Меню

Қашқадарё

24.01.2020 1801

КУЧЛИ МЎМИН КУЧСИЗ МЎМИНДАН ЯХШИРОҚ ВА МАҲБУБРОҚДИР

Ёшлар ва давр

Динимиз тарихига назар солсак, шунга амин бўламизки, соғлом идрок, ҳақиқат ва ғоялар сохта ғоялар устидан ҳамиша ғалаба қозониб келган. Улуғ  бобокалонимиз Абу Мансур Мотуридийнинг "Китоб ат-тавҳид" асарида сохта таълимотларга эргашишнинг олдини олишда ишончли далиллар келтирилиб, бу йўлдаги барча хатоликлар сабаби аниқ кўрсатиб берилади: "Бу кўр-кўрона тақлид бўлиб, у жуда кенг тарқалган иллатдир, яъни бунда жуда кўпчилик бирон-бир маънавий ёки диний йўлбошчига, унинг фикрлари мазмун-моҳиятини тушунмаган ҳолда қўшилишга енгиб бўлмас мойиллик билдиради. Мана шу сабаб натижаси ўлароқ, ҳар бир фирқа ва ҳар бир йўналиш шу пайтга қадар ўз тарафдорларига эга бўлиб келмоқда. Бу мухлислар қачондир қабул қилинган сохта таълимотга садоқатда қатъийлик намойиш     этмоқдалар ва яна ўзларини ҳақиқатнинг ягона эгалари ҳисобламоқдалар", деган фикрлари бугунги диний экстремистик гуруҳларга айтилгандек сезилади. Мотуридий бобомиз ўша даврдаги ислом ичидаги сохта оқим ва фирқаларнинг ҳақиқий моҳиятини очиб берган. 

Аждодларимиз инсон хулқида юксак фазилатлар шаклланишига ундовчи ички бир туртки, маънавий интилиш бўлмас экан, у асло камолотга эриша олмайди, деб билганлар. Шундай зотлардан бири Абдурауф Фитрат фарзандни тўлақонли камол топтириш масаласида кенг билим соҳиби бўлган. Фитрат тарбияни уч қисмга бўлган: бадан, ақл тарбияси ва ахлоқий тарбия.

Аллома ёш авлод тарбияси хусусида қалам тебратар экан, ҳаётни кураш майдонига ўхшатиб, "Бу жанггоҳда ўзида тансиҳатлик, соғлом фикр ва яхши ахлоқни мужассамлаштирган инсонлар ғолибликка эришади", дейди. Унинг фикрича, фарзандининг бахтли бўлишини истаган ота-она уни мустақил ҳаётга тайёрлашда учта аслаҳа билан қуроллантириб қўйиши керак. Фитрат бадан соғлиги билан ақл такомиллашуви ўртасида узвий боғлиқлик бор деб ҳисоблайди. Зеро, соғлом ва ақли расо инсон, шубҳасиз касалманд ва ақли ноқис одамга нисбатан ўз юрти тараққиётига кўпроқ ҳисса қўшади. Бу ҳақда ҳазрат Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кучли мўмин киши Аллоҳ ҳузурида кучсиз мўминдан яхшироқ ва маҳбуброқдир", деганлар (Имом Муслим ривояти).

Абдурауф Фитратнинг мана бу фикрларига ҳар биримиз, айниқса, энди ҳаётга кириб келаётган ўғил-қизларимиз амал қилишлари  бугун янада долзарб аҳамият касб этмоқда: "Халқнинг аниқ мақсад сари ҳаракат қилиши, давлатманд бўлиши, бахтли бўлиб иззат-ҳурмат топиши, жаҳонгир бўлиши ёки заиф бўлиб хорликка тушиши, бахтсизлик юкини тортиши, эътибордан қолиб, ўзгаларга тобе ва қул, асир бўлиши уларнинг ўз ота-оналаридан болаликда олган тарбияларига боғлиқ".

Онгни заҳарлашга қаратилган экстремистик ва террористик ғояларнинг олдини оладиган миллий қадриятларимиз таркибий қисми бўлган инсонпарварлик, тинчликсеварлик, маърифатпарварлик асосида қурилган миллий ва диний қадриятимиз бўлган ислом арконлари ўғил-қизларимизга тушунтириб борилса, ёшлар ҳар қандай диний ниқобдаги ғоялар, уларнинг маккорона, ғаразли ва жирканч ниятларига берилмаслиги мумкин.

Буюк муҳаддис Имом ал-Бухорий: "Нажот фақат илмдадур" деб бежиз айтмаган. Чунки билимсизлик - жаҳолатдан, жаҳолат эса такаббурлик, мутелик ва бузғунчиликдан келиб чиқади.

Ҳа, шубҳасиз барчамиз ўз ҳаётимизнинг машаққатли чўққиларини забт этишда аждодларимизнинг буюк тажрибаларига ва айни тажриба асосида айтилган ибратли сўзлари ва кўрсатмаларига суянишимиз лозим.

Р.УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, вилоят бош имом-хатиби

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!