Меню

Қашқадарё

19.06.2020 1689

"Коронавирус аниқланмаган" қурбон касаллик тарқатди! ССВ ҳолатни яширганмиди ёки тест панд бердими?

Хабарингиз бор, шу йилнинг 31 май куни Китоб туманида коронавирус билан касалланганлик бўйича гумонланиш ҳолати қайд этилиб, туман ҳудуди қатъий карантинга олинган ва ёпилганди.

Орадан бир кун ўтиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳодиса юзасидан расмий баёнот берди. Унга кўра, гумонланувчи, 1963 йилда туғилган Н.О. 2020 йил 10 апрель куни Қозоғистон Республикасига кетган (буни карантин даврида қандай уддалагани номаълум!). Жорий йил 9 май куни юртимизга қайтиб келган ва Тошкент вилоятидаги карантин марказига тиббий кузатувга олинган. Бир кун ўтиб эса Яккасарой тумани тиббиёт бирлашмаси терапия бўлимига пневмония ташхиси билан ётқизилган.

Ўтказилган диагностик таҳлиллардан сўнг беморда коронавирус аниқланмаган (!). Бундан аввал у жигар циррози ташхиси билан даволанган.

Шу йилнинг 29 май куни Китоб тумани тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб келинган. Коронавирус инфекциясига олинган таҳлил унда гумон натижани (!) қайд этгани боис суртма намуналари 31 май куни ўрнатилган тартибга кўра, махсус лабораторияга юборилган. Шу куни у ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан вафот этган.

 31 май куни юборилган суртма намуналарини такрор текширув натижаларига кўра, марҳум беморда коронавирус инфекцияси аниқланмаган (!).

"Демак, бир ой ичида ўтказилган иккинчи бор диагностик таҳлил ҳам Н.О. коронавирусга чалинмаганлигини (!) кўрсатган. У ёндош касалликлар туфайли вафот этганлиги маълум бўлди. Шундай бўлса-да, қатъий санитария қоидаларига кўра, карантинга олинган фуқаролар маълум муддат тиббий кузатувда бўлишади",  дейилганди вазирлик баёнотида.

17 июнь куни Китоб туманида коронавирусга чалинганлик ҳолати бўйича расмий маълумот берилди. Унга кўра, Китоб туманидан жами 73 киши вилоят юқумли касалликлар шифохонасида карантинга олинган; шулардан 5 нафарида аввалроқ касаллик аниқланиб, тасдиқланган; карантинга олинганлар ичидан яна 20 кишида касаллик тасдиқланди; жами касалланганлар сони 25 нафарга етди.

Шулардан 17 нафари тиббиёт ходимлари, қолгани  Тошкентдан оғир аҳволда Китобга, яъни уйига қайтиб келиб, тез ёрдам машинаси орқали шошилинч равишда тиббиёт бирлашмасига келтирилган, барча тиббий ёрдам чоралари кўрилишига қарамай, касалликнинг оғир аломатлари туфайли вафот этган бемор билан мулоқотда бўлган (!) яқинларидир.

"Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан коронавирус аниқланмади, деб топилган қурбон қандай қилиб у билан мулоқотда бўлган 17 нафар тиббиёт ходими ва ўз яқинларига касаллик юқтирди? Ўшанда шифохонама-шифохона кўчирилиб, охири вафот этган беморнинг ҳақиқий касаллигини вазирлик яширган эдими ёки Ўзбекистонда фойдаланилаётган тестлар тўғри ташхис (икки марталаб ўтказилгани айтилганди) қўйиб беролмайдими?

Бу ҳодисанинг яхши ва ёмон сабоғи бор. Ўшанда тўғри йўл тутилгани - қурбон билан мулоқотда бўлганларнинг карантинга олингани бўлган. Ёмон жиҳати эса, бундай ноаниқлик сабаб ўнлаб инсонларга касаллик юққанидир. Янаям хавотирлиси, бу мавҳум ҳолат ягонамиди? Ёки коронавирус аниқланмади, дея жавоб бериб юборилганлар, бошқа касалликдан вафот этди, дея уйига қайтарилган марҳумлар яна бўлганми?", деб ёзади xabar.uz.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!