Меню
Қашқадарё
КОРЕЯДАН КЕЛТИРИЛГАН СОВУТКИЧ
Хусусан, хорижда ишлаб чиқарилган, сифатсиз ва арзон маҳсулотлар юртимизга кириб келишининг олдини олишда чекловлар жорий қилинган. Бу ўз навбатида аҳоли ва тадбиркорларимиз манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилаяпти.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 1 июндаги “Жисмоний шахслар томонидан истеъмол товарларини олиб киришни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига чегарадош давлатлар (Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистон) ҳудудидан шахсий фойдаланиш учун бож тўламасдан бир йўла олиб кириладиган истеъмол товарларининг чекланган миқдорий нормаси 10 АҚШ доллари, Адлия вазирлиги томонидан 1996 йил 10 сентябрда давлат рўйхатидан ўтказилган Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарларни божсиз олиб киришнинг меъёрий нормаларига асосан чегарадош бўлмаган давлатлар ҳудудидан эса 1000 АҚШ доллари миқдорида белгиланган.
Тижорат мақсадида олиб келинган бир хил турдаги буюмлар учун эса юқорида қайд этилган миқдорий нормалар қўлланилмайди ва божхона тўловлари ундирилади.
Шуни таъкидлаш жоизки, чет давлатларга ишлаш, ўқиш ва бошқа мақсадлар учун кетган фуқароларимиз мамлакатимизга қайтаётганларида сўраб-суриштирмасдан ўзлари билан хорижда ишлаб чиқарилган, сифатсиз, муқаддам фойдаланилган ҳар хил турдаги буюмларни олиб қайтишлари кузатилмоқда.
Шундай ҳолатлардан бирига фуқаро Абдураҳмон Узоқов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) рўбарў келди. У Корея Республикасига ишлаш мақсадида бориб, қайтишда керагидан ортиқча буюмлар билан келди. Натижада божхона кўригидан ўтказилган буюмлардан ортиқча саналган илгари фойданилган музлаткич учун божхона тўлови ҳисобланди.
Яна бир фуқаро Тўлқин Имомов ҳам Россия Федерациясига хизмат сафари билан бориб, 384,47 евро қийматидаги “Пенополиуретан эластичный (поролон)” товарини олиб қайтиб, ўйламай қилган ишидан боши қотди.
Сабаби, юртимизда тадбиркорлик фаолиятига берилган улкан имкониятлар натижасида барча турдаги сифатли ва арзон товарлар ўзимизда, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмоқда. Шуни ҳисобга олган ҳолда фуқаролар Абдураҳмон Узоқов ҳамда Тўлқин Имомов маъқул йўлни танлашди: ўзлари билан олиб келган буюмларга божхона тўловларини тўлаб фойдаланмасдан, буюмларни йўқ қилиш (бунда чет эл товарлари божхона назорати остида йўқ қилинади, шу жумладан, улар фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келтирилади) божхона режимига расмийлаштирди.
Мамлакатимизда қабул қилинган қонун ҳужжатлари талабларига амал қилишда барча фуқаролар бирдек масъул. Чунки ўрнатилган тартиб-таомил мамлакатимиз ва фуқароларимиз манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Олим ҚОДИРОВ, вилоят божхона бошқармаси бўлим бошлиғи