Меню
Қашқадарё
КИТУМ ҒОРИ ЖУМБОҚЛАРИ
Узоқ йиллар мобайнида Китумдаги қўрқинчли воқеалар ҳақидаги ҳикояларга фақат афсона деб қаралди. Ғорга қизиқиш уйғотадиган ягона жиҳат эса бу жойда юз берадиган ғалати табиат жумбоғидир. Вақти-вақти билан оқшом ғира-шираcида филлар бир қатор бўлиб, батартиб ҳолда ғорга киради. Ғор марказидаги керакли жойга етгач, бу улкан жониворлар соатлаб баҳайбат вужуди учун қимматли минерал ҳисобланган туз истеъмоли билан банд бўлади. Бир келишда фил, гарчи унинг минерал тузга бўлган суткалик эҳтиёжи 100 граммга яқин бўлса-да, 20 килограммгача туз ейишга улгуради. Бундан кўринадики, ер тубидаги йўли ноқулай бу жойга тез-тез келмаслик учун филлар тузни шу йўл билан ғамлаб олади. “Туз зиёфати” вақтида бу жонзотлар катта-катта тишларидан қазиш асбоби каби унумли фойдаланади, уларнинг тиши шунинг учун ҳам бошқа ҳудудларда яшовчи ўз турдошлариникига қараганда бирмунча ўткир.
Китум ғорини йирик-майда бошқа жониворлар ҳам зиёрат қилиб туради. Бу ерда ҳар қандай даррандани кўриш мумкин: буйвол, антилопа, шер, гепард ва ҳатто дала сичқонини ҳам. Ўзига хос қоида мавжуд: ғорда йиртқичлар ов қилмайди, бу жойда “туз сулҳи” амалда. Жониворлар унгурда кечаси билан қолиб, ёнгинасида турган тайёр ўлжага эътибор ҳам бермасдан туздан тўйиб еб олишга ошиқади. Бироқ ғордан чиқиш ҳайвонларнинг ҳаммасига ҳам насиб қилавермайди. Фил ва буйволлар ортиқча машаққатсиз келган йўли бўйлаб ортга қайтади. Биргина ғов тор сўқмоқ бўлиб, улар бу мушкулликдан осонгина ўта олади. Антилопа ва ундан ҳам кичикроқ ҳайвонларни ягона чиқиш йўли бўлган ғор баайни ютиб юборади. Унгур тубидаги изсиз йўқолишлар ҳақидаги овозаларга қарамасдан, бу жойни ҳеч ким махсус ўрганмаган, тадқиқ қилмаган.
Ғорда бўлганларнинг гувоҳлик беришларича, бу ер бўм-бўш ва суяклар ҳам кўзга ташланмайди. Дарвоқе, турли вақтда Китумда бўлиб қайтган бундай азаматлар (П.Кардинал ва Ш.Монэ кабилар) “марбург вируси” номи билан машҳур кам учрайдиган касалликдан азият чекиб, тез орада ҳалок бўлишган.
Кейинчалик синчиклаб ўтказилган текширув-тадқиқотлар чоғида ғордан ўлимга олиб келадиган хавфли вирус излари топилмади. Лекин мутахассислар ўртасида ОИТС хасталиги ҳам айнан шу жойдан тарқалган, деган тахмин юради. Яна бир мавжуд фаразга кўра, бу хилдаги ғорлар маълум даражада “уйқудаги” вируслар омбори вазифасини ўташи ҳам мумкин, бундай вируслар эса тирик мавжудот пайдо бўлиши билан фаоллашади. Ва яна шуни ҳам эътиборга олиш керакки, айрим бактериялар организмда худди елим каби ёйилади, уни ичидан емириб, буткул туз кристаллига айлантиради. Ғорда қолган жониворлар шу йўл билан тош қотган, сўнгроқ уваланиб, тўкилиб кетадиган массага айланади.
Бошқа бир гипотезага кўра эса тирик жонзотлар Китум ғорида ғойиб бўлишининг сабаби шундаки, бу ерда ўзига хос энергетик майдон мавжуд ва унинг таъсирида тирик организм бутунлай маҳв этилади. Эҳтимол, бу электромагнит тўлқинларининг энг юқори таъсирга эга частотадаги ҳаракати оқибатида юзага келар. Бу тахмин шубҳа остида, чунки ҳеч ким бир саволга жавоб бера олмаяпти: нега бу куч фақат муайян турдаги жониворларгагина таъсир қилади? Фил ва буйволлар ундан зиён-заҳмат чекмайди. Қолганларини эса муқаррар ҳалокат кутса-да, жониворлар минглаб йиллардан бери худди васвасага учрагандек ғорга интилаверадилар.
Агар нимани излаш кераклигини билишганида, олимлар аллақачон тайин бир жавоб айтишган бўларди. Ҳали-ҳозирча бу бошқотирманинг қуйидаги қисмлари аён: Китум ғори, изсиз йўқолаётган жониворлар, зиёнсиз чиқаётган филлар...
Ҳодисанинг асл сабабини аниқлашнинг эса имкони йўққа ўхшайди.
Муаллиф: Елена КРУМБО.
Рус тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси.