Меню
Қашқадарё
КРЕДИТГА ОЛИНГАН ТОВУҚЛАР ҚАНИ?
Буни эслашимнинг боиси бор, албатта. Бироз илгари одамлар орасида бир гап пайдо бўлди. Эмишки, ўтган йили кўп жойларда аҳолига кредит асосида берилган товуқларнинг умри узоққа бормабди. Нимадир бўлибдию, кетма-кет ўла бошлабди. Кредит олганларнинг аксарияти эса фақат бир нарсани айтаётганмиш: яхши товуқ тарқатишмаган. Хўш, бу қанчалик ҳақиқатга яқин? Ростдан ҳам муаммо товуқдами? Бу саволга жавоб топиш мақсадида жараёнга бевосита алоқадор кишиларга мурожаат қилдик, уларнинг фикрини тингладик.
Банк ходими нима дейди?
Таъкидлаш жоизки, аҳолини тадбиркорга айлантириш тижорат банклари масъуллари гарданига юкланди. Ваҳоланки, бир вақтлар соҳа вакилларини ўз хонасидан кўчага чиқариб бўлмасди. Чунки улар мижозни офисда кутишга кўникишганди-да. Энди қарасангиз, хонадонма-хонадон юрибди, одамларни даромадли фаолият билан шуғулланишга ундаяпти. Бунинг учун ўз молиявий ёрдамини таклиф қилмоқда. Албатта, бу таҳсинга сазовор иш. Чунки бунақасини ҳали кўз кўриб, қулоқ эшитмаганди. Хуллас, тижорат банклари ўз иш услубини бироз ўзгартирди. Кўринган ҳар эшикдан бош суқиб, ўз оғзи билан “Кредит олмайсизми?” деб турибди. Аслида ҳам банклар шундай ишлаши керакмасмиди?! Ахир, шу-да уларнинг ош-нони.
Бевосита муаммога тўхталадиган бўлсак, одатда бундай кредит беришда аҳолининг нафақат хоҳиш-истаги, балки уқуви ҳам эътиборга олиниши керак. Чорвачиликда тажрибаси борми, ундай кишига қорамол, қўй ажратилсин. Деҳқончиликни яхши биладиганлар ҳам бундан бебаҳра қолмасин. Уларга кўчат ёки уруғлик, иссиқхона жиҳозлари етказиб берилиши лозим. Қаровини эпласа, шароити бўлса, кимдир товуқ олади. Бундай қилиш нега керак, дерсиз. Масалан, чорвачиликдан етарли хабари йўқ одам мол боқиб, қанча фурсатда яхши натижага эриша олади? Унинг устига эртага кредитни қайтариш ҳам бор. Тузук манфаатдорлик сезмаса, бу ишдан безигани қолади. Хўш, ушбу жиҳатлар тижорат банклари томонидан ҳам ҳисобга олиндими?
“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ вилоят филиали томонидан тақдим этилган бир маълумотга эътибор қаратинг. Ўтган йили мазкур молия муассасаси кўмагида Қарши туманидаги 180 та аҳоли хонадони вакили ўз уйида парранда боқишга жиддий майл билдирган. Уларга кредит эвазига 2 йилга тухум йўналишида маҳсулдор 7 минг 181 бош товуқ тарқатилган. Аммо ҳозирги пайтга келиб, кўпчилик товуқларни асраб қололмаган.
- Кредит олишга ҳеч ким мажбурланмаган, - дейди филиал мутахассиси Бобур Собиров. – Тажрибага келсак, кредит олувчи ҳақида маҳалла йиғини томонидан берилган тавсиянома ва маълумотномага таяниб иш кўрганмиз. Бизга кимни рўйхат қилиб беришган бўлса, ўшанга берганмиз. Ортиқча қоғозбозликка ҳам йўл қўйилмади. Қолаверса, бошида кўпчиликка бу маъқул келди. Икки сира наслдор товуқларни олиб келиб, аҳолига тарқатиб берганимиз ҳам бунга ишора қилиб турибди. Дастлаб бир-икки ой самарадорлик жуда яхши бўлганини ҳам кўрдик. Мониторинг қилганимизда, айримлар 50 та товуқдан 40 тагача тухум олаётганини айтиб, бизни алқади ҳам. Кейин эса ҳамма ҳам буни эплолмади, шароитини қилмади. Махсус катак олишни истамади. Ўлиб қолишини хаёл қилибмизми? Энди эса норози бўлишяпти. Модомики, уддасидан чиққанлар ҳам кам эмас.
Банк вакилининг уқтиришича, тақдим этилган кредит ҳар қандай ҳолатда ҳам қайтарилиши шарт. Молия муассасаси бунинг учун жавобгарликни ўз зиммасига олмайди, у фақат кредит ажратишга масъул.
Балки эътирозларни фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига йўналтириш керакдир.
Маҳалла раиси нима дейди?
Кимдадир савол туғилиши мумкин: бунга маҳалланинг нима дахли бор? Тижорат банклари ишини тушунадиган киши яхши билади: қоидага кўра, “залог” бўлмаса, банк бировга кредит беришга таваккал қилмайди. Агар ишончли мижоз бўлсагина, унга бу борада қандайдир имтиёз тақдим этилади.
Энди банкларнинг аҳолини тадбиркор қилиш “ташаббуси” қандай ишлаётганига бир қур кўз югуртирсак. Суммаси камроқ бўлса, кредит ажратишда бировдан гаров таъминоти талаб қилингани қулоғимизга ҳеч ҳам чалинмади. Бундай бўлишига асос етарли. Негаки, ўртада фуқаролар йиғини бор, кафил вазифасини у ўтаб бермоқда. Раис номидан тавсиянома ёзиб берилиши ҳам бекорга сўралмайди. Яна бир тарафдан қарасак, ҳудудда яшовчи аҳолини, унинг имконият даражасини маҳалла ё қишлоқ йиғини раҳбариятидан ҳам яхшироқ биладиган яна ким бор? Кўринадики, бунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи муҳим роль ўйнайди, мазкур жараённинг асосий иштирокчиси ҳисобланади.
Банк ходими айтган гапдан сўнг фуқаролар йиғини раиси товуқ боқишга уқуви, шароити борми, йўқми, шунга қарамай, ҳар кимни тавсия қилаверган, деган хулосага бориш мумкин. Ёки гап бошқа нарсада. Қарши туманидаги Файзобод маҳалласига борганимизда вазиятга бироз ойдинлик киритгандек бўлдик. Ушбу маҳалла фуқаролар йиғини котибининг маълум қилишича, ўтган йили 10 га яқин аҳоли хонадонининг ҳар бирига 30 тадан товуқ тарқатилган. Бироқ бирорта ҳам оила паррандачиликни фойдали ишга айлантиролмабди, товуқларни сақлаб қололмаган.
- Ростдан ҳам қанча қилмасин, ҳеч ким кўзга кўринарли натижага эришмади, - дейди Файзобод МФЙ раиси Дилбар Бўриева. – Аҳолига товуқ берилган пайтда бошқа раис ишларди. Ўйлайманки, мақсади яхши бўлган. Одамлар тадбиркор бўлсин, деган-да. Бугун аксарият аҳолимиз асосан чорвачилик қилиб кун кечиради. Барибир кредит олганларнинг ҳаммаси ҳам уқувсиз дейиш нотўғри бўлади. Улар аввал ҳам товуқ боққан. Ўзимизнинг жайдари товуқдан. Ўзлари ҳам яхши қизиқишди. Аввалига кўпроқ тухум ҳам олиб туришган. Барибир кўпга бормади. Касал тегдими, қирила бошлади. Бундан хавотирга тушганлар сўйиб еб ёки сотиб қутулди.
Раиснинг айтишича, кредит билан таъминлашда доимий даромад манбаига эга бўлмаган, кам таъминланган оилаларга асосий устунлик берилган. Кўпроқ улар жараёнга жалб қилинган. Бундан кўзланган мақсад аён – маҳалладан бериладиган ёрдам пулига қараб қолган, эҳтиёжманд оилалар сонини камайтириш, боқимандаликка барҳам бериш. Аҳамиятлиси, ўтган йили Файзободда 11 та кам таъминланган оила рўйхатга олинган бўлса, ҳозир улар 7 та. Қолган 4 оила нима ҳисобидан рўйхатдан чиқарилди, дерсиз. Раис буни тегишли оила вакилларининг жамоатчилик ишларига жалб қилингани билан изоҳлади. Демак, ҳали биров кредитга товуқ олиб, рўзғорини бутлай олгани йўқ.
Аҳоли нима дейди?
Ҳолини билган хор бўлмайди. Бу бекорга айтилмаган. Кредитга товуқ олаётганда ҳам одамлар бирор нимани инобатга олгандир, шу ишни қила олишига кўзи етгандир, албатта. Лекин охирида натижа тескари бўлди. Айни масалада муносабатини билиш мақсадида аҳоли хонадонига ҳам бордик. Файзободлик Бекназар Эрназаров ҳам кўп қаторидан четда қолгиси келмаган. “Микрокредитбанк” кўмаги билан 30 та товуқ олган. Илгари ҳам хонадонида товуқ боққан.
- Биз ҳам шунга ишониб иш кўргандик-да, - дейди уй бекаси Дилфуза Ҳасанова. – Эплай оламиз, деб ўйладик. Бошида умидимиз ўзини оқлади ҳам. Ҳар куни кўп тухум йиғиб олардик. Эҳтиёжимиздан ортганини сотишни ҳам йўлга қўйдик. Еми, озуқасидан қийналмадик. Вақт ўтиб, бир-бир касалланди. Ветеринар чақириб, эмлаттирдик ҳам фойдаси бўлмади. Бори ҳам ўлиб қолишидан қўрқиб, қолганини сўйдик. Ўзимизнинг жайдари товуқларга ўхшамаскан, бошқача товуқ экан. Ҳозир кредитнинг фоизини тўлаб бораяпмиз. Яна беришса, олмаймиз. Кимга керак бош оғриғи?! Боқсанг, ўлиб қолаверса. Жайдари товуқ бўлса, бошқа гап.
Барибир ўйга толади киши. Шу қадар имконсиз ишми бу? Наслдор товуқни фақат фабрикада боқиб бўладими?
Аммо Қарши тумани Хониён маҳалласида яшовчи Гулниса Рўзиева бундай фикрда эмас. Унингча, бу эпласа бўладиган иш. Бир йил олдин унга ҳам кредитга товуқ беришган. Нақ 50 та. Товуқларни ҳозиргача боқаяпти. Ишонмаганимизни сезиб, бизни ҳовли тўрига бошлади. Чоғроққина катакда юрган 6 та парранда ўша товуқдан. “Қолгани қани?”, дея сўрадик ундан.
- Тағин ўлдириб қўйибди, деб ўйлаётгандирсиз, - дейди Гулниса Рўзиева. – Йўқ, аксинча, бироз аввал байрам, тўй муносабати билан сўйгандик. – Анчагача кунига 40 тадан зиёд тухум олардик. Қўни-қўшнига сотдик. Жуда маҳсулдор экан, жайдари товуқлар 2 кунда бир тухумласа, булар ҳар куни туғади. Муддаомиз фойда олиш бўлгандан кейин парваришини ҳам обдан ўргандик. Аста-секин шароитимизга мослаштирдик. Билсак, ҳаммаси парваришга боғлиқ экан. Озуқасини вақтида берсангиз, тухум ҳам оласиз. Кредитга яна товуқ берамиз, дейишса, ҳеч ўйлаб ўтирмаймиз. Иложи бўлса, кўпроқ оламиз. Айни кунларда шунинг ҳаракатида юрибмиз.
Албатта, фойдасини сезмаган киши асло бундай демайди. Тухум бериб турган товуқларнинг байраму тўй муносабати билан сўйиб юборилгани эса шубҳали.
Мутахассис нима дейди?
Асосли фикрни соҳа кишисидан ҳам эшитишни лозим топдик. Яккабоғ туманидаги “Кумуш куз файзи” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Аброр Камоловга мурожаат қилдик. Ўз ўрнида айтиш керакки, ушбу тадбиркорлик субъекти паррандачилик жабҳасида кўп йиллик тажриба тўплаган. Асосан тухум йўналишидаги зотдор товуқлар боқиш билан шуғулланади. Ҳар йили ички бозорга катта миқдорда тухум етказиб беради. Бир қисмини қўшни мамлакатларга ҳам экспорт қилади. Муҳими, мазкур корхона ҳам ўтган йили аҳолига товуқ тарқатиш ишида қатнашган.
- “Ломан браун” зотига мансуб 50 мингта товуқ етказиб бергандик, - дейди тадбиркор. – Ўз навбатида аҳоли ўртасида тушунтириш ҳам олиб бордик. Кези келганда тавсиялар бердик. Ҳамма ҳам бирдек амал қилмади уларга. Натижа эса маълум. Аввало, товуқни саноат ва хонаки деб ажратиш тўғри эмас. Барчаси ҳам бир товуқ. Фарқи, жайдари товуқлар бизнинг иқлимга яхши мослашган. Наслдор товуқлар эса иссиққа, дим об-ҳавога чидамсиз. Одамларга товуқни вақти-вақти билан яйловга ёки ҳовлига чиқариб айлантириб туриш кераклиги, димда сақлаш нотўғри эканини тушунтиргандик. Уларни эски катакларга жойлаб боққанлар ҳам бўлди. Бундай жойда зарарли ҳашарот, жумладан, кана бўлиши табиий. Оқибатда кана чаққан товуқ тез касалланиб нобуд бўлади.
Мутахассиснинг фикрича, наслдор товуқларга у даражада махсус шароит яратиш ҳам шарт эмас. Салқинлик, озодаликни таъминлашнинг ўзи етарли.
Биз нима деймиз?
Бир донишманд “Қармоқ бериш эмас, аввал балиқ тутишни ўргатиш керак” деб айтган экан. Яъни, бир ишга киришишдан аввал кишида кўникма, уқув шаклланиши даркор. Шунда маҳсулдорликни таъминлаш мумкин. Товуқ тарқатишда ҳам шошма-шошарликка йўл қўйилгани кўриниб қолди, назаримизда. Бу билан бировни айблашни ҳам мақсад қилмаганмиз. Аммо масъуллар ҳисобот учун эмас, натижа учун астойдил, чин юракдан ишлаши керак эди. Улар ҳар қандай вазиятда ҳам ҳеч нарса йўқотмаслиги аён бўлиб тургач, шундай ишлармиди? Берган товуқлари ўлиб қолса, улар ҳам кредит олувчи билан баробар жабр кўрганида эди, натижа бошқача бўлармиди?
Маълумки, мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури рўёбга чиқарилмоқда. Шубҳасиз, оилавий бизнесни дарҳол катта ишдан бошлаб бўлмайди. Тегишли дастур доирасида ҳам аҳолининг истак-хоҳиши, имкониятини инобатга олиш, кичик бўлса-да, уларга муайян фаолият турларини ташкил этишда яқиндан кўмаклашиш белгиланган. Бунда паррандачилик ҳам мақбул йўналишлардан бири саналади.
Хавотиримиз шундаки, вилоятимиз мисолида олсак, ҳамма ҳам товуқ боқишга бирдек рағбат билдирмаслиги эҳтимоли мавжуд. Чунки кўпчиликда бу эплаб бўлмас иш деган тасаввур ҳосил бўлиб улгурди. Қўпол қилиб айтганда, айримлар бу ишдан безиди, бади қайтди. Бу нотўғри тасаввурни аритиш учун одамларга тўғри йўл кўрсатиш лозим бўлади. Негаки аввалги хатони такрорламаслик муҳим. Талаб жайдари товуққа бўлса, ўшандайидан, уддасидан чиққанга эса наслдор товуқ бериш мақсадга мувофиқ бўларди.
Халқимиз товуқни бежиз хазинага тенглаштирмайди. Ҳақиқатан ҳам паррандачилик - сердаромад соҳа. Ҳеч бўлмаганда, товуқ боқиб ҳам, рўзғорнинг тухумга, гўштга эҳтиёжини қондириш мумкин. Шу йўл билан одамларни ишбилармонликка ўргатсак, зарур кўникмани шакллантира олсак, турмуш фаровонлиги ҳам ошади. Муҳими, оилаларда тадбиркорликка иштиёқ, интилиш бор. Уни сўндириб қўймайлик.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ