Меню

Қашқадарё

05.02.2021 1509

КУСТО, ХОНТЕПА ВА ХЎЖАКЎРСИНЛИК...

Фотонигоҳ

Машҳур денгизчи Жак Ив Кусто ҳақида эшитмаган бўлишингиз мумкин эмас. Шу капитан кўплаб табиат мўъжизаларига дуч келган. Улардан бири - Атлантика океани билан Ўрта ер денгизи туташган жойдаги сувнинг ҳолати билан боғлиқ. Океан ва денгиз Гибралтар бўғозида бирлашаркану, таркиби деярли фарқсиздай сувлари эса бир-бирига умуман аралашиб кетмас, яъни ҳавзалар туташган нуқтада бир "парда" денгиз ва океан сувини ажратиб турар экан.

Яқинда Қарши шаҳридаги Насаф кўчасидан Хонтепа маҳалласига кириб борарканмиз, йўлнинг сифати ўша  машҳур Кустонинг кашфиётларини ёдга солиб юборди. Гап шундаки, кўчанинг бошидан то кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларга ихтисослаштирилган 18-махсус мактаб-интернатгача бўлган йўл ойнадай теп-текис, автомобиль бирор жойда тебранмайди ҳатто, аммо мактаб-интернат ҳудуди тугар-тугамас шунақанги ўнқир-чўнқирларга дуч келасизки, унча-мунча ҳайдовчию йўловчининг "ичини тўкиб юборади".

Ўз-ўзидан савол туғилади: хўш, йўлсозлар нега айнан шу ергача асфальт қилдию, йўл битта бўлса-да, нега унинг равон ва ўйдим-чуқур қисмлари ўртасида ўзига хос "парда" пайдо бўлди?

 

Ўйлаб кўрсак, бунинг ҳаммаси шу йилнинг 27 январь куни Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева ва бир қатор масъулларнинг вилоятимизга ташрифи билан боғлиқ экан.

Яъни ташриф доирасида меҳмонларнинг 18-махсус мактаб-интернатда бўлиши ҳисобга олиниб, мутасаддилар то шу муассасагача бўлган йўлни бутунлай янгилаб, ойнадай ялтиллатиб, мактаб-интернат олдидаги машиналар қўйиладиган жойларга чизиқ тортишибдию, ундан сал наридаги йўл эски ҳолича қолиб кетаверибди. Чунки ундан нариёғига нуфузли меҳмонлар ўтмаслиги аниқ-да.

Хўжакўрсинга ишлашни қачон йиғиштирамиз экан-а? Қилаётган ишларимиздан мақсад одамларга қулайлик яратишми, ё кимларгадир яхши кўриниш, аслида ёмон ҳолатни ижобий кўрсатишми? Ҳозирча иккинчи тусмолимиз тўғрига ўхшаб турибди...

НАСРИДДИН

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!