Меню

Қашқадарё

11.01.2018 1842

КУТИЛМАГАН ДИЙДОР ҲАЯЖОНЛИ БЎЛДИ

Вилоят ҳокимлиги, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорликда ташкил этган тадбирда ҳарбий хизматни ўташ чоғида ҳалок бўлган Ватан ҳимоячиларининг оналари, турмуш ўртоқлари ҳамда ҳозирги вақтда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларнинг яқинлари, ҳарбийлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар иштирок этди. 

Бир вақтлар юртимиз тинчлигига рахна солмоқчи бўлган ғаламис тўдаларга қарши ҳарбий операцияларда қатнашиб, Ватан ҳимояси йўлида жон фидо этган ҳамда ҳарбий хизматни ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оналари, яқинлари даврага таклиф этилиб, уларга эҳтиром кўрсатилди, совға-саломлар улашилди.

- Ўғлим Отабекжон Муҳаммадиев ёшлигидан Ватан посбони бўлишга интиларди, - дейди Китоб туманилик Тошбиби Жўраева. – У бу орзусига эришиб, Ватан ҳимоячиси деган юксак номга сазовор бўлди. 2000 йилда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида юртимиз ҳудудига бостириб кирмоқчи бўлган ғаламислар билан бўлган жангда мардонавор курашиб, ҳалок бўлди. Ўғлим ҳали ёш эди, орзу-умидлари олдинда эди. Аммо у ўз ҳаётидаги энг буюк ишни бажариб кетди. Отабекжон, у каби йигитларнинг мардлиги туфайли ўша ғаламислар манфур ниятларига ета олмади. Юртимизнинг тинчлиги сақлаб қолинди. Бунинг учун мен ўғлимдан ҳамиша фахрланаман. Ўғлимнинг вафотидан сўнг ҳам уни ҳеч қачон унутмаган, ҳар доим ҳолимиздан хабар олиб, бизга далда бўлиб келаётган ҳукуматимиз вакиллари, барча инсонларга мингдан-минг раҳмат айтаман.

Дарҳақиқат, ўтган йиллар давомида Ватан посбонларига муносиб шарт-шароит яратиб бериш, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоялаш борасида тизимли ишлар амалга оширилди. Натижада ҳарбий хизматнинг мақоми юксалиб, фуқароларнинг бу соҳага бўлган қизиқиши янада ошди. Фарзанди муддатли ҳарбий хизматни ўташи ота-она учун ҳам, яқинлари учун ҳам фахр ва ифтихор манбаига айланди.

Тадбир давом этаётган бир пайтда залга Жиззах вилоятида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган бир гуруҳ қашқадарёлик йигитларнинг қўлида гул кўтариб кириб келиши аскар оналари учун кутилмаган совға бўлди. Бу учрашувдан қалби севинч ва ҳаяжонга тўлиб-тошган оналар ўз фарзандлари томон талпинди. Аскарларга тадбир ташкилотчилари томонидан ташаккурномалар, эсдалик совғалари топширилди.

- Аскар ўғилнинг онасиман, - дейди Косон тумани Дарча қишлоғилик Матлуба Бердиева. – Фарруҳжон Нодиров учинчи ўғлим. Бугун ўғлим билан дийдорлашиш хаёлимда ҳам йўқ эди. Унга ҳарбий либос жуда ярашибди. Буни кўриб, севинч ёшларимни тия олмадим. Шу лаҳзаларда ўғлимнинг Ватан ҳимоячиси эканидан ич-ичимдан қувондим. Биз, оналарга кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиздан, Президентимиздан миннатдорман. 

Санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар барчага байрамона кайфият бағишлади.

Ж.БОЙМУРОДОВ

* * *

Суратда: тадбирдан лавҳа.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!