Меню

Қашқадарё

29.10.2019 1756

КОРЕЙС ТЕХНОЛОГИЯСИ, ЭКСПОРТБОП МАҲСУЛОТ

 

Қашқадарё ва дунё

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ноодатий табиий муддат ва шароитларда етиштириш, олинажак ҳосил ва даромад миқдорининг сезиларли ортишини таъминлаш бугунги тажрибали деҳқон учун янгилик эмас. Шунга монанд, ушбу усулни қўллаган ҳолда ҳосил етиштириш шу даражада ривожланиб бораяптики, ҳатто бу жабҳага фан ва тажрибанинг сўнгги ютуқлари жадал жорий қилинмоқда. Гидропоника усулида экин парваришлаш шулардан биридир. Йилнинг исталган фаслида имкон қадар кам ресурс сарфлаб, юқори ҳосилдорликка эришишга қаратилган бу усул охирги пайтда сезиларли оммалашаяпти.

Қарши шаҳридаги "Асилбек соф савдо" хусусий корхонаси мулкдорлари ҳам айни шу йўналишда фаолият олиб бораяпти. Жорий йил бошида ушбу тадбиркорлик субъектига Шайхали маҳалласи ҳудудидан катта ўлчамдаги бўш турган ер майдони ажратилганди. Ўтган даврда бу жойда замонавий иссиқхона иншоотини қуриш ишлари ташкил этилди. Бугун жараён тугалланиб, аллақачон маҳсулот етиштиришга ҳам киришилган.

- Иссиқхонамизга помидор кўчатларини ўтқазганимизга бир ойдан ошди, - дейди корхона раҳбари Аслиддин Раҳманов. - Мўлжалимизга кўра, декабрь ойининг илк ўн кунлигида маҳсулот пишишни бошлайди. Бунинг учун жуда катта лойиҳага қўл урдик. Унинг қиймати 1 миллион 250 минг АҚШ долларига баҳоланган. Янги қувватни ташкил этиш учун Корея технологиясига мурожаат қилдик. Бу ускуналар ўз таснифида сўнгги авлодга мансуб. Лойиҳани ишга тушириш учун 785 минг АҚШ доллари эквивалентида тижорат банкидан кредит олдик. Қолгани - ўз маблағимиз. Иссиқхона 2 гектар жойга мослаб барпо қилинди. Бу ерда ҳамма иш автоматлаштирилган тарзда бажарилади ҳисоби. Шунга қарамай, 15 нафар ёш йигит-қизни иш билан таъминладик. Асосийси, помидорнинг яхши навидан экканмиз. Экспорт талабига жавоб беради. Шунинг учун ҳосилни тўлиқ экспортга йўналтиришни мақсад қилганмиз.

Тадбиркорнинг билдиришича, мавсумда ҳар гектар майдондан 150-200 тонна ҳосил йиғиштириб олиш мўлжал қилинган. Маҳсулот пешма-пеш ҳамкорларга жўнатилади. Ишбилармон иссиқхона хўжалигини янада кенгайтирмоқчи. Бунинг учун қўшимча 2 гектар ер тайёрлаб қўйилган. Тез орада зарур конструкцияларни монтаж қилиш ишлари бошланади. Ушбу иншоотда ҳам кейинги йилдан ноанъанавий услубда экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш йўлга қўйилади.

Собир НАРЗИЕВ

Муаллиф олган суратлар

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!