Меню

Қашқадарё

09.02.2021 1462

КЛИНИКАДАГИ “ДАВОЛОВЧИ"ЛАР КИМ?

"Иситма"

Тадбиркорлик субъектларига амалий кўмак бериш ҳамда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтган йилнинг ноябрь ойи иккинчи ярмида Қарши шаҳрида иш бошлаган корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникасига 2021 йил бошига қадар 267 та мурожаат бўлган.

Хўш, бу нимани англатади? Оддий тарзда изоҳлаганда ана шунча тадбиркор фаолияти давомида дуч келган қандайдир муаммо ёки ишини ривожлантириш  важи билан клиникадан амалий кўмак сўраган.

Одатда биз ишбилармонлик ҳақида гапирганда оғиз тўлдириб, шаффоф бизнес муҳити яратилган, дея ҳаммани тадбиркорлик билан машғул бўлишга ундаймиз. Нега унда (бошқа давлат ва назорат идораларини қўя турайлик) янги ташкил этилган клиникага қисқа вақтда шунча мурожаат бўлди? Уларнинг қанчаси бундан олдин ҳам яна қанча масъуллар остонасига бош уриб, муродини ҳосил эта олмаган? 

Клиника томонидан ана шу оралиқда келиб тушган мурожаатлар ўрганилиши натижаларига эътибор қаратамиз: 185 мурожаат юзасидан ҳуқуқий мазмунда тушунтириш берилган, 82 таси қаноатлантирилган. Жозибадор натижа - 100 фоиз. Кечирасиз, бу билан клиникага мурожаат этган ишбилармонларнинг 69 фоизи ҳуқуқий жиҳатдан нўноқ саналмаяптими? Демак, улар ишида қандайдир муаммо юзага келган бўлса, ана шу омил сабаб бўлган-да, шундайми?

Кейин, қаноатлантирилган мурожаатларнинг 56 таси тадбиркорлик субъектларини ижара жой билан таъминлаш орқали ечилгани айтилади. Ижарага жой тиқилиб ётибди-ку, наҳот шунча ўзини ишбилармон санаган кас клиникага фақат шу масалани муаммо санаб, кўтариб борган бўлса?

Маълумотларга кўра, қаршилик Жавоҳир Эркаев тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун ўтган йилнинг сентябрь ойидан буён ТИФ "Миллий банк"дан кредит ололмасдан сарсон. У шу масалада клиникага мурожаат қилган. Ушбу мурожаат Қашқадарё вилоятидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси томонидан назоратга олиниб, унга 22 миллион сўм кредит ажратилишига кўмаклашилди.

Худди шунингдек, Косон туманида яшовчи фуқаро Паризода Эркинова тикув машиналари сотиб олиш мақсадида АТБ Халқ банкига барча зарур ҳужжатларни тақдим этиб, 25 миллион сўм миқдорида кредит ажратишни сўраган. Бироқ, муроди ҳосил бўлмагач, клиникага мурожаат қилган. Ушбу мурожаат ҳам Бош вазир қабулхонаси ходимлари аралашуви билан ҳал этилди.

Мана, кўринишидан ҳар икки мисолда келтирилган мурожаатга ижобий ечим топилди. Энди савол: агар уларнинг талаби қонун доирасида бўлса, нега ҳар икки банк масъуллари дастлаб бу ишбилармонларга кредит беришни пайсалга солди? Аслида мана шу омил эмасми Жавоҳир Эркаев ва Паризода Эркинованинг клиникага мурожаат этишгача олиб келган муаммо илдизи?

Айни пайтда клиникада ташкил этиб келинаётган "Тадбиркорлар кунлари"да айнан тижорат банклари, шунингдек, тадбиркорлар масалалари билан шуғулланувчи маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари вакиллари билан ишбилармонлар мулоқоти йўлга қўйилган. Бу яхши, аммо муаммони юзага келтирувчи ҳам, клиникага бориб унинг доирасида мурожаатчи билан мулоқот қилувчи ҳам бир томон бўлиб қолмаяптими?! Фақат "тўн" алмашаяпти, холос, чамамизда.

Сайфулла Полвонов, 

Бекзод Қоржовов,

Қашқадарё вилоятидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси ходимлари

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!