Меню

Қашқадарё

27.05.2017 2311

КООПЕРАЦИОН АЛОҚАЛАР

Бугунги кунда мамлакатимизда ана шу мақсадга йўналтирилган дастур изчил амалга оширилмоқда. Ундан жой олган лойиҳалар асосида мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқлари, хусусан, нефть ва газ соҳаси, озиқ-овқат ва кимё саноати корхоналари учун зарур техник маҳсулотлар маҳаллий хомашёдан тайёрланаяпти. Дастур доирасида лойиҳа ташаббускорларига бир қатор солиқ имтиёзлари берилгани эса тадбиркорларнинг ушбу жараёнга фаол жалб этилишига туртки бўлмоқда.

Қарши шаҳридаги “Метролог” масъулияти чекланган жамияти ҳам маҳаллийлаштиришда иштирок этаётган корхоналардан бири ҳисобланади. Мазкур тадбиркорлик субъекти вилоятимиздаги нефть-газ ва энергетика тармоғи гигантларига бир неча турдаги ўлчаш узеллари етказиб бермоқда.

- Авваллари диаметри 500 миллиметрдан 700 миллиметргача бўлган узеллар ишлаб чиқарган бўлсак, жорий йилдан эътиборан бу маҳсулотларимиз тури янада кўпайди, - дейди корхона раҳбари Дилшод Зиятов. – Эндиликда 50 миллиметрдан 400 миллиметргача бўлган узелларни ҳам тайёрлаяпмиз. Бу мосламалар газ, суюқлик, буғни ҳисоблаш вазифасини бажаради. Маҳсулотни   ишлаб чиқариш учун асосан маҳаллий  хомашёдан фойдаланаяпмиз. Ўтган йили буюртмачиларга 832 миллион сўмлик маҳсулот етказиб бергандик. Аҳамиятлиси, биз таклиф этаётган маҳсулот нархи чет элдан импорт қилинадиган турдош товардан анча арзон тушади. Бу эса буюртмачига катта миқдорда валютани тежаб қолиш имконини бераяпти.

 “Standart pribor” масъулияти чекланган жамияти ҳам маҳаллийлаштириш дастурининг қатнашчиси саналади. Субъектда ишлаб чиқарилаётган УПАК русумли, харажатларни ўлчовчи қурилма ва “Рубин” русумли сигнализаторларга ички бозорда талаб мавжуд. Уларни тайёрлаш учун зарур эҳтиёт қисмлар ва деталларнинг фақат 36 фоизи четдан импорт қилинади.

- Ўтган йиллар давомида маҳсулотларимизни такомиллаштириб бордик, - дейди корхона раҳбари Камил Ядиханов. – Мисол учун, сигнализатор мосламаси баллон ёки қувурдан газ сизиб чиққани ҳақида огоҳлантиради. Унинг кундалик ҳаётимизда қўллаш мумкин бўлган ихчам кўринишдаги турларини ҳам ишлаб чиқараяпмиз. Айни пайтда маҳсулотларимизнинг асосий харидорлари йирик саноат корхоналари бўлмоқда. 2016 йилда корхонамиз томонидан қарийб 650 миллион сўмлик товар реализация қилинди.

Тадбиркорнинг айтишича, ҳозирги кунда корхона фаолиятида асосий эътибор ишлаб чиқаришда маҳаллий хомашё улушини кўпайтириш, янги маҳсулотларни тайёрлашни ўзлаштиришга қаратилмоқда. Келгусида қувур босимини ўлчовчи рақамли монометр ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсад қилинган. Ушбу маҳсулот ҳам импорт ўрнини боса олиши билан аҳамиятлидир.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!