Меню
Қашқадарё
КУН ТАРТИБИДА: ХОТИН-ҚИЗЛАР МАСАЛАСИ
Маълумотларга кўра, вилоят аҳолисининг 49,6 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, касбга йўналтириш, бандлигини таъминлаш ҳар доим диққат марказида турибди. “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида оилаларга ижтимоий, ҳуқуқий, моддий ва маънавий кўмак бериш, хотин-қизлар учун муносиб иш ўринлари яратиш ва уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш борасидаги ишлар кўлами янада кенгайди. Айниқса, чекка қишлоқлардаги хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Йиғилишда вилоят ҳокими ўринбосари Ғайрат Жовлиев, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходими, ишчи гуруҳ раҳбари Нодир Дўстматов, Меҳнат вазирлиги қошидаги илмий марказ ходими Шуҳрат Қаршиев, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси мутахассиси Зокир Усмонов, Ўзбекистон Республика Марказий банк департаменти ўринбосари Саидазим Абдираҳмонов сўзга чиқиб, ана шулар ва ҳудудда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида эришилган ютуқ ва камчиликлар, қилиниши лозим бўлган ишлар ҳақида атрофида тўхталишди.
Таъкидланганидек, вилоятда хотин-қизлар учун жорий йилнинг январь-март ойларида 3518 та иш ўрни яратиш белгиланган бўлиб, амалда 3873 та иш ўрни ташкил этилди. Ўтган уч ойда 498 нафар тадбиркор хотин-қизга тижорат банклари томонидан жами 18 миллиард 920 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратилиши натижасида 373 та янги иш ўрни яратилди.
2015-2016 ўқув йилида вилоятдаги касб-ҳунар коллежларини 47655 нафар ўқувчи тамомлаши кутилаётган бўлса, уларнинг 23111 нафарини қизлар ташкил этади. Битирувчи қизларнинг барчаси билан тўрт томонлама шартномалар тузилиб, улар вилоятдаги 17432 та корхонага биркитилган.
Йиғилишда Шаҳрисабз, Касби ва Қарши туманларида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар танқидий муҳокама этилди.
Шоҳиста БОЗОРОВА.