Меню

Қашқадарё

05.07.2016 2395

Косон тумани: ДАХЛДОРЛИК ҲИССИ ВА ИШТИЁҚ БИЛАН ЯШАЁТГАН ЭЛ

Буни, айниқса, Косон тумани мисолида яққол кўриш мумкин. Азалдан чорвадорлари, миришкор деҳқонлари, уста ҳунармандлари, савдогарлари, зиёлилари билан машҳур бўлган ушбу ҳудуд аҳли мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг туб мазмун-моҳиятини биринчилардан бўлиб теран англаб етди ва ўз   навбатида хайрихоҳлик кўрсатиб, соҳаларда қўлга киритилган юксак натижалари, оламшумул ютуқлари билан буни ифодалаб келмоқда.

БУ ЕРНИНГ БОЙЛАРИ КЎП

Косон халқининг бари бой, деган гап тез-тез қулоққа чалинади. Ростдан ҳам бугун туман аҳолисининг моддий аҳволи мақтаса мақтагулик. Ҳар кимнинг касб-кори, доимий даромад манбаи бор. Бу ерда ишбилармон кўп, қандай пул топишни биладиган инсонлар бисёр. Шу туфайли халқ тўқ, турмуш фаровон, ҳаёт гўзал.

- Албатта, буларнинг барчаси мустақиллик неъмати, - дейди Бўлмас қишлоғилик Йўлчи Авазов. – Юртда тинчлик, кўнгилда хотиржамлик бўлгани учун олдимизга катта мақсад қўя оламиз, улкан режалар тузамиз. Чунки одамлар қандай яшашни ўрганиб бўлди, дунёқараш эскича эмас. Бугун доим ҳаракатдаги, илғор фикрли инсон асло кам бўлмаяпти. Шунга давлатимиз кенг шароит яратиб берди. Имконият бор экан, ундан фойдаланиш керак. Мисол учун, 2013 йилда қишлоғимизда қизиқ бир ҳолат кўзга ташланди. Ўша йили қишлоқдошларимиз 500 га яқин машина сотиб олишибди.

 Дарҳақиқат, моддий тўкислик бўлган жойда фаровонлик ҳукм суради. Оилалар мустаҳкам, рўзғор бут бўлса, жамият равнақ топади, мамлакат гуллаб-яшнайди. Турган гапки, юртимиз ривожида косонликларнинг ҳам муайян ҳиссаси бор. Кимдир моддий неъмат ишлаб чиқариб, яна кимдир зиё таратиб, Ватанимиз тараққиётига улуш қўшмоқда. Ушбу ҳудудда яшовчи уста кулолу дурадгор, зардўзу каштачи, новвотпазу ҳолвапаз, чорвадору деҳқонни бунга мисол қилиб келтириш мумкин.

ҚАДИМ ЮМУШНИНГ ЗАМОНАВИЙ РИВОЖИ

Айтиш мумкинки, тадбиркорлик, ишнинг кўзини билиш каби сифатлар Косон аҳлининг қон-қонига сингиб кетган. Эҳтимол бунга туман ҳудудидан қадимда муҳим савдо йўлларининг ўтганлиги сабабдир. Нима бўлганда ҳам мустақилликдан кейинги даврда Косонда хусусий мулкдорлар, тадбиркорларнинг замонавий синфи шаклланди. Улар бугун туманнинг иқтисодий жабҳасида ҳақиқий етакчи куч сифатида ўзини ҳар томонлама кўрсатмоқда. 

Эътиборлиси, тумандаги ҳар бир ҳудуд ишбилармонликда бир-бирини такрорламайди. Айрим маҳаллаларда ҳунармандлик анъаналари давом эттирилаётган бўлса, баъзиларида чорвачилик ривожлантирилган.  Бошқалари эса боғдорчилик, миришкорликда тилга тушган. Мисол учун, сабзи етиштиришда Эсабой қишлоғи аҳолисига рақобат қила оладиганини топиш қийин. Пудина анорларининг донғи бутун мамлакатга ёйилишида шу ерлик боғбонларнинг меҳнати катта.

- Юртимизда бизнесни бошлаш учун барча шароит муҳайё, - дейди Регзор қишлоғилик якка тартибдаги тадбиркор Сирожиддин Тўраев. – Тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатлари эса тўлиқ давлат муҳофазасида. Бундай ҳолатни деярли ҳеч бир мамлакатда  учратмайсиз. Шундай экан, ҳозир биздан интилувчанлик, ташаббускорлик талаб этилаяпти, холос. Ўзим кўп йиллардан бери темир дарвоза, панжара, стол-стул ва шунга ўхшаш металл конструкциялар ясаш билан шуғулланаман. Бугун биз ишлаб чиқараётган бежирим маҳсулотлар харидорларга маъқул келаяпти. Айни вақтда 2 кишини иш билан банд этганман. 4 нафар ёшга эса ўз ҳунарим сирларини ўргатаяпман.

Статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг иккинчи чораги ҳолатида туманда 115 та янги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти ташкил этилган. Натижада ҳудудда фаолият кўрсатаётган бундай субъектлар сони сезиларли ошган. Уларнинг асосий қисми саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизматлар кўрсатиш билан шуғулланиб келмоқда.

КЎП ТАРМОҚҚА АСОСЛАНГАН ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ

Сир эмаски, Косон тумани ҳудуди табиий ресурслар, қазилма бойликларига у қадар бой эмас. Шу боис собиқ совет тузуми даврида ушбу минтақага қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан, кўпроқ пахта етиштириш вазифаси тиркаб қўйилганди. Нуқул пахта экилиши, юқори ҳосил олиш мақсадида ерларнинг химикатларга бўктирилиши натижасида мавжуд экин майдонларининг унумдорлиги ниҳоятда пасайиб кетганди. Аҳолининг бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига эҳтиёжи тўлиқ қондирилмасди. Ватанимиз мустақиллиги йилларида аграр соҳада олиб борилган изчил ислоҳотлар самарасида эса ижобий ўзгаришлар қўлга киритила бошланди. Ҳудуднинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, сабзавотчилик, узумчилик, полиз маҳсулотлари етиштириш, чорвачилик ва бошқа тармоқлар ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳаттоки, бироз янги, ҳудуд учун анча нотаниш бўлган боғдорчилик ҳам ўзгача сайқал топди. Соҳада эришилаётган ютуқлар салмоғи ошишида илғор фермерларнинг ўрни беқиёс.

- Ҳозирги вақтга келиб ер ҳақиқий эгасини топди, - дейди тумандаги “Миразиз ўғли Ўним бобо” фермер хўжалиги раиси Шодмон Отанов. – Илгарилардагидек фақат режа учун хўжакўрсинга иш қилиш йўқ энди. Деҳқоннинг ердан, қилаётган меҳнатидан манфаатдорлиги ортган.  Сифатли ва рисоладагидек қаров юқори ҳосилдорликни кафолатлайди. Биз ҳам кўп йиллардан бери шу соҳанинг нонини еймиз. 6 гектар ерда боғ ташкил қилганмиз. “Супер голд” навли ярим пакана олма дарахтларини ўстираяпмиз. Жорий йилда 20 тоннадан зиёд ҳосил олишни мўлжаллаб турибмиз. Ҳаммасини экспортга жўнатмоқчимиз. Россиялик ҳамкорлар билан келишиб қўйганмиз. Ўтган йили 40 сотих ерда токзор барпо қилдик. Ҳусайни ва қора кишмиш навидан бор. Кузнинг охирида 1500 туп олхўри кўчати экмоқчимиз. Бу ҳам экспортбоп. Келгусида меваларни яхши сақлаш учун совутиш камераси қуриш ниятидамиз. 

Сирасини айтганда, сўнгги вақтда фермерларга берилаётган имтиёз ва имкониятлар давомли бўлмоқда. Ҳар бир жабҳада унга енгиллик тақдим этилаяпти. Бу эса қишлоқ мулкдорига маррани баландроқ олиш, истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, замонавий технологияларни ишлаб чиқаришда қўллашга кенг йўл очмоқда. Пировардида, юртимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмида фермер хўжаликларининг улуши ниҳоятда юқори кўрсаткични ташкил этаяпти. Ушбу маҳсулотларнинг бир қисми хорижга экспорт қилинмоқда. Булар орасида Косонда етиштирилган қовун, майиз, қуритилган сабзавот, қайта ишланган қоракўл териси ҳам бор.

АГРАР-САНОАТ”ДАН “САНОАТ-АГРАР”ГА

Анча йиллар олдин Косон тумани иқтисодиётида фақат аграр соҳа устуворлик касб этган, саноат ривожи йўлидаги саъй-ҳаракатлар эса ҳаминқадар эди. Бор қувватлар ҳам пахта яккаҳокимлигини сақлаб қолишга хизмат қилган. Истиқлол қўлга киритилгани ҳамоноқ давлатимиз раҳбари Ислом Каримов саноатсиз тараққиётга эришиб бўлмаслигини бот-бот    таъкидлади ва соҳа ривожига катта эътибор қаратди. Қисқа фурсат ичида Ватанимиз аграр-саноатдан саноат-аграр мамлакатга айланди. Ялпи ички маҳсулотда саноат маҳсулотлари ҳажми йилдан-йилга ошиб бораётгани бунга ёрқин мисолдир.

Косон туманида ҳам саноат ишлаб чиқариш суръати жадал равнақ топаётгани айни ҳақиқат. Жумладан, туманда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини саноат усулида қайта ишлашнинг йўлга қўйилиши, янги тармоқларнинг фаолият кўрсата бошлаши натижасида ҳаракатдаги саноат корхоналари салмоғи сезиларли кўпайди. Мамлакат миқёсида қабул қилинаётган тегишли дастурлар эса соҳа ривожида муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, Президентимизнинг “2013-2016 йилларда  вилоят саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори асосида ишлаб чиқилган дастурга кўра ҳудудда кўплаб истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилиши туман иқтисодиётида саноатнинг жадал ўсишига кенг замин ҳозирлади.

Ана шундай лойиҳалардан бири яқинда тумандаги “Универсал меъмор агро қурилиш” хусусий корхонаси томонидан амалга оширилди. Умумий қиймати 200 миллион сўмга баҳоланган мазкур лойиҳа асосида тикувчилик маҳсулотлари, хусусан, мактаб ўқувчиларининг формаларини тайёрлаш ташкил этилди.

 - Ишлаб чиқаришни Германия технологияси асосида олиб бораяпмиз, - дейди корхона раҳбари Асрор Бобоқулов. – Цехимизга 30 дан зиёд замонавий тикув дастгоҳи олиб келдик. 30 та янги иш ўрни яратдик. Ишчиларнинг асосий қисми тумандаги касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларидир. Ҳозирги вақтда қизларга иш ўргатаяпмиз, уларнинг маҳоратини оширишга эътибор қаратаяпмиз. Айтишим керакки, цехимизда бир кунда конвейер усулида 50 дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш имкони мавжуд. Ҳозирги вақтда тумандаги таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилаяпмиз. Келгусида экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришни кўзлаяпмиз.

Аҳамиятлиси, 2013-2015 йилларда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастурига асосан тегишли даврда туманда 188 та истиқболли лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Шунинг 30 таси саноат йўналиши, 91 таси хизмат кўрсатиш соҳаси, 67 таси қишлоқ хўжалигида амалга оширилди. Ушбу мақсадлар учун жами 13,8 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиб, 751 та янги иш ўрни яратилишига эришилди.

БАРЧА СОҲАДА ТАРАҚҚИЁТ УЙFУНЛИГИ

Мамлакатимизда бирор соҳа йўқки, эътибордан четда қолаётган бўлсин. Бу каби ҳамоҳанглик Косон туманининг ижтимоий ҳаётида қилинаётган ишлар мисолида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топаяпти.

Хусусан, аҳоли саломатлигини сақлаш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар   миқёсини алоҳида кўрсатиш мумкин. Бугун Косон туманида истиқомат қилувчи 14 ёшгача бўлган болалар ҳудуд аҳолисининг 31,3 фоизини, туғиш ёшидаги хотин-қизлар эса 26,3 фоизини ташкил этади. Уларни тиббий хизмат билан қамраб олиш учун барча имконият яратилган. Шунингдек, туманда жорий йил мобайнида “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгилаб олинган.

Қолаверса, ҳудудда таълим сифатини оширишга қаратилган ишлар ҳам ўз самарасини бераяпти. Мактаб ва коллеж ўқувчиларининг вилоят ва республика миқёсидаги фан олимпиадалари ҳамда турли танловларда қатнашиб, юқори ўринларни эгаллаб келаётгани бунинг исботидир.

Тумандаги Сурхон қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқитиш сифати бўйича нафақат вилоятда, балки республикамизда ҳам ўз нуфузига эга. Ушбу таълим масканида назария ва амалиётнинг уйғун олиб борилаётгани билимдон кичик мутахассисларни камолга етказишда асосий омил бўлмоқда.

Туман аҳли бир қанча спорт турлари бўйича ҳудуд ёшлари қўлга киритаётган юқори натижалар билан ҳам фахрлана олади. Бу ерда спортнинг футбол, кураш, дзюдо, бадиий гимнастика турлари бўйича ўзига хос мактаб яратилган. Улардан етишиб чиқаётган спортчилар вақти келиб, юртимиз шарафини жаҳон ареналарида муносиб ҳимоя қилишмоқда.

ГАСТРОНОМИК ТУРИЗМ

Бугун тарихий ёдгорликлар, қадимий обидалар, диққатга сазовор жойлар, миллий ҳунармандлик  буюмлари туристларни жалб қиладиган асосий жиҳатлардир. Аммо сўнгги вақтда жаҳонда сайёҳларни ўзига тортадиган яна бир соҳа юзага келдики, у жадал равнақ топиб бораяпти. Айтмоқчи бўлганимиз гастрономик туризмдир. Яъни, ҳар бир ҳудудга хос тансиқ таомлар ҳақида гап кетмоқда.

Тўғри, бугун Косон туманилик зардўзлар, каштачилар томонидан тайёрланаётган буюмлар ўзининг бежиримлиги, нафислиги боис чет элликларни ром этиб келаяпти. Шунингдек, шу ҳудудга хос таомлар, хусусан, ҳасип, жиз каби лаззатли овқатлар сайёҳларни ушбу ҳудудга оҳанрабодек тортаётгани бор гап. Айнан мустақиллик даврида ушбу миллий таомларни тайёрлаш билан боғлиқ анъаналар қайта тикланди, сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди, дейиш мумкин.

ГЎЗАЛ ГЎШАЛАР КЎПАЙМОҚДА

Одам табиатига хос бир жиҳат бор: қорни тўқ, қулоғи тинч бўлсагина маданий ҳордиқ чиқаришга вақт ажратади, санъатга ошно тутинади, гўзалликка мойиллик сезади. Сўнгги вақтда мамлакатимизда аҳоли даромадларининг сезиларли ошиши, турмуш фаровонлашиши самарасида одамларнинг дам олиш, эстетик   завқланиш, бўш вақтни мароқли ўтказишга эҳтиёжи ортаяпти. Шу жиҳатлар инобатга олиниб, мамлакатимизда кўнгилочар масканларни ташкил этишга асосий урғу берилаяпти. Бу борада Косон туманида қилинаётган ишлар ҳам диққатга сазовордир.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 29 декабрдаги “2011-2015 йилларда маданият ва истироҳат боғларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида тумандаги болалар истироҳат боғида кенг кўламли қурилиш ишлари бажарилиб, ушбу маскан чиройли қиёфа касб этди. Ҳозирги вақтда бу ерда хориждан келтирилган 2 та карусель ўрнатилган. Боғнинг кириш қисми бутунлай таъмирланиб, йўлакларга безакли ғишт ётқизилган. Шунингдек, янги фаввора қуриб битказилди. Эски ўриндиқлар янгиларига алмаштирилди. Эртак ва мультфильм қаҳрамонлари  қиёфасидаги ҳайкалчалар, ранг-баранг тунги чироқлар болаларга қувонч улашаяпти. Янги экилган хушманзара гуллар эса масканга ўзгача чирой бахш этаяпти. Қолаверса, боғда тадбиркорлар томонидан 2 та музқаймоқ дўкони, фотостудия фаолияти йўлга қўйилди.

- Ишлаган киши дам олишни ҳам билиши керак, - дейди Дўстлик маҳалласида яшовчи Дилором Халилова. - Вақтимиз бўлди дегунча, невараларимни олиб, истироҳат боғига, хушманзара масканларга бораман. Ўзим нафақа ёшидаман. Юртимизда бўлаётган ўзгаришлардан, очиғи, ҳайратдаман. Бундай имкониятлар, шарт-шароитлар фақат аҳоли манфаатига хизмат қилаётганидан хурсанд бўламан.

Хулоса ўрнида айтганда, ҳар бир косонлик мустақиллик йилларида мамлакатимизда рўй бераётган янгиланишлар, мислсиз ўзгаришларга ўзини дахлдор деб ҳисоблайди. Ватан равнақи йўлида жонбозлик, фидойилик кўрсатиш иштиёқи билан яшайди. Ҳар гал тонг отганда, Худога шукрона келтиради. Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик бардавом, истиқлолимиз абадий бўлишини сўраб дуога қўл очади.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир Нарзиев олган суратлар.

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!