Меню

Қашқадарё

30.10.2018 2465

КУРКА БИР ШИРВОЗГА ТЕНГ ГЎШТ ҚИЛАДИМИ?

Шу ўринда улардан қай бири фойдалилиги жиҳатидан устунроқ экани хусусида баҳслашиш жоиз эмас. Чунки ҳар бири ўзига хос афзаллиги билан ажралиб туради.

Аммо маълум даражада бирининг ўрнини бошқаси билан босиш, харидорга мақбулини таклиф этиш имкони мавжуд. Шу нарса аниқки, айни пайтда кўпчилик севиб истеъмол қиладиган гўштга эҳтиёж йилдан-йилга ўсаяпти. Бу аҳоли сони, моддий фаровонлиги ошиб бораётгани билан ҳам боғлиқ. Мазкур неъмат мўл, шу билан бирга, арзон бўлишини таъминлаш эса асосий масаладир. Кўзланган мақсадга қандай эришиш мумкин? Шубҳасиз, барча соҳалар имкониятидан самарали фойдаланиб.

Айтайлик, муқобил ечим сифатида куркачилик тармоғини олиб қарасак. Муҳими, бу фаолият халқимизга у қадар нотаниш эмас. Ўз хонадонида курка боқиб, тухум ва парҳез гўшт етиштириб келаётган оилалар ҳозир ҳам кўп. Бироқ вилоятимизда куркачилик йирик ишлаб чиқариш даражасида товуқчилик ва беданачиликдек кенг  оммалашмаган. Бор қувватлар билан эса маҳсулдорлик борасида мақтаниб бўлмайди. Хўш, бунга сабаб нима? Тармоқдан юқори манфаатдорлик кутиш қийинми?

- 10 йил аввал куркачиликни йўлга қўйганимизда биз ҳам шундай ўйлай бошалагандик, - дейди Қамаши туманидаги “Иқболхоним паррандаси” фермер хўжалиги раҳбари Салим Нормуродов. – Вақт ўтиб кўрдикки, бу фикр бутунлай нотўғри экан. Оддий хомчўтга солсак. Уч макиёнга 15 тадан тухум ташлаб, жўжа очирамиз. Майли, 30 таси ўлмай қолсин. Гўштга сўйишга тайёр бир курканинг бозор нархи ҳозир 70-80 минг сўм атрофида. 10 таси еган-ичган харажатини қопласа, қолгани фойдага-да. Мана, куркачиликни хўжалигимизнинг етакчи тармоғига айлантиришга ундаган нарса. Тўғри, самарасини узоқ кутиш керак. Негаки курка, жўжалигидан 6-7 ой боқилсагина,  зарур вазн тўплайди. Аввалига очиқ майдонда ўтлатиб боқилади. Кейин бир ой “бўрдоқи”га ташланади. Хуллас, иши бироз инжиқ. Шунга қарамасдан, яхши даромад келтиради. Шу йилда ҳам 30 миллион сўмга яқин соф фойда олишни кўзлаб турибмиз.

Ишбилармоннинг сўзларига кўра, жўжа етиштириш ҳам хўжаликнинг ўзида амалга оширилади. Бунинг учун инкубация цехи ташкил этилган. Бир мартада 800-1000 тагача тухумдан жўжа очирилади. Бу йил давомида йиғиб олинадиган тухум шундан умуман ортмайди, дегани. Фермер куркани асосан гўшти учун парваришлайди. Парранда 2-4 килограмм вазн қилгунча сақланади. Йил бошидан шу вақтга қадар аҳолига 2 тоннадан зиёд парҳез гўшт етказиб берилган.  Яна 1100 бош курка сўйиш учун тайёрланмоқда. Тадбиркор сўнгги вақтда гўштдан ҳам кўра жўжага талаб юқори эканини айтади. Харидорларга 6 минг жўжа сотилгани бунинг тасдиғидир.

Тан олиш керак, 3-4 килограмм гўшт ишлаб чиқариш учун ярим йил жуда кўп. Маҳаллий зотга мансуб куркалардан бундан ортиғига умид қилиш ярамайди аслида. Дунё тажрибасидан маълум бўлишича, гўшт йўналишида курканинг юқори маҳсулдорликка эга зотлари ҳам яратилган. Ушбу наслдор қушлар нисбатан қисқа муддатда етилади. Аҳамиятлиси, маҳаллий тадбиркорлар юртимизда шундай куркаларни саноат усулида парваришлашни ташкил этишга эътибор қаратишмоқда. Бултур воҳамизда илк бор шу йўналишда иш бошланганди. Мазкур истиқболли лойиҳа эса яқинда муваффақиятли рўёбга чиқарилди.

Гап шундаки, Қамаши туманидаги “Азза парранда сервис” масъулияти чекланган жамияти томонидан замонавий куркачилик мажмуаси барпо этилди. Шу мақсадда тадбиркорлик субъектига зарур бино-иншоотларни қуриш, озуқа базасини яратиш учун туман ҳудудидан 300 гектардан ошиқ ер ажратиб берилган. Лойиҳа қиймати 29 миллиард сўмни ташкил этгани ҳам унинг қай даражада кўламдор эканини англатиб турибди. 70 нафар кишини меҳнат билан банд қилган паррандачилик фабрикаси бир ой илгари ишга туширилди.

- Германиядан 40 минг дона тухум олиб келиб, инкубаторларда очирдик, - дейди фабрика технологи Сайфиддин Нажмиддинов. – Ушбу наслдор курка зоти “Хайбрид конвертер” деб аталади. Ўз номидан ҳам маълумки, гибрид парранда. Нега уни танладик? Боиси, ҳар қандай иқлим шароитига тез мослашади. Касалликларга чалиниш эҳтимоли эса жуда паст. Анча тез вазн тўплайди. Одатда модаси 13-14 килограммгача, хўрози 20-22 килограммгача тош босади. Баъзан тирик вазни 30 килогача етиши мумкин. Бунинг учун эса 130-140 кун кифоя қилади. Асосийси, сифатли гўшт беради. Табиийки, мол гўштидан анча арзон бўлади. Бу мамлакатимиз паррандачилик саноатидаги янгилик десак хато қилмайман.

Мутахассиснинг фикрича, куркаларнинг қарови қийин эмас. Фақат ривожланиши учун мақбул шароит яратиб берилса бўлгани. Ўсиш даврига қараб муайян рацион асосида озиқлантириб борилади. Мажмуани қуриш жараёнида ҳам барча талаблар эътиборга олинган. Куркалар парвариши уч босқичда амалга оширилади. Шу мақсадда тузилиши ва жиҳозланиши жиҳатидан бир-биридан фарқ қилувчи 3 хил куркахона ташкил этилган. Бири жўжалар парваришига ихтисослашган. Маълум муддат ўтиб, улар бошқа куркахонага кўчирилади. Охирги   босқич эса семиртириш учун махсус режимда боқишни кўзда тутади. Ҳар бир блок иситиш ва вентиляция тизими билан жиҳозланган.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, мазкур наслдор куркаларни маҳсулдорлиги боис туяқушларга менгзашади. Ушбу гибрид чиройли товар кўринишига эга бўлгани учун ҳам бошқа қушлардан ажралиб туради. “Хайбрид конвертер” канадалик селекционерлар меҳнати маҳсулидир.  Ташқи кўринишидан ўлчами йирик бўлишига қарамасдан, умумий массасининг 85 фоизини гўшт ташкил этади. Жўжалари яшовчанлиги бўйича ҳам юқори кўрсаткич (85-87 фоиз)га эга.

Сайфиддин Нажмиддиновнинг айтишича, келгуси йил январь ойига бориб боқилаётган куркалар суйишга тайёр бўлади. Ушбу жараённи бир йилда 3 циклга етказиш мақсад қилинган. Шунда фабрика истеъмол бозорини 2 минг тоннадан зиёд парҳез гўшт билан таъминлаш имконига эга бўлади. Шубҳасиз, бу  кичик рақам эмас. Маҳсулот тўлиғича ички бозорга йўналтирилади. Мана, куркачиликни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар қандай натижадорлик касб этади?! Бу аҳолининг арзон ва парҳезбоп гўштга бўлган талаби баҳоли қудрат қопланишига хизмат қилиши турган гап.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!