Меню
Қашқадарё
КОРХОНА ОИЛАВИЙ, МАНФААТИ ЭСА УМУМИЙ
- Аслида тикувчилик менга момомерос касб, - дейди у. – Онам, момоларим ҳам моҳир чевар бўлишган. Яқинлари, қўни-қўшнилари учун турли кийим-кечаклар тикиб, тирикчилик қилишган. Мен ҳам йиллар давомида шу ҳунарни ўрганиб, ўз устимда ишлаб, уни янада бойитиб келмоқдаман. Кўплаб шогирдлар тайёрладим. Шу билан биргаликда, юртимизда тадбиркорлар учун яратилаётган шарт-шароитлар, имтиёз ва имкониятлардан руҳланиб, фаолиятимни янада кенгайтириш, ишни ривожлантиришга аҳд қилдим. Оила аъзоларим билан биргаликда “Фарҳод М.Н” оилавий корхонасини ташкил этиб, бир неча турдаги тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик.
Муҳаббат Нусратованинг саъй-ҳаракатлари самарасида ташкил этилган корхонада айни вақтда 28 турдаги тикувчилик маҳсулотлари тайёрланмоқда. 12 киши доимий иш ўрнига эга бўлган субъектда кўрпа, кўрпача, чойшаб, ёстиқ жилдлари, бешик ёпинчиқларидан тортиб, миллий қўғирчоқлар ишлаб чиқаришга қадар ўзлаштирилган.
- Корхонамизда қайси маҳсулотни тайёрлашимиздан қатъи назар сифат биринчи ўринда туради, - дейди тадбиркор. – Ҳар бир маҳсулотнинг бежирим ва мустаҳкам бўлишига асосий эътиборни қаратамиз. Бугунги кунда нафақат вилоятимиз, балки республиканинг турли ҳудудларидаги ҳамкорлардан буюртмалар олганмиз.
Ўтган йили оилавий корхонада 300 миллион сўмликдан ортиқ маҳсулот тайёрланибди. Жорий йилда эса бу кўрсаткични янада ошириш режа қилинган.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Суратларда: оилавий корхона фаолиятидан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.