Меню

Қашқадарё

06.12.2019 1522

КОНСТИТУЦИЯНИНГ АҲАМИЯТИ

 

Шавкат МИРЗИЁЕВ:

…Бош қонунимизни чуқур ўрганиш, англаш, ҳаётга жорий этиш ва унга сўзсиз амал қилиш – барчамизнинг шарафли бурчимиздир.

 

Бахтимиз асоси

КОНСТИТУЦИЯНИНГ АҲАМИЯТИ

совет давридаги қоидалари қоғозда қолиб кетадиган расмий ҳужжатдан фарқли, дунёда ҳеч кимдан кам эмаслигимизни кафолатлаган нормаларда кўринади

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси юртимизда 70 йилдан зиёд ҳукм сурган собиқ иттифоқ давридаги барча Конституциялардан тубдан фарқ қилади. Илгариги Конституциялар республиканинг "суверен"лиги ҳақида қуруқ сўзлар ёзилган, ҳуқуқий қоидалари қоғозда қолиб кетадиган, расмий бир ҳужжат бўлса, 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган янги Қомуснинг барча моддалари  ҳақиқий мустақиллик ғоялари билан суғорилганди. Энг муҳими, у халқимиз хоҳиш-иродаси ва жаҳонда тўпланган илғор тажрибалар асосида ишлаб чиқилди.

Сир эмас, бугунги кунда демократик тараққиёт йўлидан бораётган давлатларда қонун устуворлиги жамиятда адолат ва   барқарорлик ўрнатиш, ижтимоий тотувликка эришишнинг ишончли воситаси бўлиб майдонга чиқмоқда.

Қонун устуворлиги эса давлат ва унинг органлари, мансабдор шахслар, барча жамоат бирлашмалари ҳамда фуқароларнинг Конституция ва қонунларга мувофиқ фаолият олиб боришини тақозо этади. Бундан ташқари, ушбу тамойил барча норматив-ҳуқуқий актлар Конституцияга ва унга мувофиқ чиқарилган қонунларда мустаҳкамланган қоидаларга тўлиқ мос келишини ҳам қатъий талаб этади. Мазкур конституциявий принципга тўла риоя этиш пировардида мамлакатда қонунчилик ва ҳуқуқий тартибот, тараққиёт ва барқарорликни таъминлайди. Бу Бош қомусимизнинг 15-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, унга кўра, Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар.

Асосий қонунимизнинг 16-моддасида эса "Мазкур Конституциянинг бирорта қоидаси Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас.

Бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас", дея белгилаб қўйилган.

Қонун устуворлиги ҳуқуқ ҳукмронлиги билан узвий боғлиқ. Ҳуқуқ ҳукмронлиги шунда кўринадики, ҳар қандай давлат ҳуқуқий нормалар яратар экан, энг аввало, ўзи ҳуқуқий нормаларга риоя этиши керак, яъни амалдаги ҳуқуқ нормалари фуқаролар учун қанчалик мажбурий характерга эга бўлса, давлат учун ҳам, унинг мансабдор шахслари учун ҳам шунчалик мажбурий характерга эгадир. Ўз навбатида, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз айтганидек, қаерда қонун ҳукмрон бўлса, ўша ерда эркинлик ҳам бўлади.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда  Конституциямизнинг 10-боби муҳим аҳамиятга эга. Аслида истиқлолнинг асл моҳияти ҳам инсонни  ва унинг ҳаётини улуғлашдир. Бош қомусимизнинг 13-моддасида, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний қадриятларга асосланиши, инсон ва унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва  бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги   қатъий белгиланганини таъкидлаш жоиз.

Ўзбекистон Конституцияси инсонларга муайян ҳуқуқ ва эркинликлар бериш билан бирга уларни амалга ошириш учун зарур бўлган иқтисодий, сиёсий ва ҳуқуқий кафолатлар билан таъминлайди. Давлат фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш вазифасини ўзининг турли идораларига юклайди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг (суд, прокуратура, ички ишлар ва бошқа органлар) асосий вазифаси шундан иборат.

Шу боисдан ҳам, Конституциямизнинг 44-моддасида ҳар бир шахснинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат идоралари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи мавжудлиги баён этилган.

Ўзбекистонда ҳокимиятнинг бўлиниш тамойиллари амалга оширилгани боис суд ҳокимиятининг мустақиллиги кучайди, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда судларнинг фаолияти кенгайди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида суд уч ҳокимиятнинг бири сифатида эътироф этилди. Маълумки, ҳуқуқий-демократик давлатда суднинг ўрни ва аҳамияти кескин ошади. Суд фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний  манфаатларининг ҳимоячиси бўлиши лозим, бунга эришиш учун энг аввало, судга жазоловчи орган деб қарашдан халос бўлиш зарурати туғилди. Ана шу олий мақсадга эришиш ниятида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва бевосита раҳбарлиги остида суд тизимида чуқур ислоҳотлар ўтказилди ва бу жараён изчил давом эттирилмоқда.

Асосий қонунимизда белгиланган тамойиллар ва қоидалардан маълумки, инсонпарвар, демократик, ҳуқуқий давлатни барпо этиш жамиятимиз олдига қўйилган бош стратегик мақсаддир.

Албатта тарих учун 27 йиллик давр катта муддат эмас. Лекин мана шу ўтган даврда турли жабҳаларда эришилган натижалар ҳам чакана эмас. Ўтган йилларнинг ўзиёқ Конституциямизнинг нақадар етук ва нуфузли ҳуқуқий ҳужжат эканлигини исботлади. Асосий Қонунимиз юксак савияда, жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари тажрибасида минг бор синовдан ўтган демократия ва адолат тамойилларига таянилган ҳолда қабул қилинганини хорижий давлат раҳбарлари, таниқли сиёсатчилар, иқтидорли ҳуқуқшунослар тан олган.

Бош қомусимиз дунёда ҳеч кимдан кам эмаслигимиз, тенглар ичра тенглигимиз, келажаги буюк давлат қуришга бел боғлаган бағрикенг, кўп миллатли Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатловчи ҳужжат сифатида йўлларимизни чароғон этувчи йўлчи юлдуз экан, ҳар бир онгли фуқаро Асосий қонунимизнинг барча моддаларини мукаммал билиши ва ҳаётга тўғри татбиқ қилмоғи, шунингдек, ўзига юклатилган бурчларни сезиб, тўлақонли равишда бажариши даркор.

Рустам ҚЎШОҚОВ,

Чироқчи тумани маъмурий суди раиси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!