Меню
Қашқадарё
Косонлик экспортёрлар 6,2 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хорижга йўналтирган
Ушбу кўрсаткичга жорий йилнинг ўтган даври мобайнида эришилган. Туман ҳокимлигидан маълум қилишларича, асосий бозор сифатида Россия, Қозоғистон, Покистон, Афғонистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа давлатлар танланган.
Маълумки, мамлакатимизда экспортёрлар рағбатлантирилиб, бир қатор йўналишларда имтиёз ва преференциялар қўлланилмоқда. Президентнинг 2018 йил 17 октябрдаги қарорига асосан экспорт қилувчилар ўз ҳудудида етиштирилган ва Ўзбекистоннинг исталган ҳудудларидан деҳқончилик маҳсулотларини олдиндан тузилган шартномалар доирасида хорижий ҳамкорларга сотиш ҳуқуқига эга. Қарор 8-бандида “Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари, давлат органларининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари мева-сабзавот маҳсулотлари экспортига экспорт қилувчининг ҳудудий мансублигига қараб тўсқинлик қилганлиги учун шахсан жавобгарлиги тўғрисида қатъий огоҳлантирилсин”, деб белгилаб қўйилган.
Косон туманида ҳам 8 та экспортёр корхона қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини юқоридаги қарор талабларига мувофиқ, республикамизнинг турли вилоятларидан харид қилиб, хорижга чиқарган.
Чет давлатларга йўналтириладиган маҳсулотлар турларини кўпайтириш мақсадида эса жорий йилда 2 та янги корхона ташкил этилган. Жумладан, “Санний Ленит Экспорт” МЧЖга Гувалак ҳудудидан 120 гектар ер майдони ажратиб берилди ва жорий йилда экспортбоп қизил лавлаги, қовун, голланд сариқ тарвузи етиштирилди, янги навлар синовдан ўтказилди. Корхона томонидан жорий йилда 3,4 миллион АҚШ долларилик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортга чиқарилди.
“Косон Замин Экспорт” МЧЖ томонидан Туркиядан 1,2 миллион АҚШ долларилик замонавий цех олиб келиб ўрнатилди, ушбу цех бир йилда 17,5 минг тонна дуккакли маҳсулотларни саралаб, кунгабоқар донаси ва ерёнғоқни қайта ишлаб, экспортбоп шаклда қадоқлайди. Бу ерда йилига 6 миллион долларлик маҳсулотни четга юбориш имкони юзага келади.
Буларнинг барчаси аҳоли даромадлари ўсиши, янги иш ўринлари яралишида ҳам муҳим аҳамиятга эга.