Меню

Қашқадарё

06.10.2022 4899

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ МАВСУМИЙ ИШ ЭМАС

Дарҳақиқат, давр шиддати тезкорликни, огоҳликни, теран фикрлашни тақозо этади. Шундай экан, бугун жамият тараққиётининг кушандаси саналган коррупцияга қарши курашишда жипслик, ҳамфикрлик, ҳамкорлик муҳим ўрин тутади.

Бугун Қарши шаҳридаги “Журналистлар уйи”да Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида коррупцияга қарши курашиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида ана шу ҳақда атрофлича фикр юритилди.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари ходимлари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, блогерлар, институт раҳбарияти иштирок этди.

Анжуманда институт ректори Орифжон Бозоров сўз олиб, олийгоҳда коррупцияга қарши курашиш, тарғибот-ташвиқот ишлари, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида гапирди.

Мен порахўрликни жуда ёмон кўраман, – деди Орифжон Бозоров. - Шу институтда раҳбар сифатида иш бошлаган биринчи кунимдан бу иллатга қарши курашиб келаяпман. Агар бу ишга қўл урган ўқитувчи энг зўр валломат, масалан, фан доктори илмий даражасига эришган бўлса ҳам уни кечирмаймиз. Қисқача айтганда, коррупцияга қарши курашиш мавсумий иш эмас. Балки узлуксиз давом этадиган жараён. Шундай экан, бундай пайтда биз оммавий ахборот воситалари ва блогерлар кўмагига суянамиз.

Институтда фаолият кўрсатиб келаётган профессор-ўқитувчилар, ходимлар ва таҳсил олаётган талабалар ўртасида коррупцион ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш борасида доимий равишда умум профилактик тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида институтда ташкил этилган коррупцияга қарши курашиш “Комплаенс-назорат” тизимини бошқариш бўлими томонидан профессор-ўқитувчилар, ишчи-ходимлар ва талабалар ўртасида коррупцион ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш мақсадида 41 та умум профилактик тадбирлар ўтказилди, яъни давра суҳбатлари, семинар-тренинглар, учрашувлар ташкил қилинди.

Институтнинг фуқаролар мурожаатлари учун расмий QarMII AntiKOR_bot телеграм-бот канали ишга туширилди.

Матбуот анжуманида телеграм-ботга бўлган мурожаатлар ва бу бўйича кўрилган чоралар, талабаларнинг ижтимоий ҳимояси, ижара билан боғлиқ имтиёзлар, контракт тўловлари, ўқитиш методикаси, талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун нималар белгилангани ҳақида кўплаб саволлар бўлди. Албатта, барча жавобларга институт ректори, проректорлар томонидан асосли жавоблар берилди.

Бир сўз билан айтганда, бугунги матбуот анжумани очиқ мулоқот тарзида ўтди. Блогер Мақсуд Музаффаров томонидан талабаларнинг коррупцион ҳолатлар бўйича мурожаатларини осонлаштириш, қўшимча қулайликлар яратиш ҳақида таклифлар билдирилди.

Абдураззоқ МУРОДОВ

Суратларда: матбуот анжуманидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!