Меню

Қашқадарё

10.09.2018 1660

72 ЭҲТИЁЖМАНД ОИЛА УЙ-ЖОЙЛИ БЎЛДИ

Уй-жойга муҳтож кишиларга давлатимиз томонидан ёрдам қўли чўзилаётганини эшитиб, бу оила ҳам маҳаллий ҳокимликка мурожаат этганди. Ишчи гуруҳи томонидан ўрганилгач, ҳақиқатан ҳам бу оилага муқим яшаш жойи кераклиги аниқланди. Мавжуд ҳолатлар эътиборга олиниб, уларга Қарши шаҳри Шайхали маҳалласи ҳудудида қуриб битказилган кўп қаватли уйнинг хонадонларидан бири бериладиган бўлди. Вилоят мусиқали драма театри олдида ўтказилган тантанали тадбирда 72 оила қаторида Мадҳия Тоҳирова ҳам янги хонадон калитини вилоят ҳокимининг қўлидан олди. Турмуш ўртоғига армон бўлган уйга у ва фарзанди етишди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини кучли ҳимоялаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган шахсларга амалий ёрдам кўрсатиш, жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш, уларга меҳр улашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган шу қисқа даврда ҳам қанчадан-қанча муҳтож оила уй-жой билан таъминланди, ногиронлиги бўлган шахсларга махсус аравачалар, эшитиш мосламалари, қўлтиқтаёқ ва бошқа зарур жиҳозлар берилди, ишсиз юрган хотин-қизлар фойдали машғулот билан банд этилди. Ушбу эзгу анъана давомийлик касб этиб, вилоятимизда ҳам бу борада катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда.

- Аҳоли хонадонларига бориб ўтказилган ўрганишлар, улардан келиб тушган мурожаатлар асосида махсус жиҳозларга, уй-жойга эҳтиёжи бўлган фуқаролар рўйхати шакллантирилди, - дейди вилоят ҳокимлиги котибияти бош мутахассиси Шоҳиста Бегимқулова. – Уларнинг барчаси мазкур тадбирга таклиф этилди. Тантанали маросимда 30 нафар ногиронлиги бор шахсга махсус аравача берилди, 72 оилага эса янги хонадонларнинг калитлари ва махсус сертификатлар топширилди. Бундан ташқари, айни пайтда ишсиз қолган, меҳнатга лаёқатли аёллар замонавий тикув машиналари билан таъминланди. Уларни касаначилик асосида иш билан банд этиш, доимий даромад манбаи яратиб бериш кўзда тутилган. Албатта, бу каби эзгу ишлар аҳолининг давлатдан рози бўлишига, эртанги кунга ишончи ортишига хизмат қилади.

Албатта, ўз уйинг, бошингда бошпананг бўлмаслиги бу ҳаётда ўзингни тўла бахтиёр ҳис этишга йўл бермайди. Муқим яшаш жойи йўқ кишининг кўнглида хотиржамлик, юриш-туришида ҳаловат бўлмайди. Қарши шаҳрилик Раъно Ўлжаева ҳам турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан  кичик бир уйнинг бир хонасида тиқилинчда яшаб келган. Бу уйда улардан ташқари яна 4 хўжалик истиқомат қилган. Эри эса уй солишга қодир бўлмаган. Фуқаронинг 2-гуруҳ ногирони экани, оиланинг топиш-тутиши ўзига ярашалиги ҳисобга олиниб, уларга янги кўпқаватли уйдан 2 хонали квартира совға қилинди. Барча қулайликларни мужассам этган ушбу хонадонда яшашдан оила аъзолари беҳад хурсанд.

- Илгари соғлом эдим, иш жойим бор эди, қурувчи бўлиб меҳнат қилардим, - дейди шундай хонадонлардан бирининг соҳиби, 1-гуруҳ ногирони Ўткир Ботиров. – 7 йил муқаддам бир фалокат юз бердию, оёқларим буткул ҳаракатдан қолди. Рўзғорнинг тутуми ҳам издан чиқди. Унинг устига ташландиқ бир жойда, шаҳар четидаги баракда оила билан кун кечиришга маҳкум эдик. Оғир шароитларда яшадик. Бундан 3-4 йил олдин биров уй беради, деса ишонмасдик. Бугун бу ҳақиқатга айланди. Оҳу-зоримиз бекор кетмади. Барча шароит муҳайё. Алоҳида ошхонаси, ювиниш хонаси бор. Бир хонани ётоқхона қилсак, бошқасида меҳмон кутамиз. Жуда бахтиёрман. Ўғил-қизимни шу ерда вояга кетказиб, тўйлар қилмоқчиман. Биздан ўз меҳр-мурувватини аямагани учун барчадан миннатдорман.

Айтиш жоизки, Қарши шаҳри Шайхали маҳалласида жойлашган эски кўп қаватли бино анча вақтдан бери фойдаланилмасдан ётарди. Маҳаллий ҳокимлик бюджетидан 4 миллиард 600 миллион сўм маблағ ажратилиб, ушбу бинода капитал қурилиш ишлари амалга оширилди. Қарши шаҳридаги “Қурилиш таъмирлаш” хусусий корхонаси қурувчилари жонбозлиги билан уй қисқа фурсатда қуриб фойдаланишга топширилди. 72 хонадонни ўз ичига олган уйда 2 ва 1 хонали хонадонлар мавжуд. Мутасаддиларнинг маълум қилишича, мазкур кўп қаватли уй ёнида турган эски бинодан ҳам кейинчалик самарали фойдаланиш мақсад қилинган. Унинг негизида тикувчилик цехи ташкил этилади. Ушбу цехда эса янги уйда яшовчи хотин-қизлар меҳнат фаолияти билан банд бўлади. Шунингдек, шу атрофдан ер ажратиб, мўъжаз иссиқхона барпо этиш кўзда тутилган. Унинг ишчилари ҳам янги хонадонлар вакиллари бўлади.

Тадбир баҳонасида концерт дастури ҳам намойиш этилди. Воҳамиз санъаткорлари ўзларининг дилтортар куй-қўшиқлари ва рақслари билан тадбир иштирокчиларига хуш кайфият улашди.

Тантанали маросимда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев сўзга чиқди.

М.ШУҲРАТОВ

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Собир Нарзиев олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!