Меню
Қашқадарё
КУЧ-ҚУДРАТИМИЗ, ҒУРУР ВА ИФТИХОРИМИЗ ТИМСОЛИ
18 ноябрь - Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи тасдиқланган кун
Байроқ азалдан барча халқларда озодлик, ғурур-ифтихор тимсоли саналади. Соҳибқирон Амир Темур салтанатида ҳам туғни қўшиндаги энг ишончли баҳодирлар қўриқлаган, ғаним устидан ғалаба қозонишда мардлик кўрсатган амирлару сипоҳийларга махсус туғ ҳадя қилинган.
Ўзбекистон 70 йиллик истибдоддан сўнг мустақил йўлга қадам қўяркан, эрки тимсолини 1991 йил 18 ноябрда ўз байроғини тасдиқлаш билан кўрсатди. Бу кун алоҳида сана сифатида нишонланишининг ўзига хос сабаблари бор.
Истиқлолгача бўлган охирги йилларни эсга олсак, ўша пайтда халқимизга нисбатан адолатсизлик авжига чиққан, Гдлян ва Иванов бошчилигидаги терговчилар гуруҳи қанчадан-қанча бегуноҳ одамларни "порахўрлик", "қўшиб ёзиш", "кўзбўямачилик" деган сохта айбловлар билан қоралашни авж олдириб юборган эди. Оловга сепилган мой каби совет матбуотининг асосий нашрлари халқимизга нисбатан тинимсиз туҳмат ва маломатлар бўронини ёғдиришдан тўхтамасди.
Ана шундай шароитда минглаб одамларга нисбатан адолатни, уларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш, ўзларини, оиласини туҳматлардан халос қилиш бўйича, жаҳон минбарларидан туриб халқимизнинг пок номини, шаъну шарафини дадил ҳимоя қилишга киришилганининг рамзий ифодаси сифатида мамлакатимиз байроғи тасдиқланиб, у Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош қароргоҳида ҳилпирай бошлади.
Тириклик мазмуни акс этган мусаффо осмон ва яхшилик, донишмандлик, ҳалоллик, шон-шуҳрат ва садоқатни ифодаловчи, Амир Темур байроғи тимсолига айланган мовий ранг, беғуборлик, софлик, пок орзу-хаёллар, тинчлик рамзи бўлган оқ ранг, табиатнинг янгиланиши, мангу яшариш, навқиронлик, умид, шоду хуррамлик тимсоли - яшил ранг байроғимизни безади. Вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларини ифодаловчи қизил чизиқлар ўзгача ёрқинлик бағишлади. Мустақилликнинг рамзи сифатида тарихий анъаналарга содиқлик ва шарққа хосликни англатувчи навқирон ярим ой ҳамда қадим йилномаларга алоқадор 12 юлдуз тасвири билан зийнатланди.
Йигирма саккиз йилдирки, байроғимиз халқаро майдонда мамлакатимизнинг куч-қудрати, халқимиз ғурури ва ифтихори тимсоли бўлиб келаётир.
Н.ХЎЖАЕВ