Меню
Қашқадарё
Коронавирусни даволашда қатнашаётган дўхтирларга қанча ҳақ тўланаяпти?
Вилоятда коронавирус билан касалланганларни даволаш мақсадида 8700 та захира ўринлари ташкил қилинади. Бунинг учун айни пайтда 29 та бинода 26 та талаб асосида таъмирлаш ишлари олиб борилаяпти. Қўшимча яна 1500 та ўрин яратиш имкони ҳам мавжуд.
Қолаверса 1012 нафар нафақадаги ва хусусий тиббиёт муассасаларида фаолият кўрсатаётган врачларни жалб қилиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди, улар зарур ҳолларда ёрдамга чақирилади.
Хабарингиз бор, коронавирус билан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун махсус қўшимча рағбатлантириш тўловлари белгиланган. Бунда врачлар, врач-лаборантларга – 25 миллион сўм, ўрта тиббиёт ходимлари, ҳамшира-лаборантларга – 15 миллион, кичик тиббиёт ходимларига – 10 ва бошқа ходимларга 5 миллион сўм (солиқлардан ташқари) тўланади.
Вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг маълум қилишича, коронавирус инфекциясини юқтирган беморларни даволашда қатнашаётган 34 нафар шифокор, 36 нафар ўрта тиббиёт ходими, 23 нафар кичик тиббиёт ходими ҳамда бошқа хизмат кўрсатган ходимларга жами 1 миллиард 660 миллион сўм тўлаб берилган.
Бундан ташқари, вирус юқтирган беморларни даволашда хизмат кўрсатаётган тиббиёт ходимларининг 14 кунлик иш ҳақига 6 фоиз устамалар ишланиши натижасида жами 10 миллиард 352 миллион сўм тўланди. Бу ишлар давом эттирилмоқда.