Меню
Қашқадарё
КОНСТИТУЦИЯ ВА ХАЛҚАРО ҲАЁТ
Бош қомусимизга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси давлат ва халқнинг олий манфаатлари, фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида иттифоқлар тузиши, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириши ва улардан ажралиб чиқиши мумкин.
Конституциянинг 17-моддасига биноан, Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Унинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини қўлга киритиши биланоқ дунёдаги барча мамлакатлар билан ўзаро икки ҳамда кўп томонлама муносабатларини белгилашда биринчи навбатда тинчликпарварлик тамойилига амал қиладиган ички ва ташқи сиёсат юритишини жаҳонга маълум қилган эди. Чунки тинчлик-хотиржамлик ҳукм сурган мамлакатдагина фаровон ҳаёт ва ободлик учун интилиш, эзгу режаларни амалга ошириш иштиёқи ҳамда имкониятлари юзага келади. Хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, турли таҳдид ҳамда хавф-хатарларга қарши кураш масаласи долзарб аҳамият касб этаётган бугунги кунда ушбу ҳаётий ҳақиқатнинг қадр-қиммати янада юксак ва теран мазмунга эга.
Эътиборга молик жиҳати, юртимиз ташқи сиёсат ҳамда дипломатик муносабатларни амалга ошириш учун қулай имкониятларга эга. Бу биринчидан, мамлакатимизнинг қулай географик жойлашуви, иккинчидан, мамлакат ҳудудининг минераль ва фойдали қазилмаларга бойлиги, учинчидан, давлат миқёсида иқтисодий-ижтимоий сиёсатни амалга ошириш учун имконият берадиган барқарорлик, байналмилаллик принципларининг таъминлангани билан изоҳланади.
Жаҳон амалиётидан маълумки, мустақил тараққиёт йўлига кирган мамлакатлар ҳеч қачон ўз қобиғига ўралиб ривожланмаган. Аксинча, жаҳон ҳамжамиятига қўшилиш орқали ўз тақдирини белгилаган. Ҳозирги даврда, айниқса, интеграция жараёнлари ва фан-техника тараққиёти кучайган бир вақтда давлатларнинг ўзаро ҳамкорликсиз фаолият юритишлари мумкин эмас.
Шунга мувофиқ, мамлакатимиз ташқи сиёсатининг асосий ва устувор йўналишларидан бири МДҲ давлатлари билан турли хил сиёсий ва иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга қаратилган. Мазкур давлатлар миқёсида кўпгина конвенциялар, декларациялар, келишувлар ва бошқа норматив актлар қабул қилинганки, бу ташкилотга аъзо мамлакатларнинг бирлиги, ўзаро ёрдам принципларига таяниши, манфаатли ҳамкорлик, ўзаро ишонч ришталарини ҳуқуқий таъминлашга имкон бермоқда. Аммо ташкилотнинг ривожланиши бир маромда кечаётгани йўқ. Унга аъзо айрим мамлакатларнинг турфа иқтисодий вазиятга эга эканлиги, иқтисодий ислоҳотлар турли даражада амалга оширилаётгани бунга сабабдир.
Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан турли хил, хусусан, дипломатик алоқаларни мустаҳкамлаб бориши эса стратегик аҳамиятга эга масала. Бу вазифаларни қуйидаги омиллар белгилаб бермоқда: биринчидан, Марказий Осиёда жойлашган мамлакатлар халқлари бир-бирини тилмочларсиз тушуниши, иккинчидан, ҳозирги миллий давлатчиликнинг ўзига хос ривожланишида бирдамликка чақирувчи имкониятларнинг мавжудлиги, учинчидан, тарихий, ҳуқуқий, диний ва ахлоқий қадриятларнинг муштараклиги, тўртинчидан, ўлкада азалдан ҳурфикрлилик, озодлик ва эркинлик принципларининг устувор аҳамиятга эга бўлганлигидир.
Бу ҳудудда алоқаларни ривожлантиришни белгилаб берадиган зарур омиллардан яна бири Марказий Осиё минтақасининг геостратегик ва иқтисодий жиҳатдан ҳамда табиий захиралар нуқтаи назаридан халқаро муносабатларда етакчи ўринларга чиқаётганлигидир.
Ўзбекистон Республикаси дипломатияси олдида турган муҳим вазифалардан бири Марказий Осиё мамлакатларининг халқаро гуманитар ва халқаро хавфсизлик масалаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлигини таъминлаб беришдир. Бунинг учун биринчи навбатда, халқаро ҳуқуқ нормаларининг миллий қонунчиликка имплементацияси ҳамда минтақада жойлашган мамлакатларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш даркор.
Ташқи сиёсий фаолият концепциясига кўра, Ўзбекистон Республикаси давлатнинг, халқнинг олий манфаатларига, фаровонлиги ва хавфсизлигига, мамлакатни модернизация қилишнинг устувор йўналишларига, амалдаги миллий қонунчилик ҳамда қабул қилинган халқаро мажбуриятларга амал қилган ҳолда иттифоқлар тузиш, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириш, шунингдек, улардан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Шунингдек, тинчликсевар сиёсат юритади ва ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмайди, ҳар қандай давлатлараро тузилмалар ҳарбий-сиёсий блокка айланган тақдирда, улардан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
Қўшни давлатлардаги қуролли зиддиятларга ва танг вазиятларга тортилишининг олдини олиш юзасидан сиёсий, иқтисодий ва бошқа чора-тадбирларни кўради, шунингдек, ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўймайди.
Конституцияга, “Мудофаа тўғрисида”ги Қонунга ва Ҳарбий доктринага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари фақат давлат суверенитети ва мамлакат ҳудудининг яхлитлигини ҳимоя қилиш, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини асраш мақсадидагина тузилади ҳамда хориждаги тинчликпарварлик операцияларида иштирок этмайди.
Концепцияда Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик, суверенитетни, ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш, чегараларнинг дахлсизлиги ва бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, мунозарали масалаларни тинч йўл билан ҳал этиш, шунингдек, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик каби устувор принципларига содиқ бўлиб қолишига ҳам алоҳида ўрин берилган.
Ўзбекистон ўзининг яқин қўшнилари билан муносабатларда доимо очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат юритиш тарафдоридир, минтақадаги барча долзарб сиёсий, иқтисодий ва экологик муаммолар ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда, амалий мулоқот ва халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал этилишини ёқлайди.
Мисол келтирадиган бўлсак, Ўзбекистон нотинчлик ўчоғи бўлиб келган қўшни Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслик принципларига риоя этилиши тарафдори ва у билан муносабатларни икки томонлама асосда, ҳар иккала мамлакатнинг миллий манфаатлари ва халқаро ҳуқуқнинг умумқабул қилинган нормаларини ҳисобга олиб, Афғонистон халқи танлайдиган йўлни ҳурмат қилган ҳолда йўлга қўяди.
Шу ўринда трансчегаравий сув ҳавзалари ресурсларидан фойдаланиш масалаларида Марказий Осиё мамлакатларининг ягона нуқтаи назари йўқлиги туфайли ушбу сув ҳавзаларидан фойдаланишнинг ҳал этилмаган ҳаётий муҳим муаммолари ҳамда айрим давлатлар сувдан биргаликда фойдаланиш соҳасидаги давлатлараро муносабатларни тартибга солувчи халқаро ҳуқуқ нормаларини инкор этаётганини ҳам қайд этиш зарур. Ўзбекистон мазкур масалаларга ҳам ўзаро ҳамкорлик ва мулоқот асосида ечим топишни маъқул кўради.
Албатта, Ўзбекистон ҳукумати томонидан тинчликпарвар ички ва ташқи сиёсатнинг тарғиб этилишида қатор тарихий, ғоявий-маънавий асослар мавжуд. Меҳнаткаш, бағрикенг, кўп миллатли Ўзбекистон халқи узоқ ўтмиш силсиласида эришган маънавий қадриятлари негизида осойишталикнинг аҳамияти беқиёс. Барқарор тараққиётнинг узлуксиз таъминланиши учун эса халқаро саҳнада тинчликни қўллаб-қувватлаш долзарб масала эканини барчамиз яхши биламиз.
Америкалик машҳур олим Самуэль Хантингтон ўз асарларида янги даврда “маданиятлар тўқнашуви”ни башорат қилган бўлса, биз буни “маданиятлар учрашуви” деб баҳолаб, инсониятнинг эндиги тарихий босқичи ўзаро ҳамжиҳатлик ва осойишталикда яшаши учун катта бир имконият даври бўлади, деган фикрдамиз. Бинобарин, бозор иқтисодиёти асосидаги дунёвий жамиятга интилиш, бу – дунёнинг кўпчилик мамлакатлари танлаган магистраль йўл бўлиб, мазкур оқим қайсидир маънода давлатлар ўртасида, истаймизми-йўқми, ўзаро компромисс (келишув) муҳитини яратиш заруратини ифодалайди.
Зеро, дунёнинг айрим нуқталарида ХХ асрнинг сўнгги чораги ва ҳатто ҳозиргача давом этиб келаётган жумладан, бизга яқин Афғонистонда юзага келган беқарор вазият жаҳон ҳамжамиятидан бу масалаларга ўта жиддий ва ҳушёрлик билан эътибор қаратишни, уларнинг ечимини топишда оқилона йўл тутишни тақозо этади. Аҳамиятли томони, Ўзбекистон бу борада қатор таклифлар билан чиқиб келмоқда. Марказий Осиёнинг ядро қуролидан холи ҳудудга айлантирилиши, Афғонистон бўйича Тошкент музокаралари, минтақанинг келгусидаги хавфсизлик архитектураси мустаҳкамланишида бу ташаббуслар муҳим амалий аҳамиятга эга. Хусусан, афғон муаммосини фақат ҳарбий йўл билан ечиб бўлмаслиги ва бу можарони сиёсий воситалар билан ҳал этиш учун аввалдан фаолият юритиб келаётган мулоқот гуруҳини “6+3” гуруҳига айлантириш таклифи ҳам НАТОнинг 2008 йилда Бухарестдаги саммитида Ўзбекистон раҳбарияти томонидан билдирилган, сиёсий доираларда қизғин қўллаб-қувватланганди. Янги форматдаги ушбу гуруҳга Афғонистон билан қўшни давлатлар, АҚШ ва Россия ҳамда НАТО вакиллари кириши кўзда тутилган бўлиб, уларнинг асосий вазифаси афғон муаммосини сиёсий, яъни дипломатик воситалар билан ҳал этиш йўлларини излаб топишга қаратилди. Ҳолбуки, бугунги кунда афғон муаммосини қурол билан ҳал этиб бўлмаслигини реал фикрлайдиган ҳар бир инсон тушуниб етмаслиги мумкин эмас.
Умуман олганда, Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти миллий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда ўзаро ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш, халқаро майдонда ўзаро тенглик, хавфсизлик ва ҳамкорлик, инсон манфаатларининг устунлиги принципларини таъминлашга қаратилганки, буларнинг барчаси Бош қомусимизда белгиланган узоқни кўзлаган ҳаётбахш қоидаларнинг амалдаги ифодасидир.
Ҳафиза ҲУСАНОВА,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходими