Меню

Қашқадарё

07.12.2017 2507

КОНСТИТУЦИЯ ВА ДИН

Юртимизда турли миллат ва конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик, тотувлик ва мўътадиллик муҳити шаклланган. Конституциямизда Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, миллати, ирқи, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар қонун олдида тенгдирлар, деган қоида мустаҳкамлаб қўйилгани бунинг учун мустаҳкам сиёсий-ҳуқуқий замин яратган, десак айни ҳақиқатдир.

Қуйидаги ояти карима эса инсоннинг қадр-қиммати нақадар юқори эканлиги, ҳар бир шахснинг ҳақ-ҳуқуқлари Аллоҳ томонидан дахлсиз қилиб белгилангани ва кафолатланганини таъкидлайди: “Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди...” (“Бақара” сураси, 256-оят).

Худди шундай Бош қомусимизнинг 31-моддасида ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатлаб қўйилган. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди. Диний муассасалар фаолиятининг қонун асосида олиб борилиши таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида хотин-қизларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқлилиги кафолатланиши билан бир қаторда, оналик ва болаликни муҳофаза этиш мақсадини кўзлаб, қатор имтиёзлар берилган. Жумладан, меҳнат қилишда оналарга муносиб шароит яратилиши, оналик ва болаликнинг ҳуқуқий ҳимоя қилиниши кафолатланган.

Ислом динида ҳам аёлларнинг эркак билан тенг ҳуқуқли эканининг белгиси сифатида диний ва дунёвий илмлар олиш эркинлиги эътироф этилган.

Ислом – аёл кишини она сифатида улуғлаб, оилани ва соғлом жамиятни барпо этишнинг кўп соҳаларини унга топширди ҳамда жаннатни унинг оёғи остига қўйди. Динимиз аёлларнинг илм олишига катта эътибор қаратади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) айтганларидек, “Илм олиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир” (Ибн Одий ва Байҳақий ривояти).

Конституциямизнинг бошқа давлатлар Асосий қонунларидан фарқли жиҳати шундаки, унга оилани мустаҳкамлашни таъминлайдиган ҳуқуқий асос сифатида махсус “Оила” боби киритилган ва у  оила муносабатлари эр билан хотин, ота-она билан болалар ҳамда қариндошлар ўртасидаги, шунингдек, болалар тарбиясига оид муносабатларни ўз ичига олган.

Хўш, ота-онанинг фарзанди олдида қандай бурчлари бор? Уламоларимиз бу саволга жавоб тарзда, жумладан, қуйидагиларни зикр қиладилар: эмизиш, болага муносиб исм танлаш, ақиқасини қилиш, ҳомийлик қилиш, нафақа билан таъминлаш, меҳрибонлик кўрсатиш, балоғатга етгандан сўнг уйлантириб, оилалик қилиб қўйиш, муносиб ва чиройли таълим-тарбия бериш.

Асосий қонунимизнинг 66-моддаси эса бошқа конституцияларда акс этмаган шарқона инсонийликни ўзида мужассам этгани, яъни ота-она ва болалар ўртасидаги яқинлик, ғамхўрлик ҳамда меҳр-муҳаббатни мустаҳкамлаш ғоясини ифодалагани билан эътиборлидир: “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар”. Зеро, бу ҳаёт, турмуш тарзимиз болалардан ўз ота-оналари ҳақида ҳар доим ғамхўрлик қилишни талаб этади. Бу эса ҳар бир фарзанднинг ота-она олдидаги ҳам инсонийлик, ҳам конституциявий мажбуриятидир.

Динимиз ёши улуғ кексаларга нисбатан эътиборли бўлишга чақиради. Бу тўғрисида Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деб марҳамат қилган: “Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингизда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “уфф” дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!” (“Исро” сураси, 24-оят). Яъни, ота-онага нисбатан, “безорим чиқди”, “жонимга тегди” ва шунга ўхшаган маъноларни билдирадиган гапларни ишлатиб, уларни ранжитиб бўлмайди.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ота-онасини қариган пайтларида топсаю, икковларига ёки бирларига (хизмат қилиб) жаннатга кира олмаса, бурни ерга ишқалансин, бурни ерга ишқалансин, бурни ерга ишқалансин!”, дедилар.

Ота-она кексалик ёшига етиб, жисмлари заифлашиб, фарзандининг хизматига муҳтож бўлганларида, фарзандлар учун масъулият яна ҳам ортади. Инсон кексайгач, унинг кўнгли ҳам нозик бўлиб қолади, ҳар қандай сўз ва муомала ёқавермайди. Ана шундай вақтларда фарзанд ота-онанинг кўнглига йўл топа олиши лозим.

Конституциямизда, айниқса, таълим соҳасига алоҳида урғу берилган. Барчамиз яхши биладиган 41-моддада бепул таълим олиш ҳуқуқи белгиланган. 42-моддада эса “Ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади”, дея белгилаб қўйилиши негизида ёшларнинг зиёли, юксак тафаккур ва билимга эга бўлишлари учун амалга оширилажак саъй-ҳаракатлар ётади.

Аллоҳ таоло: “Агар билмайдиган бўлсанглар, аҳли илмлардан сўранглар” (“Наҳл” сураси, 43-оят), дейди. Ҳадисда: “Илмни, гарчи Чинда бўлса ҳам, талаб қилинглар”, дейилади. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Илм йўқолишидан олдин уни маҳкам тутинглар, илмнинг йўқолиши илм соҳибларининг кетишидир. Илмни маҳкам тутинглар, чунки ҳеч ким қачон унга муҳтож бўлишини билмайди”, дедилар.

Хулоса қилиб айтганда, муқаддас динимиз ғоялари Бош қомусимизда ҳам ўз аксини топган бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Шуниси аниқки, бугун Конституциямиз мамлакатимизнинг нафақат ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг ҳуқуқий асослари, балки маънавиятимиз, инсоний қадриятлар ва оилавий муносабатларни ҳимоялашнинг ҳуқуқий асоси бўлиб ҳам хизмат қилмоқда.

Ўткир ҒУЗОРОВ,

Китоб туманидаги Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим  юрти мудири

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!