Меню
Қашқадарё
Криптовалюта орқали пул топаман, деб 133 миллион сўм йўқотди
Кейинги вақтларда муомалада “криптовалюта”, “биткоин” каби атамалар қўллана бошлади. Интернет ривожлангани сайин узоқдан туриб пул тўлашга тўғри келаётгани, бундай вазиятда пулни қўлдан қўлга беришнинг имкони йўқлиги ва электрон тўлов тизимлари, банк ёки курьер ўз ҳақини олиши натижасида уларга ўрин қолдирмаслик мақсадида биткоинлар ишлаб чиқилган. Биткоин – ҳеч қандай моддий эквиваленти йўқ ва шунчаки маълумотлар базасидаги қайдлар жамланмасидан иборат виртуал пуллар бўлиб, криптовалюталарнинг келажаги ҳозирча аниқ эмас.
Аммо бундан ўз манфаати йўлида фойдаланиб қолишга уринадиган турли фирибгарлар, қаллоблар ҳам учраб турибди. Ўтирган жойида пул топишни хоҳловчилар эса улар ташлаган тузоққа тушиши тайин.
Хусусан, Касби тумани Жаркўча маҳалласида яшовчи К.С. ДХХ вилоят бошқармасига ариза билан мурожаат қилган. Унда айтилишича, Косон тумани Пўлати маҳалласида яшовчи Ж.Ё. “Криптовалюталар орқали пул ишлашни ўргатаман” деб унинг номига “ТВС” аккаунтини очтиради.
Ўтган вақт давомида Ж.Ё. К.С.нинг ҳисоб рақамига пуллар ташлаб бериб, аккаунт орқали кўпайиб борган пулларни нақдлаштириб бериш учун уни активлаштириш лозим дейди ва доимий кўпайиб бораётган пулларни нақдлаштиришга кўмаклашишини билдиради. Шу орқали 2018 йил сентябрь ойининг охиридан 2020 йил май ойига қадар бўлган вақт оралиғида электрон тўлов усуллари орқали 8 минг 400 АҚШ доллари ва 45 миллион 630 минг сўм, жами 132 миллион 990 минг сўм пулларни алдов йўли билан қўлга киритиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.
Вилоят ИИБ ахборот хизматига кўра, ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.