Меню

Қашқадарё

13.08.2021 2093

КИТОБНИ МАЖБУРЛАБ ЎҚИТИШ МУМКИН, УҚИТИБ БЎЛМАЙДИ

Мулоҳаза

Фарзандининг тарбияли ва ўқимишли инсон бўлишини ҳамма хоҳлайди, ва табиийки, шунга шароит яратишга ҳаракат қилади. Бироқ, айрим ҳолларда бола учун қанча қулайликлар яратилмасин, у барибир китоб ўқишни истамайди.

Аммо боланинг китобга қизиқиши биргина  шарт-шароит яратиб беришга боғлиқ эмас. Зеро ёшларга мажбурлаб ҳам китоб ўқитиш мумкин, лекин уқтириб бўлмайди. Қачонки, боланинг китобга меҳри, ўқишга иштиёқи ошиши биринчи навбатда оилавий муҳит, атрофдагиларнинг бу борадаги ижобий таъсири ҳам муҳим роль ўйнайди.

Қуйидаги мулоҳазаларимиз ҳам шу хусусида.

Китобхон оила

Отамурод билан бундан 20 йил аввал бир лицейда ўқиганмиз. У Самарқанд вилоятининг тоғли Жом қишлоғидан эди.

Одатда ҳар шанба куни дарслар тугаши билан узоқдан келиб ўқиётган аксарият ўқувчилар уйга қайтишга шошилар, Отамурод эса биринчи галда кутубхонага бориб ва отаси учун тўрт-бешта китоб олиб, кейин йўлга чиқарди.

- Отам мактабда дарс беради, аммо мактаб кутубхонасидаги китобларнинг ҳаммасини ўқиб тугатган, шаҳардан янги китоблар олиб боришимни илтимос қилади, бўлмаса зерикиб қоладилар, - дерди у.

Кутубхонага ҳам отаси учун аъзо бўлган Отамурод бир ҳафта олиб кетган китобларини кейинги ҳафта қайтариб келиб, топширарди. Айтишича, падари бузруквори беш-олтита китобни бир ҳафта ичида бемалол ўқиб тугатар экан.

Лицейни битириб, у бошқа шаҳардаги, мен бошқа шаҳардаги олийгоҳларга ўқишга кирдик. Узоқ вақт давомида кўришмаган эдик.

Яқинда Отамуродни яна учратиб қолдим. Топингчи, қаерда?  Китоб магазинида!

- Тўрт-беш йил бўлиб қолди, отам нафақага чиққан, - дейди у ҳол-аҳвол сўрашгач. - Зерикканиданми, қўлидан китоб тушмайди. Шаҳарга йўлим тушса отам учун уч-тўртта китоб олмасдан қайтмайман.

Айтганча, Отамурод яна бир хушхабарни айтиб қолди. Катта ўғли 5-синфда ўқияпти экан. Бу йил "Энг ёш китобхон" кўрик-танловининг туман босқичида ғолиб бўлиб, энди вилоят босқичига тайёргарлик кўраётган эмиш.

- Бобосига тортганда, кўрган китобини ўқиб тугатмасдан қўймайди, - дея кулди у.

Менинг хаёлимдан эса бунда бобоси билан бирга отанинг ҳам хизмати катта, деган фикр ўтди. Ахир уни 20 йилдан буён биламанки, уйга доимо китоб олиб боради.

Бутун қишлоқни китобхон қилган тракторчи

Комил ака деган бир қишлоқдошимиз бор. Кўп йиллардан буён  Тошкент шаҳридаги олийгоҳлардан бирида талабаларга дарс беради.

Бир куни Комил ака билан учрашиб қолдик. Ҳар доимгидек суҳбат қизигандан қизиди. Асосий мавзу қишлоқ, қишлоқдошлар ҳақида...

- Сўнгги пайтларда қишлоққа кўп ҳам бора олмаяпман, - дейди у бироз хўрсиниб. - Борсам ҳам бирровга, тўй-маракаларга бориб қайтаман. Иш, рўзғор ташвишлари билан ўралашиб қолдикми, билмайман. Қишлоқни, қишлоқдошларни жуда соғинганман.  Айтганча, Нодир тракторчини ҳам кўриб турасанми, яхши юрибдими?

Мен ҳа, маъносида бош ирғадим. Кейин суҳбат мавзуси  бирданига Нодир тракторчига бурилиб кетди.

Нодир тракторчи деганимиз бутун умр колхозда оддий механизатор бўлиб ишлаган. Лекин қандай тўплаган билмадиму, уйида мингга яқин китоблари бор эди. Бутун қишлоқ Нодир аканикидан китоб олиб кетиб ўқирди. Ҳеч қачон  ва ҳеч кимдан китобларини қизғанмасди. Ҳатто кўп ҳолларда бирор китобни сўраб борсангизу, уни кимдир олиб кетган бўлса, Нодир ака эринмасдан бориб, китобни ўша кишидан олиб келар ва сизга берарди.

- Энди ўйлаб кўрсам, Нодир тракторчи бўла туриб ҳам қишлоқ аҳли учун катта хизмат қилган экан, - деди Комил ака. - Кўпчилигимизнинг китобга меҳримиз тушиши, ўқиб одам бўлишимизда ана шу Нодир тракторчи, унинг китобларининг ҳиссаси катта.

Комил ака тўла ҳақ эди.

Китобхон опа-сингиллар

Икки йилча аввал Чироқчи туманидаги мактаблардан бирида ташкиллаштирилган тадбирда иштирок этгандим.

Тадбир доирасида мактаб ўқувчилари ўртасида уч ёш тоифаси бўйича "Китобхон ўқувчи" кўрик-танлови ҳам ўтказилди.

Қизиғи, танлов натижаларига кўра, ҳар учала гуруҳда ғолиб бўлган уч ўқувчи қиз опа-сингиллар бўлиб чиқди.

Ана шу тадбир сўнгида сўзга чиққан мактаб директори ғолибларни табриклаб, шу билан бирга бошқа ўқувчиларга қарата куюниб гапирган эди.

- Мана шу қизларимнинг отаси янги уй қуриб, кўчиб чиққанига уч йил бўлди, ҳали уйига "свет" ўтказа олгани йўқ. Телевизор кўрмайди булар. Сиз компьютердаги, телефондаги ўйин билан умр ўтказаётган, телевизордаги қайсидир сериалларга термилиб ўтирганингизда, булар фонусни ёруғида китоб ўқийди. Мана вақтдан фойдаланиш, мана натижа.

Бугун кўп давраларда китоб, китобхонлик ҳақида сўз кетар экан, "Кўпчилик ёшларимиз нега китоб ўқимай қўйди?" деган савол ўртага чиқади. Ана шундай вақтларда хаёлимга ўша мактабдаги воқеа ва директорнинг сўзлари келади. Чиндан ҳам, болалар учун қизиқарлироқ овунчоқлар кўп бўлган жойда, китобга ҳафсала қолмасмикан ёки...

ЖАҲОНГИР

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!