Меню
Қашқадарё
КОСОНДА КРИШНАЧИЛАР АНИҚЛАНДИ
Бундай ҳаракатлар ўзаро тотувлик, диний бағрикенглик тамойилларига таҳдид солишидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги Қонунида давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлаши, бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган хатти-ҳаракатлар ва ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилиши белгилаб қўйилган.
Афсуски, ота-боболари минг йиллардан бери эътиқод қилиб келган дин йўлини қўйиб, турли ғаразли мақсадларни ниқоб қилган секталар ва гуруҳлар таъсирига тушиб қолган кишилар юртимизда ҳам учрамоқда. Мисол учун, Косонда кришначилар истиқомат қилади, десак ҳайрон бўлишингиз табиий.
Тумандаги Навбаҳор маҳалласида ўтказилган тадбирда аниқланишича, 1950 йилда Косон туманида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти ўрта, уйланмаган, вақтинча ишсиз Т.Н. 1990 йилдан буён кришнага сиғиниб келган, 1999 йил "Кришнани англаш жамияти"га аъзо бўлган. У айни пайтда ўзини "Кришнани англаш жамияти" Косон тумани етакчиси санайди.
Т.Н.нинг яшаш хонадонида кришначилик ғоялари акс этган диний мазмундаги китоблар борлиги аниқланиб, холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинди.
Шунингдек, унинг қўшниси, 1975 йилда туғилган, миллати татар, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти ўрта махсус, турмушга чиқмаган А.М. яшаш хонадонидан ҳам 27 дона "Кришнани англаш жамияти" DVD ва CD дисклар ҳамда 13 та китоб борлиги аниқланди. Суриштирув давомида ашёвий далил тариқасида олинган дисклар аслида Т.Н.га тегишли экани ҳамда кўриш ва эшитишга берилгани маълум бўлди.
Бундан ташқари, 1986 йил Косон туманида туғилган, миллати татар, маълумоти ўрта, оилали, тумандаги Лолазор маҳалласида яшовчи Л.К. ҳам 2012 йилдан буён "Кришнани англаш жамияти" аъзоси экани, яқин қариндошларига секта ғояларини тарғиб қилиб келаётгани фош этилди.
Суриштирув ишлари давомида Л.К. Т.Н.ни устоз сифатида тан олишини билдирган. Унинг яшаш манзилидан "Гуру-даршана" ва "Прабхупада" номли китоблар ҳамда фойдаланувда бўлган телефон қонуний текшириш мақсадида холислар иштирокида расмийлаштириб олинди.
Уларнинг хатти-ҳаракатларига Косон тумани маъмурий судида қонуний баҳо берилди ва ҳар бирига жарима жазоси қўлланди.
Лазиз ЮСУПОВ,
вилоят ИИБ ТЭҚКБ ходими, майор