Меню
Қашқадарё
КУЧЛИ ИЖТИМОИЙ СИЁСАТ - ХАЛҚ ФАРОВОНЛИГИ КАФОЛАТИ
"Адолат" СДПнинг "Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари!" деб номланган янги Сайловолди дастурида келгуси беш йилликда партия олдида турган устувор вазифа сифатида жамиятда ижтимоий адолат тамойилини қарор топтириш белгиланган.
Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси ушбу мақсадни амалга ошириш учун ўз дастурида аҳоли ўртасида кескин табақаланишнинг олдини олиш, бунинг учун ташкилий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа чораларни кўриш лозим деб ҳисоблайди. Қолаверса, партия аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг энг муҳим йўналиши бўлган фуқароларнинг уй-жойли бўлишга оид конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратган.
Маълумки, сўнгги йилларда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш орқали даромади юқори бўлмаган ҳамда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва бошқа аҳоли қатламларига кўмаклашиш ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашда манзиллилик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган бир қатор самарали механизмлар жорий қилинди.
Хусусан, субсидиялар учун ажратилган маблағларни ўзлаштириш жараёнини тезлаштириш мақсадида субсидия хабарномасининг муддати 12 ойдан 4 ойгача қисқартирилди. Шу билан бирга, субсидияни ўз вақтида ишлатмаган шахслар учун субсидия олиш учун қайта мурожаат қилиш ҳуқуқи сақланиб қолди.
Аммо ушбу жараёнларда тадбиркорларнинг субсидия асосида уй сотиши билан боғлиқ жараёнлардаги бюрократик тўсиқлар ҳамда рақамлаштириш жараёнларининг кенг қўлланилмаслиги айрим ҳолатларда тадбиркорларни ўзлари қурган уйларни субсидия асосида сотишдан чекламоқда.
Биз субсидияларни фақатгина давлат ҳисобидан эмас, балки қурилиш компанияларини ҳам бу жараёнга жалб қилган ҳолда амалга оширишни таклиф этмоқдамиз. Хусусан, субсидия асосида уй-жой қуриш ва сотишни йўлга қўйган тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш, солиқ имтиёзлари бериш, ер майдонлари ажратишда устуворлик бериш каби механизмлар орқали бунга эришиш мумкин.
Шу боис, партия келгуси беш йилликда субсидияларни ҳақиқатда муҳтож бўлган фуқароларга ўзлари танлаган ҳудуддан уй-жой қуриш ва сотиб олиш учун имтиёзлар ажратиш тизимини такомиллаштириш, бунда субсидия асосида уй сотган тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббусларни илгари суради.
Ижтимоий объектлар фақат халқники бўлиши керак
Партиянинг 2025-2029 йилларга мўлжалланган янги Сайловолди дастурида жамиятда ижтимоий адолат тамойилини қарор топтиришга қаратилган ижтимоий йўналишдаги ташаббуслар акс эттирилган. Шу билан бирга, дастурда бошланган халқчил ислоҳотларни узвий давом эттириш, бугунги глобаллашув жараёнларидан келиб чиққан ҳолда ҳам вазифа ва мақсадлар белгиланган.
Таҳлилларга кўра, ҳозирги кунга қадар республика бўйича 184 та истироҳат боғида дарахтзорлар ҳудудлари камайтирилиб, 944 та бино-иншоот қурилган, 18 та истироҳат боғида 91 та ноқонуний қурилма мавжуд эканлиги аниқланган, 98 тасида 1248 та аттракцион ноқонуний ўрнатилгани кузатилган.
Қолаверса, истироҳат боғларининг ерларини маҳаллий ҳокимият захирасига олиш ва кейинчалик хусусийлаштириш ёки бегоналаштириш амалиёти кенгайиб бормоқда, натижада янгидан қайта-қайта кадастр ҳужжатини тузиш орқали боғлар ҳудуди қисқариб кетмоқда.
Шу боис, партия дастурида истироҳат боғлари, болалар оромгоҳлари, сайилгоҳлар, таълим ва тиббиётга оид давлат объектлари ва уларнинг ҳудудларини сотиш, хусусийлаштириш ёки бегоналаштиришни тақиқлаш, бундай ҳаракатлар учун жавобгарлик белгилаш таклиф қилинган.
Олий таълим битирувчиларини кафолатланган биринчи иш жойи билан таъминлаймиз
Партия олий ва профессионал таълим ташкилотлари битирувчилари учун "Кафолатланган биринчи иш жойи" лойиҳасини амалга оширишни таклиф қилмоқда.
Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши олий таълим битирувчиларини ишга жойлаштиришга ихтисослашган ва барча учун қулай бўлган, бандликни таъминлаш бўйича аниқ тартиблар ва ҳуқуқий асосларга эга, талабалар жойлашиши мумкин бўлган бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар базаси (ягона платформа) яратиш мақсад қилинган. Бу айни вақтда иш берувчининг ёш кадрларга бўлган қизиқишини оширади. Энг муҳими, йигит-қизлар ўз иш жойларига эга бўлишини таъминлайди.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, жамиятда ижтимоий адолатни таъминлашда ёлланма ишчиларнинг иш берувчилар билан ўзаро муносабатларида қонунларга риоя қилинишини таъминлайдиган ва меҳнат можароларининг олдини оладиган самарали механизмларни жорий қилиш мақсадида Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси ёлланма ишчи фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, ёлланиб ишлаган даври уларнинг иш стажига қўшилишини белгилаш тартибини жорий қилишни таклиф этмоқда.
Таҳлилларга кўра, ҳозирда мамлакатимизда турли хил секторларда меҳнат қилаётган ишчиларнинг 60 фоизи ёлланма ишчилар ҳисобланади. Партия ташаббусини амалга ошириш орқали минглаб аҳолининг ижтимоий ҳимояси таъминланишига, қолаверса, солиқ тушумларида муайян иқтисодий ўсишга эришишга хизмат қилади.
Таълим соҳасидаги ислоҳотларни давом эттириш - "Адолат" учун устувор вазифа
Шубҳасиз, ижтимоий адолат тамойиллари устувор давлат барпо этишда, биринчи навбатда таълим, илм-фан ва инновациянинг аҳамияти жуда катта. Ижтимоий давлатга хос бундай ёндашув, яъни таълим соҳаси бўйича нормалар янгиланган Конституцияда қарийб 2 баробарга оширилди.
Шу боис, партия таълимга инвестиция - бу келажакка инвестиция, халқ фаровонлиги, давлатнинг рақобатдошлигини таъминловчи омил сифатида қарамоқда. Партия узлуксиз таълим тизимини мунтазам такомиллаштириш, сифатли таълим-тарбия бериш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш тарафдори. Бу борада таълимнинг ҳар қандай турида таълим муассасаларига қабул қилиш тартибини ишлаб чиқиш, айниқса, давлат мактабгача таълим ташкилотларига тарбияланувчиларни қабул қилиш тартибини қайта кўриб чиқиш, бу борада "очиқ онлайн рўйхат" ташкил этиш зарур, деб ҳисоблайди.
Шунингдек, мактабларда ўқитилаётган "Технология" фани ўқувчиларнинг келажаги учун ўта муҳим аҳамият касб этишидан келиб чиқиб, ушбу фанни ўқитишни замон талаблари асосида йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, сунъий интеллект асосида "ақлли мактаб" дастурини таълим тизимига жорий этишни таклиф этмоқда.
Халқ саломатлиги - улкан бойлик, фаровон турмуш гарови
Партиянинг тиббиёт соҳасидаги биринчи галдаги вазифа сифатида тиббиёт ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва уларнинг ҳуқуқларини кафолатлашни, шу билан бирга, олис ва чекка ҳудудлардаги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда тор соҳа мутахассислари фаолиятини йўлга қўйишни таклиф қилмоқда.
Жумладан, дастурда "ақлли тиббиёт" тизимини шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиб, тиббиёт соҳасига замонавий ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий этишни кенгайтириш ғояси илгари сурилаяпти.
Бундай самарали тиббий тизим ҳамда тиббиёт ходимларини қонун йўли билан ҳар томонлама ҳимоя қилиш жаҳоннинг қатор ривожланган давлатларида, жумладан, Германия, Франция, АҚШ ва Исроилда амалиётда кенг қўлланилмоқда.
Қолаверса, партия "ақлли тиббиёт" тизими билан бир қаторда "электрон поликлиника" ва "ягона электрон анкета" тизимларини йўлга қўйиш, тиббиёт даромад олиш манбаига айланиб қолмаслиги учун нодавлат тиббиёт ташкилотларини "тижорат ташкилоти"дан нотижорат ташкилотига ўтказиш тарафдори.
Бу эса келгусида мазкур тиббиёт ташкилотлари фаолиятини уларнинг молиявий хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда жамоатчилик назорати тартибида ўрганиш, даволаш-ташхис уларнинг даромад олиш манбаига айланиб қолмаслигини таъминлаш имконини беради.
Шунингдек, партия ўз дастурида фармацевтика соҳасини тартибга солиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни таклиф этар экан, бундай тизим энг биринчи галда фармацевтика ва тиббиёт ходимлари орасидаги яширин келишувларга ҳамда дорилар нархининг асоссиз оширилишига чек қўяди, деб ҳисоблайди.
Шу боис, партия фармацевтика ва тиббиёт ходимлари орасидаги яширин келишув ва ноқонуний мулоқот, фармацевтларнинг тиббиёт муассасаларига ғаразли ҳомийлигини тўлиқ тақиқлаш, бу каби ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгилаш тарафдори.
Шу билан бирга, партия дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг аҳолига арзон ва қулай бўлишини таъминлаш мақсадида дориларнинг ягона электрон базасини шакллантириш ва мамлакат бўйлаб яхлит электрон тизимни жорий қилиш ҳамда дори нархларининг сунъий оширилиши олдини олиш мақсадида хорижий тажриба асосида дори воситаларининг ҳаракатланиш занжирини кузатиш технологиясидан фойдаланишни йўлга қўймоқчи.
Сиз, азиз сайловчиларни сиёсий майдонда ўзини "сўл марказ" позициясида намоён этиб келаётган партиямиздан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туман ва шаҳар Кенгашларига кўрсатилган номзодларга, қолаверса, халқчил ҳамда ҳаётий ғоялари билан ўз ўрни ва обрўсига эга бўлган "Адолат" социал-демократик партияси учун овоз беришга чақириб қоламиз!
Муҳаммаджон ВАЛИЕВ,
Ойдин АБДУЛЛАЕВА,
"Адолат" СДП Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатган номзодлар