҳам "миллатчи"га чиқараверишади...
Қани, Сулаймоновдай фидойиларимиз - тарихини, ўзлигини, қадриятини онасидай улуғлайдиган... Ахир бу юртда Тил масалаларига дахлдор бутун бошли департамент ташкил этилди, вазирлару ҳокимларга тил бўйича маслаҳатчилар тайинланди, янги олий даргоҳлар очиб қўйдик. Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига қўшилди... Бироқ олисдан туриб, тилимизга тош отаётганларга нега муносиб жавоб қайтара олмаймиз?
Боламиз ҳамонки оддийгина аризани ҳам "лотин"у "кирилл"у ва "чат"ларда кашф қилинган сунъий "алифбо"да ёзаётган экан, ундан нимани кутамиз? Тилимизнинг тушовлари ечиладими бу аҳволда?
Минг надоматлар бўлсинки, танишим айтганидай биз улуғлаган "миллий ғоя" гарчанд қанчалик улуғвор бўлмасин, қуруқ гап бўлиб қолавердими, кўнглимизга, онгу шууримизга сингмади. Тунов куни "ағанаб" кетган сув омборимиздай мўрт экани аён бўлди-қолди (шамолу тўфонни айблашдан кимга наф энди?). Халқим деган айримлар ҳалқумини ўйлайверди. Пора олган баъзи мансабдорлар жазони ўтар-ўтамас, яна шу жирканч ишга қўл ураверди. Қамоқдан қайтган жиноятчи элга ош бериб, курортдан келгандай керилди. Кўча-кўйдаги лавҳалару битикларни қўя туринг, давлатимизнинг асоси ҳисобланмиш қонунларимиз ва қонуности ҳужжатларимиз ҳалигача ўз тилимизда ёзилмаяпти. "Ўз тилимизда" бўлганини ҳам ҳатто олий маълумотли одамга-да "таржима" қилиб беришга тўғри келаяпти...
Мустақиллигимизнинг тамал тоши деб аталган қонунимиз ҳаётимизда деярли ҳеч нарсани ҳал қилмаётган экан, уни ўзгартиришга, тилимизни бало-қазолардан асрайдиган асл қалқонга айлантиришга жазм эта олмаётган эканмиз, бошқа улуғвор мақсадлар ҳақида қандай гапира оламиз?
Ҳамон қўл қовуштириб ўтирар эканмиз, киссамизда киссавурлар қўли ғимирлайвермайдими?
Нуриддин ЭГАМОВ,
Қарши давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси ўқитувчиси