Меню

Қашқадарё

04.10.2018 1879

КОЛЛЕЖНИНГ ШЕРИГИ – ХОРИЖИЙ КОРХОНА

Тегишли низомга мувофиқ тузилган шартномада ишчи мутахассис кадрлар тайёрлаш, ўқув ва ишлаб чиқариш амалиёти даврида ўқувчилар корхонанинг ишлаб чиқариш жараёни билан танишиши, ишлаши ва ўрганиши, тегишли касблар бўйича малака, кўникма ва тажрибаларини мустаҳкамлаши ҳамда такомиллаштириши кўзда тутилган. Энг муҳими, амалиёт даврида фаол ҳамда ўзини малакали мутахассис сифатида намоён қилган ўқувчиларни таълим муассасасини тугатгандан сўнг ўз мутахассислиги бўйича ишга таклиф этиш шартномага алоҳида банд сифатида киритилган.

Шерикликда кадрлар тайёрлаш режасига мувофиқ 2018 йилдан 2022 йилга қадар ҳар йили 170 нафардан жами 850 нафар малакали кадр тайёрлаш белгиланган. Шунга асосан “Тўқимачилик ишлаб чиқариш техник-технологи”, “Енгил саноат корхоналари жиҳозларини таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш механиги”, “Кимёвий технология ва ишлаб чиқариш техник-технологи”, “Тикув ва тикув-трикотаж буюмлари ишлаб чиқариш техник-технологи”, “Электр станциялари ва электр тармоқлари ускуналарига хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ҳамда монтаж қилиш бўйича электромонтёр” каби йўналишларда кадрлар тайёрлашга киришилди.

  – “LT Textile international” хорижий корхонаси – вилоятимиздаги йирик тўқимачилик мажмуаси, – дейди коллеж директори Анвар Ўткиров. – Биз учун аҳамиятлиси, у коллежимиз ёнгинасида жойлашган. Ўтган ўқув йилида таълим муассасамизни 575 нафар ўғил-қиз битирган бўлса, уларнинг 74 нафари “Кимёвий технология ва ишлаб чиқариш техник-технологи” мутахассислигини эгаллади. Айни пайтда корхонада коллежни битирган 100 нафардан зиёд ўғил-қиз меҳнат қилаяпти.

– Амалиёт давридаёқ бу ердаги техник жараёнларга жуда қизиқиб қолдим, – дейди коллежни тамомлагач, корхонага ишга қабул қилинган Маъмур Қаршибоев. – Биз тайёрлаётган ип-калава юртимиздаги ва бир қатор чет мамлакатлардаги тўқимачилик корхоналарига юборилмоқда. Мана шундай йирик мажмуада ишлаётганимдан жуда мамнунман.

Н.ЭГАМОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!