Меню
Қашқадарё
“КОНЦЕПЦИЯ – ТЕАТР ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСИ”
Таниқли режиссёр, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Абдураҳмон АБДУНАЗАРОВ театрлар концепцияси қандай бўлиши ва у нимага хизмат қилиши лозимлиги, бугунги кунда театр соҳасида кўзга ташланаётган айрим муаммолар хусусида ўз фикрларини билдирди:
- Аввало, концепция – бу дастуриламал. У театрнинг келажагини белгилаб берадиган дастур. Демак, у шундай тузилиши керакки, ҳам бугунги замон талаби, ҳам жаҳон андазаларига мос, томошабин дидига жавоб бера олсин. Театр санъатини ипидан игнасигача яхши ўрганган, шу соҳада суяги қотган, пухта биладиган малакали мутахассислар томонидан ишлаб чиқилиши лозим бўлган бу ҳужжат театрларимизнинг эртанги кунига пойдевор бўлишини унутмаслик лозим.
Аслида бугунги кунда театрларнинг умумий концепцияси бу соҳада шарт ва зарурий омиллардан бири. Чунки бинони қуришдан олдин унинг лойиҳаси тузилгани каби, концепция ҳам театр фаолиятининг асоси. Шундай экан, унинг ҳар бир банди ҳам мамлакат, миллат нуқтаи назаридан, ҳам театрнинг ҳар бир ходими манфаатларидан, ҳам томошабин нигоҳи билан ёндашган ҳолда, чуқур ва батафсил ишлаб чиқилиши лозим, деб ўйлайман. Нега? Бугун бутун дунёда рўй бераётган глобаллашув жараёнида ҳар бир миллатнинг ўзига хос қадриятлари маълум бир хавф остида қолаётгани, четдан кириб келаётган “оммавий маданият” хуружи миллий маданиятнинг ажралмас бир қисми сифатида театр санъатига ҳам қутқу солаётгани ҳеч кимга сир эмас. Театр – ибратхона. Унинг саҳнасида қўйиладиган ҳар бир томоша, аввало, тарбия воситаси. Бу восита ўша оломонга хос маданият тарғиботчилари илгари сураётган ғайриинсоний, ғайримаданий қарашлар, ғояларга қарши тура оладиган, тагзамини мустаҳкам ғояга эга бўлиши шарт. Ишлаб чиқиладиган концепция масаланинг мана шу жиҳатини ҳам қамраб олиши зарур, деб ўйлайман. Менга қолса, дастлаб республика бўйича умумий амал қиладиган, таъбир жоиз бўлса, катта концепция яратилгани маъқул. Ҳар бир вилоятдаги давлат театрлари ана шу катта концепциядан келиб чиққан ҳолда ўзининг ҳам маҳаллий концепциясини тузгани мақсадга мувофиқ бўлади, деб ҳисоблайман.
Қолаверса, бугунги кунда бизнинг театрларимиз ўз олдига қўйилган талабга жавоб бера олмаяпти. Чин иқтидорли актёрлар, режиссёрлар соҳадан чиқиб кетаётгани кўпчиликка маълум. Уларни театрга қайтариш, ҳақиқий истеъдодлиларни кашф этиш, тарбиялаш учун то бугунга қадар бу масканда юзага келган, шаклланиб бўлган қолипларни бузиш керак бўлади. Бунинг учун етук, малакали мутахассисларни жалб қилиш, улар ёрдамида янги, келажакни ярата оладиган мутахассисларни тайёрлаш керак. Концепцияда ана шу вазифалар ўз аксини топмоғи мақсадга мувофиқ.
Яна бир масала – театрларнинг жанр масаласи. Ҳужжатни тайёрлаш жараёнида шу жиҳатни ҳам эътиборга олишимиз зарур, деб ўйлайман. Маълумки, пойтахтда бир нечта жанрга ихтисослашган театрлар фаолият кўрсатади. Ҳам сатира театри, ҳам драма, ҳам мусиқали драма, ҳам опера ва балет жанридаги театрлар учун марказда шароит, имконият ва талаб етарли. Лекин вилоят театрлари учун асосан икки хил – драма ва мусиқали драма жанрларига кўп мурожаат этилади. Бугунги кунга келиб, афсуски, мусиқали драма бироз ортда қолаётган, театрларимиз саҳнасидан сирғалиб чиқиб кетаётган жанр. Бунинг ҳам ўзига хос сабаблари бор. Аввало, мусиқали драма яратиш осон иш эмас. Чунки унда ноёб овозлар, ноёб мусиқа ишлатилади. Саҳна асари рақс ҳаракатлари билан уйғунлашади. Бунда томошабин ранг-баранг ва ёрқин истеъдодлар томошасидан баҳра олади. Бу эса катта жамоавий меҳнат, катта сарф-харажат, дегани. Шу сабабли ҳам мусиқали драма моддий жиҳатдан энг қиммат жанр, десак муболаға бўлмайди. Бу фақат бизда эмас, балки бутун дунё бўйича энг қиммат турадиган намойиш мусиқали томошалардир.
Республика миқёсида олиб қарайдиган бўлсак, бугун бизда ушбу жанрни саноқлигина театр эплай олади. Мусиқали драма театрида камида 250-300 нафар одам ишлаши талаб этилади. Шуларнинг тенг ярми мусиқа соҳасидан хабардор, етук мутахассис бўлиши керак: хонандалар, созандалар, раққосалар талаб этилади. Актёрлар вокал билимига эга бўлмоғи лозим. Драматургдан ташқари мусиқали драма устида режиссёр билан баб-баравар композитор ҳам ишлаши лозим. Декорациялар ҳам нозик дид билан ишланиши керак. Саҳна рақсларини саҳналаштириш шарт. Бунинг учун нафақат ўз ишини яхши биладиган мутахассисларга эҳтиёж бор, балки мусиқали драма театрнинг махсус биноси ҳам талабга жавоб берадиган даражада бўлиши керак. Демак, мусиқали драма театрини мана шу тайёргарликларсиз шакллантириб бўлмайди. Эҳтимол, шу сабаблидир, биздаги жуда кўп театрлар фақат драма жанрида ижод қилиш билан чекланиб қолаяпти. Тузилажак концепцияда бу ҳам албатта ҳисобга олиниши, вилоятлардаги театрларнинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда жанр белгиланиши лозим.
Қашқадарё вилоят театрида, менинг фикримча, мусиқали драма жанрида ижод қилиш учун имкониятлар сақланиб турибди. Тўғри, театрнинг мусиқали драмага тайёргарлиги фақат 50 фоизни ташкил қилади, лекин вилоятлар миқёсида олиб қараладиган бўлса, бу кўрсаткич нисбатан кўп(!) Республика миқёсида ижод қилган режиссёр сифатида бундай имкониятни яна Самарқанд вилоят театри ва Қорақалпоғистон давлат театрида бор, деб айта оламан. Қолган фоизни қоплаш учун тинимсиз меҳнат, эътибор ва қўллаб-қувватлов талаб этилади. Ва тузилиб, ҳаётга татбиқ этиладиган концепция мана шу мақсадни амалга ошириш учун дастуриламал бўлишига ишонаман.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА ёзиб олди.