Меню

Қашқадарё

06.04.2017 2138

КОЛЛЕЖДАН БИЗНЕСГА

Шунга мувофиқ, бизнес соҳасидаги фаолиятини эндигина бошлаган ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида улар учун солиқ қонунчилигида ҳам қатор имтиёзлар кўзда тутилган.  Масалан, Солиқ кодексининг 375-моддасига кўра, янгидан рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар қатъий белгиланган солиқнинг биринчи тўловини давлат рўйхатидан ўтказилган ойдан кейинги ойдан бошлаб тўлаши белгилаб қўйилган.

Шунингдек касб-ҳунар коллежлари битирувчилари коллежни тамомлаган пайтдан бошлаб бир йил мобайнида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, олти ой муддатга қатъий белгиланган солиқ тўлашдан озод этилади. Бу эса коллеж битирувчисига бизнеснинг  дастлабки ойларида бозорни тўлароқ ўрганиш имконини яратади. Агар касб-ҳунар коллежи битирувчиси тадбиркорлик фаолиятини рўйхатдан ўтган пайтдан бошлаб бир йилга етмасдан тугатадиган бўлса, мазкур имтиёз бекор қилиниб, солиқлар қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Маълумотларга қараганда, касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ва тадбиркорликка қўл урган 1300 нафардан ортиқ битирувчилар 2016 йилда 2 миллиард сўмдан кўпроқ солиқ имтиёзларидан фойдаланди.

- Ўтган йили Қарши саноат касб-ҳунар коллежини тамомлаб, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтгач, савдо фаолияти билан шуғуллана бошладим, - дейди Аббос Қосимов. - Олти ой давомида берилган солиқ имтиёзларидан фойдаландим. Бугунги кунда фаолиятимни янада кенгайтириш ниятидаман.  

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига кўра, микрофирма ва кичик корхоналар ходимларининг энг юқори сонини касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий таълим муассасаларининг битирувчилари ишга қабул қилинган ҳолларда 20 фоиздан 50 фоизгача ошириши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам айнан касб-ҳунар коллежи битирувчилари бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Унга кўра, якка тартибдаги тадбиркорларга  фаолиятидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир ёлланган ишчи учун бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида суғурта бадали ва якка тартибдаги иш берувчи тадбиркор учун ўрнатилган ставканинг 30 фоизи миқдорида қатъий белгиланган солиқ тўлаш шарти билан бир нафардан уч нафаргача ишчи  ёллаш ҳуқуқи берилди. Бунда якка тартибдаги тадбиркорлар касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга ёллаган ҳолатда коллежни битиргандан бошлаб ўн икки ой мобайнида ёлланма ишчилар учун қатъий белгиланган солиқдан озод этилади. Ушбу имтиёз сабаб ўтган йили вилоятимизда 700 дан ортиқ якка тартибдаги тадбиркорлар 1100 нафарга яқин фуқаронинг бандлигини таъминлаган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, бу каби қулайликлар юртимиз келажаги бўлган ёшлар учун нурли истиқболни таъминлашга қаратилган, десак муболаға бўлмайди. 

Фирдавсий ЖАББОРОВ,  вилоят давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати бош мутахассиси.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!