Меню

Қашқадарё

17.07.2018 2289

КУЙЛАЙМАН ВАТАН МАДҲИН

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, Ватан ҳақида қўшиқ яратиш, уни авж пардаларда тараннум этиш бастакор, хонандадан юксак масъулият, маҳорат, профессионал ёндашувни талаб этади. Мустақиллигимизнинг 27 йиллигига бағишлаб ташкил этилган мазкур кўрик-танлов ҳам жонажон юртимизни улуғловчи юксак савияли мусиқий асарлар яратилишини қўллаб-қувватлаш, уларни тингловчиларга тақдим этишдек мақсадларни кўзлагани билан аҳамиятлидир. 

Президентимизнинг 2018 йил 28 июндаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ жорий йилда мазкур танлов “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” деб номланган эзгу шиор остида бўлиб ўтмоқда. Шунга монанд, юртимизнинг тинчлиги ва тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, фарзандлар камолоти учун ҳар биримиз фидойи бўлмоғимиз зарурлиги танловга тақдим этилган мусиқий асарларнинг бош мазмунини ташкил этди. Серқуёш диёримизни, унинг мафтункор табиати, меҳридарё халқи, шижоатли ёшларини мадҳ этувчи қўшиқлар янгради.

Иштирокчиларнинг чиқишлари саҳна маданияти, санъаткор одоби, мусиқий асарнинг сифати ва савияси, ижро маҳорати каби мезонлар асосида баҳоланди.

Мазкур мезонлар бўйича энг яхшилар сифатида эътироф этилган Китоб туманилик Аброр Фазлиддинов 1-ўринни қўлга киритди. Шаҳрисабз шаҳри вакили Дилшод Бобомуродов эса 2-ўринни, касбилик ёш ижрочи Абдуқаҳҳор Давронов 3-ўринни эгаллади. Ҳар учала ўрин соҳиблари эндиликда танловнинг республика босқичида вилоятимиз номидан иштирок этади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: кўрик-танловдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!