Меню
Қашқадарё
КОВРАК КАВЛАГАНЛАР КИМ?
Табиат ва инсон
Маълумотларга кўра, ўтган йили Деҳқонобод туманида 2 миллион долларлик коврак экспорт қилинган бўлса, бу йил ушбу рақам 2 миллион 453 минг долларга етказилиши мақсад қилинган. Коврак сотишга тайёр ҳолга келгунича 5-7 йил кутилиши керак бўлса-да, кўриниб турибдики, қилинган меҳнат, ўтган вақт ўзини оқлайди.
Биламизки, коврак - ўта доривор ўсимлик, унинг илдизи елимидан астма, истерия ва асаб касалликлари давосида фойдаланилади. Ковракдан тайёрланган препаратлар артериал босимни пасайтиради, қилтомирлар мўртлигини бартараф этиб, микроблар кўпайишига йўл қўймайди ва ҳоказо.
Бироқ бугунги кунда Деҳқонободда табиий ҳолда ўсиб турган коврак ўсимликларини ноқонуний равишда кавлаб кетиш ҳоллари кузатилмоқдаки, бу табиатга катта зарар етказиб, ушбу доривор ўсимлик тақдирини хавф остида қолдирмоқда.
Деҳқонобод тумани Торқопчиғай МФЙ Бўзтепа қишлоғида яшовчи фуқароларнинг ижтимоий тармоқлар орқали йўллаган мурожаатларида ҳам айни муаммо, хусусан, фуқаролар томонидан давлат ўрмон хўжалиги билан шартнома қилинган ерларда турли тадбиркорлик фирмалари вакиллари табиий ҳолда ўсувчи коврак ўсимлигини ноқонуний равишда кавлаб олиб кетаётганидан шикоят акс этган.
Шунга асосан вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси назорат инспекцияси инспекторлари жорий йилнинг 18 июнь куни Бўзтепа қишлоғида бўлиб, туман ҳокими, ИИБ бошлиғи, ҳоким ўринбосарлари ва бошқа алоқадор ташкилотлар вакиллари иштирокида мурожаат ўрганиб чиқилди. Бу ҳақда бошқарма ахборот хизмати хабар бермоқда.
22 июнгача 5 кун давомида ўтказилган рейд тадбирлари давомида ўта ноқулай тоғ сўқмоқ йўли орқали тахминан 100 гектарга яқин ўрмон билан қопланган жойда коврак экиш учун ўрмон хўжалиги билан шартнома тузган 7 нафар ижарачининг ер майдонлари ўрганилди.
Деҳқонобод давлат ўрмон хўжалиги Оқбош ўрмон бўлимининг жами ер майдони 15 минг 728 гектар бўлиб, 6-сарҳаддаги 3414 гектар ердан 1784 гектари коврак экишга мўлжалланган ва Бўзтепа қишлоғи фуқаролари ҳамда бошқа жисмоний ва юридик шахслар билан шартнома қилинган.
Рейд давомида ушбу сарҳадда фуқаролар - Бибиқорасоч МФЙ Қум қишлоғида яшовчи Ш.Ибрагимов, Бўстон маҳалласида яшовчи Ғ.Абдуллаев ва Айридевор маҳалласида яшовчи Б.Юсупов учратилган ва улар "Наргиз-Сарвар" хусусий корхонаси ва "Исо Муҳаммад Нур" МЧЖ томонидан коврак ўсимлигини кавлаб олаётганларнинг буюмларига қоровуллик қилаётганини билдиришган.
Кавлаб барглари кесиб ташланган 6202 туп ўсимлик эса Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган тожик ковраги экани маълум бўлган.
Фуқаро Ш.Ибрагимов 2020 йил 18 июнь куни ноқонуний равишда коврак смоласини олиш билан шуғулланиш оқибатлари тўғрисида огоҳлантирилган бўлса-да, ўрмон билан қопланган ер майдонидан чиқиб кетмасдан 20 июнь куни ҳам ушбу жойда қолиб, ноқонуний равишда фаолият юритаётган шахсларнинг буюмларини қўриқлашда давом этган. 5 та қўлбола мослама эса ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Оқбош ўрмон бўлими 6-сарҳадидаги Чўчқабулоқ, Кўккам, Зоғзали массивларида ноқонуний равишда кесиб, кавлаб нобуд қилинган тожик ковраги ўсимликлари саноқдан ўтказилганда 7857 туп эканлиги маълум бўлган.
Бўзтепа қишлоғида яшовчи Х.Пармоновга 2015 йил 28 декабрда Деҳқонобод давлат ўрмон хўжалиги билан тузилган шартномага асосан берилган ерда коврак етиштириб келинган. Бироқ Бибиқорасоч қишлоғида яшовчи Й.Ғуччиев ўсимлик ширасини олиш учун 3 минг туп ковракни қазиб олган.
Кўккам массивида эса А.Норпўлатов билан ўрмон хўжалиги ўртасида коврак экиб етиштириш бўйича шартнома тузилган, аммо бу ер майдонида "Pinnacle Worldwide Exim" МЧЖ томонидан тожик ковраги рухсатсиз равишда кавлаб олинган.
Ноқонуний равишда коврак смоласи олиш билан шуғулланаётган бир гуруҳ шахслар ўз хатти-ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 50, 55-моддалари, "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги, "Ўрмон тўғрисида"ги, "Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги, "Экологик назорат тўғрисида"ги қонунлар талабларини бузишган.
Натижада "Наргиз-Сарвар" хусусий корхонаси, "Исо Муҳаммад Нур" МЧЖ, "Pinnacle Worldwide Exim" МЧЖ томонидан умумий ҳисобда 14 минг 59 туп коврак нобуд қилиниши натижасида давлатга ва табиатга 1 миллиард 567 миллион 578 минг сўм зарар етказилган.
Айни пайтда ҳолат юзасидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.
НАСРИДДИН