Меню

Қашқадарё

17.10.2017 2331

КОНСТИТУЦИЯ ВА ИНСОН МАНФААТЛАРИ

Қайд этиш лозим, Бош қомусимизнинг ҳар бир жумласида юртимиз келажаги, халқимиз тақдири, бир сўз билан айтганда, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати каби олий қадриятлар мужассам. Унда ифодаланган минглаб имкониятлардан бири мулкдорлик ҳуқуқидир.

Хўш, бундан чорак аср олдин бировни мулкдор, тадбиркор дейиш мумкинмиди? Данғиллама уй қурган, қўша-қўша машина минган кишини эшитганмисиз? Қишлоқда яшаб 10 бош қорамол боққан одамни-чи? Эшитгандирсиз... Аммо...

Кечагина беш-ўн бош қорамол боққани учун “капиталист” деб ном олган, шунинг дастидан қанча-қанча таъқибларга учраган одамлар узоқда эмас, бугунги шодумон дамда яйраб шукур қилиб яшаётган юртдошларимиз экани ҳеч кимга сир эмас. Кечагина турли “ёрлиқ”лар ёпиштирилиб, олибсотар, чайқовчи дея ҳақоратланганлар бугунги ҳур замонда ўзини кўрсатиб, элга нафи тегаётган тадбиркорлардир. Хўш, ниманинг ҳисобига бутунлай бошқа одамга айландик? Қарашларимизни, тутумларимизни ўзгартириб юборган нарса нима ўзи?! Сабаб - Конституциямизнинг 36-моддасида “Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли...” дейилган. Демакки, бугун мулкдор бўлиш - ўз имкониятларидан тўла фойдаланиб, ўзига, атрофидагиларга, юртга наф келтириш ҳар кимнинг ўзига, ҳаракатига боғлиқ.

Собиқ тузум қомусларида барча давлат мулки “Бутун совет халқига тегишлидир” деган қоида белгилаб қўйилган ва бу амалда ҳеч қандай реал асосга эга эмас эди. Энди бу қоиданинг қийматини вилоятимиз мисолидаги бир неча рақамлар мисолида кўриб чиқайлик. Бугунги кунда республикада қазиб олинаётган газнинг 64 фоизи, нефтнинг 67 фоизи, газ конденсатининг 87,4 фоизи вилоят ҳиссасига тўғри келади. Калий тузи, мармар, керамзит, ёнувчи сланец, тошкўмир, қўрғошин, марганец, чинни тоши, бентонитли гил, қумли глауконит каби ўндан ортиқ турдаги фойдали қазилмаларимиз бор. Энг муҳими, бу бойликларга ўзимиз эгалик қиламиз, ўзимиз тасарруф этамиз. Ниманинг ҳисобига? Чунки Конституциямизнинг 55-моддасида ер, ер ости бойликлари ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойлик экани белгилаб қўйилган.

Тарихдан маълумки, ота-боболаримиз ишбилармон ўтган, ишнинг кўзини биладиган одамлар бўлишган. Новвойу пичоқсоз, қуролсозу шишасозлар ва бошқа ҳунар соҳибларининг энг моҳирлари шу юртдан етишиб чиққан. Самарқанд қоғозининг шуҳрати ўз вақтида дунёга ёйилган. Амир Темур даврида шаҳару қишлоқларда бир неча юзлаб ҳунармандлар маҳаллалари бўлган. Ота-боболаримиз ишбилармонликда тенгсиз эканини амалда кўрсатиб қўйишган. Хусусан, тарихчилар Насаф вилояти бозорларида 212 хил ҳунармандчилик маҳсулотлари сотилганини ёзишган.

Тўғри, илгариги замонда тадбиркорлик бошқа номлар билан аталган бўлиши мумкин. Қандай аталганидан қатъи назар, аждодларимиз айнан шу соҳа ҳисобидан рўзғор тебратиб, ўз оиласини, эл-юрт манфаатини таъминлаб келган. Бир сўз билан айтганда, тадбиркорлик, ишбилармонлик халқимизнинг, миллатимизнинг қон-қонига, суяк-суягига сингиб кетган фазилат саналади.

Шунга кўра, Конституциямизнинг 53-моддасида бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлаши, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги мустаҳкамланган.

Шуни назарда тутган ҳолда вилоятда аҳолининг шахсий ёрдамчи хўжаликларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қорамол, қўй, эчки, қуён боқиш ва гўшт етиштириш, паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш, ихчам иссиқхоналар ташкил этиш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини янада ривожлантириш, аёллар тадбиркорлигини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 289,6 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди.

Бугунги кунда вилоят тадбиркорлари томонидан мармар ванналар, мармар плиталар, сувли эмульсия, рангли брусчатка, қуруқ шпаклёвка, микрокальцит, канализация қувурлари, турли ўлчамдаги полиэтилен трубалар, профнастил, пеноблок, пишиқ ғишт ва бошқа бир қанча янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Агар вилоятда 1991 йилда 17 та ғишт заводи фаолият юритган бўлса, бугунги кунда йирик ва кичик  ғишт заводлари сони 170 дан ортиқни ташкил этади.

Яна бир эътиборли жиҳат шундаки, Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан    2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинганди. Вилоят бўйича ушбу Давлат дастурида назарда тутилган тадбирлар ижросига 2 триллион 296 миллиард 100 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Шуни ҳам айтиш жоизки, ҳар қандай инсоннинг соғлиғи бут ва ўзи хотиржам бўлсагина ислоҳотларнинг моҳиятини теран англайди.

Шунга кўра, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида вилоятда соғлиқни сақлаш соҳасини яхшилаш ва инсонларнинг хотиржамлигини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, бутун дунёда кузатилаётгани каби бизда ҳам қандли диабет ва бошқа эндокринологик дардлар кўпаймоқда. Вилоятимизда эса шу вақтгача эндокринология шифохонаси йўқ эди. Юқумли касалликларни даволаш ва уларнинг олдини олиш борасида ҳам ишлар ўлда-жўлда, эски шифохона 1940-йилларда барпо этилган, кўриниши ўта аянчли, лабораториялари абгор аҳволда эди. Юрак касалликлари шифохонаси ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.

Вилоятда юрак касалликлари билан боғлиқ 130 мингдан зиёд бемор рўйхатга олинган бўлса, уларнинг 60 минги доимий текширувдан ўтиб туриши керак, 300 нафари махсус стенд ўрнатилишига, агар бунга шу дард билан оғриган болаларни ҳам қўшадиган бўлсак, 4 минг нафарга яқин инсон операцияга муҳтож.

Шундан келиб чиққан ҳолда Президентимиз ташаббуси билан 120 ўринли эндокринология маркази, шунингдек, кардиохирургия маркази ва юқумли касалликлар шифохонасини янгидан қуриш учун 150 миллиард сўм маблағ ажратилди. Кардиохирургия марказига Германиядан 3 миллион долларлик турли асбоб-ускуналар келтирилмоқда. Албатта, кенг кўламли бу ишларнинг барчаси замирида инсон манфаатларини таъминлашдек эзгу мақсад мужассам.

Бугун дунёда кечаётган воқеалардан шу нарса маълум бўлмоқдаки, барча давлатларда ҳам фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси тўла кафолатланмаган ёки қонун ҳужжатлари қоғозда қолиб кетаверган. Мамлакатимизда эса истиқлолнинг дастлабки йилларидаёқ, иқтисодиётда бир қанча қийинчиликлар ва мураккабликлар бўлишига қарамасдан, аҳолини ялпи ижтимоий ҳимоя қилишга йўналтирилган ишлар амалга оширилди. Бунда мамлакат Конституцияси дастуриламал бўлди, десак янглишмаган бўламиз. Конституциямизда бирор соҳа ёки йўналиш йўқки, назардан, эътибордан четда қолган бўлса.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 39-моддасида “Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга.

Пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас”, дея қайд этилади.

Жорий йилда кам таъминланган 300 та оилага 311,4 миллион сўмлик моддий ёрдамлар кўрсатилган бўлса, 42 нафар киши Президент совғаси сифатида барча қулайликларга эга замонавий уйга эга бўлгани ҳам аҳолини ижтимоий ҳимоялашга қаратилган конституцион ҳуқуқнинг амалдаги ифодаси.

Шу билан бирга, 90 нафар хотин-қизга тикув машиналари ва 30 нафар хотин-қизга маиший техника жиҳозлари берилиб, уларнинг манфаатдорлигини оширишга ҳисса қўшилганини ҳам қайд этиш ўринли.

Аҳоли манфаатларини ҳисобга олган ҳолда 2009-2016 йилларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги 7 минг 578 та барча қулайликларга эга бўлган уй-жойлар қуриб, фойдаланишга топширилган бўлса, жорий йилда ҳам 32 массивда 1 минг 923 уй-жой қурилиши якунланмоқда. Арзонлаштирилган уйларга эса биргина шу йилнинг ўзида 936 та хонадон кўчиб кирди. Буларнинг барчаси албатта, халқни рози қилишга қаратилгани билан аҳамиятли.

Халқ розилиги ҳақида гап кетганда, мурожаатлар масаласига тўхталмасак бўлмас. Маълумки, Конституциямизнинг 35-моддасида ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқи белгиланган.

Мурожаат этиш ҳуқуқи – бу фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг муҳим конституциявий-ҳуқуқий воситаси ҳамда уларни муҳофаза қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

Шуниси эътиборлики, мурожаатлар билан ишлашнинг мутлақо янги тизими сифатида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва жойлардаги Халқ қабулхоналари ташкил қилинди. Ўтган давр мобайнида вилоятдаги Халқ қабулхоналарида 19826 та мурожаат кўриб чиқилган бўлиб, уларнинг 13457 таси фуқаролар фойдасига ҳал қилинган, энг муҳим  муаммоларга вақтида, жойида ечим топилган.

Айни вақтда вилоят ҳокими ва унинг ўринбосарлари, бошқа раҳбарлар томонидан 517 маротаба ўтказилган сайёр қабуллар давомида  кўрилган масалаларнинг барчасида одамлар манфаатини рўёбга чиқаришга қаратилган қарорларга келинган. Бунинг бари нимадан дарак? Конституциямизнинг 2-моддасида “Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар” дея белгилаб қўйилган ва қилинаётган барча ишлар ана шу қоиданинг инъикосидир, десак тўғри бўлади.

Таъкидлаш ўринлики, мамлакатимизда Бош қомус асосида фуқаролар ва миллатлараро тотувлик таъминланди, турмуш фаровонлиги йилдан-йилга юксалиб, ижтимоий-маданий ривожланиш, таълим, илм-фан, спорт соҳаларида салмоқли муваффақиятларга эришилмоқда.

Хусусан, вилоятимиз спортчилари 2017 йилнинг ўтган даврида жаҳон, Осиё ва мамлакат миқёсидаги мусобақаларда 406 та олтин, 463 та кумуш, 670 та бронза, жами 1539 та медални қўлга киритгани ҳам юртимизда ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол вояга етиши учун яратилган ҳуқуқий асослар самарасидир, десак хато бўлмайди.

Умуман олганда, бугун босиб ўтилган мустақил тараққиёт йўлини холисона баҳолар эканмиз, ўтган давр мобайнида биз эришган, дунё жамоатчилиги тан олган оламшумул ютуқ ва марралар, изчил ривожланаётган иқтисодиётимиз ва унинг барқарор ўсиш суръатлари, аҳоли фаровонлигининг йилдан-йилга ошиб, жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз обрў-эътиборининг тобора юксалиб бораётгани - буларнинг барчаси Конституциямиз асосига қўйилган, чуқур ва пухта ўйланган мақсад, принцип ва нормаларнинг ҳаётбахш самараси эканига амин бўлиш мумкин.

 

 

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!