Меню

Қашқадарё

28.07.2022 4146

КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР

инсон қадрини улуғлаш, тараққиётни тезлаштиришга қаратилгани билан ҳам муҳим

 Муносабат

Мен юрт ва халқ тақдирига бефарқ бўлмаган, ҳаётда бироз аччиқ-чучук тажриба орттирган киши сифатида Конституциямизни ислоҳ қилиш бўйича билдирилаётган таклифларни кузатиб бормоқдаман. Таклифларнинг кўпи халқнинг кўнглидан чиққан, ҳаётий тажрибаси натижасида шаклланган.

Айниқса, менга давлатимиз раҳбарининг 20 июнда Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувдаги маърузаси, билдирган фикрлари қаттиқ таъсир қилди. Хаёлимда баъзи хотиралар жонланди.

Амалдаги Конституциямиз қабул қилинган 1992 йилда мен вилоят ҳокимининг ижтимоий-маданий, мафкуравий ишлар билан шуғулланувчи ўринбосари эдим. Конституция лойиҳасини муҳокама қилиш, таклифлар билдиришни ташкил этишда фаол иштирок этганман. Мустақилликка эришган халқимизнинг ўша даврдаги кўтаринки руҳи, кайфияти ҳамон кўз ўнгимда.

Очиғини айтадиган бўлсам, амалдаги Конституция халқимизнинг ижтимоий қарашлари тоталитар тузумда шаклланган, демократик анъаналар ҳали юзага чиқмаган бир шароитда қабул қилинган, мустақил давлат   бошқаруви тажрибаси йўқ эди. Шу сабабдан амалдаги Конституцияда кўпроқ халқнинг ижтимоий адолат, демократия, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги тасаввурлари, орзу-ҳаваслари, мутахассисларимизнинг назарий қарашлари акс этган. Уни қабул қилишда, албатта, халқаро тажриба, қатор мамлакатлар конституциялари, БМТ Низоми ва халқаро ҳужжатлар ҳам ўрганилган. Шундан Конституция миллий тикланишимиз, мустақил, суверен республика ўлароқ жаҳонда ўз ўрнимизни топиш, давлат ва жамият бошқарувини, мулкчилик муносабатларини тубдан ўзгартириш учун ҳуқуқий асос бўлди. Аммо тоталитар тузумда шаклланган ижтимоий онг, ҳаётга муносабат, айниқса эски давлат бошқаруви ва иш услуби бирданига бартараф этилгани йўқ.

Энг аввало, мустақилликнинг биринчи 25 йилида давлат манфаатларини инсондан устун қўйдик, сўз ва иш бирлигини, кадрларга нисбатан ишончни, адолатни таъминлай олмадик. "Ўзбекистон - келажаги буюк давлат" шиорини, баркамол авлодни, комил инсонни тарбиялаш ғояларини ўртага ташладик. Лекин буюк келажакни таъминлайдиган, баркамол авлод бўлиб етишиши давлат сиёсати дея эълон қилинган ўқувчиларни, талаба ёшларни пахта теримига, ободончилик ишларига, мажбурий меҳнатнинг бошқа турларига жалб қилдик. 9 ой ўрнига 7 ой ўқитдик. Мажбурий меҳнатга минглаб корхоналар ишчи-ходимлари, ўқитувчилар, шифокорлар, ҳатто маҳаллалар орқали турли ёшдаги аҳоли, шу жумладан, кунлик теримга айрим пенсионерлар ҳам сафарбар этилди.

Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ҳақида кўп гапирдик, амалда инсонни қадрламадик. Тадбиркорликни, айниқса ўрта ва кичик бизнесни ривожлантираяпмиз, таълимни IТ технологияларига ўтказаяпмиз, деб жаҳонга жар солдик, аммо электр энергияси таъминотини чеклаб қўйдик. Компьютер синфларидан қулф олинмасди, ташкил этилган кичик корхоналар ишламай ёки чала ишлаб тураверди. Натижада на таълим, на тадбиркорлик етарлича ривожланди. Мулк шаклидан қатъи назар корхоналар ўз ҳисобидан ишчиларини пахта теримига жалб қилиб, овқатлантириб, транспорт харажатларини кўтариб, баъзилари иқтисодий ночор аҳволга келиб қолди. Фермерлар ва корхоналар ҳам, аслида давлат ҳам бундан катта зарарга учради. Фойдасини фақат пахта толасини четга сотадиган "корчалонлар" кўрди.

Гўёки давлат пахтани охиригача териб олишдан манфаатдор эди. Инсон манфаати, тадбиркор манфаати ҳисобга олинмади. "Давлат-жамият-инсон" занжири асосида инсонга муносабат охирги ўринда бўлиб келди. Қоринни тўйғазиш мияни ривожлантиришга нисбатан устуворлик касб этди.

Тоталитар тузумдан қолган бошқарув усули ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларни қишлоқ хўжалиги ишларига давлат миқёсида жалб қилинишида яна намоён бўлди. Бундай ножоиз амалиёт, биринчидан, уларнинг асосий ишларини бажаришдан чалғитди. Иккинчидан, одамларда демократияга, фермерларнинг, қишлоқ хўжалигининг эркин ривожланишига, бозор муносабатларига нисбатан шубҳа уйғотди.

Фермерлар, кичик, ўрта корхоналарнинг аксарияти ривожланишни эмас, касодга учрамаслик, жон сақлаб қолишни ўйлашга мажбур бўлди. Оқибатда аҳолини банд қилиш муаммоси йилдан-йил қийинлашиб келди. Кўплаб ёшлар уюшмаган ҳолда мамлакатдан четга иш излаб чиқиб кетди. Давлат уларни ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилмади. Меҳнат ва яшаш шароитлари яхши бўлмаганини, бошларига тушган ҳар хил азоб-уқубатларни меҳнат мигрантларининг ўзлари билишади. Тилимизда ҳатто "одам савдоси" деган ибора пайдо бўлди.

Мамлакатда 2017 йилдан ислоҳотларга янгича ёндашув кузатилди, давлат сиёсати шиорбозликдан воз кечиб, реал муаммоларни ечишга, халқни рози қилишга қаратилди. Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак, деган тамойил амалга оширила бошлади. Халқ қабулхоналари, виртуал қабулхоналар, бизнес-омбудсменлар институти ташкил қилинди. Аввалги "давлат-жамият-инсон" занжири "инсон-жамият-давлат" шаклини олди. Бу давлат сиёсатининг тубдан инсонпарварлик, халқпарварлик томон ўзгаришига олиб келди.

Аслида секторлар тузилиши ҳам айни шу мақсадга хизмат қилади. Чет элларга ишлаш учун кетаётганларга касб ўргатиб, бораётган мамлакати билан шартномалар тузиб, уларни ҳуқуқий-ижтимоий жиҳатдан ҳимояга олинишига эришмоқдамиз. Ҳатто чет элларга бола-чақасини олиб адашиб чиқиб кетган, турли экстремистик гуруҳларга қўшилган фуқароларимиздан ҳам воз кечмадик. Улардан жиноят қилмаганлари, шунингдек, ҳалок бўлганларнинг хотин, бола-чақаларини қайтардик. Ўзбекистонда неча йиллардан буён яшаб, фуқаролигини расмийлаштиролмай юрган кишиларга паспорт ва барча фуқаролик ҳуқуқлари берилди. Қўшни давлатлар билан алоқаларни яхшиладик, чегараларни очдик. "Янги       Ўзбекистон" деган тушунча одамлар онгида мустаҳкамланди.

Янги Ўзбекистонда инсон қадри, инсон манфаатлари биринчи ўринга чиқди. Кадрларга, шу жумладан, раҳбар кадрларга муносабат тубдан ўзгарди. Дастлабки 25 йилда йўл қўйилган хатолар тузатилмоқда. Халқимизда мақол бор: "Қорнимга эмас, қадримга йиғлайман". Турли сабабларга кўра, четга сурилиб, фаол ҳаётдан ажратиб қўйилган аксар собиқ раҳбарлар, уларнинг яқин қариндошлари шаъни, ор-номуси тикланди.

Президентимиз  бирор кишининг содир этган айби учун қариндошлари жавоб бермаслиги тўғрисидаги меъёрни Конституциянинг 26-моддасига киритишни таклиф қилмоқда. Совет давридан адолатга, инсонпарварликка мутлақо зид амалиёт қолган эди: жавобгарликка тортилган шахснинг яқин қариндошларига шубҳа билан қаралар, амалда улар мансабидан ё айрилар, ё юқорироқ мансабга кўтарила олмас эди. Бундай ноҳақликдан кўплаб қобилиятли, истиқболли кадрлар жабр чеккани, ҳаётдан, ишдан кўнгли совиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. Айни ушбу ўзгариш давлатимиз раҳбари томонидан таклиф этилгани унинг нафақат адолат тўғрисида, шунингдек, ҳар бир инсонга ўз қобилиятини юзага чиқариш учун қўшимча конституциявий асос яратилиши тўғрисида ўйлаётганидан далолат беради.

Совет давридан келаётган яна бир камчиликка барҳам берилмоқда. Илгари мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда асосий эътибор тармоқларга қаратилар эди, ҳудудлар эҳтиёжлари етарлича ҳисобга олинмас эди. Шу боис баъзи ҳудудлар нисбатан яхши ривожланар, баъзилари қолоқлигича қоларди. Энди тармоқлар қатори ҳудудлар манфаати ҳам ҳисобга олиниши конституциявий меъёрга айланмоқда. Бу Янги Ўзбекистонда ижтимоий адолат юзага чиқаётганига яна бир далолатдир.

Мисол учун, Ғузор тумани мамлакатга табиий газ етказиб берса-да, ҳатто унинг маркази ҳам табиий газдан узилган эди, тармоқ (вазирлик) ҳудуд манфаатларини заррача ҳисобга олмасди. Мен бу даврда Ғузор ва Китоб туманларида раҳбар бўлиб ишлаганман. Янги Ўзбекистонда бундай адолатсизликлар бартараф этилиши қаторида, келажакда яна такрорланмаслиги учун Конституцияга "тармоқ" сўзи ёнига "ҳудуд" сўзи қўшилмоқда. Биргина сўз давлатнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатини қанчалик ўзгартирмоқда.

Таассуротлар мўл. Ҳаммасини баён қилишнинг иложи йўқ. Лекин мен ҳам бир таклиф билдирмоқчи эдим: Конституциянинг 11-моддасига "Давлат танлов асосида кадрлар захирасини яратади ва захирадаги кадрлар билан тизимли ишлар олиб боради" деган меъёрни қўшиш    лозим. Кадрларни тайёрлаш борасида Янги Ўзбекистонда ноёб амалий тажриба тўпланаётир. Маҳаллаларда ҳокимнинг ёрдамчилари, ёшлар ва хотин-қизлар етакчилари институти жорий қилинди. Улар бевосита халқ билан ишлаш кўникмаларини ўзларида ўстирмоқда. Айнан улардан муносибларини кадрлар захирасига киритиш, Президент ҳузуридаги академияга ўқишга тавсия этиш лозим.

Ўзбекистон фуқароси сифатида мен Конституциямизга киритилаётган қўшимча ва ўзгаришларга катта умид боғламоқдаман. Чунки улар Ўзбекистонни ижтимоий адолат таъминланган ҳақиқий демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатга айлантиришнинг асоси бўлади, тараққиётни тезлаштиради.

Озод ПАРМОНОВ,

меҳнат фахрийси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!