Меню

Қашқадарё

27.08.2020 2571

Китоблик ўқувчи “One Million Uzbek Coders” махсус сертификатини олди

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, “Dubay Future Foundation” жамғармаси, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, АТ-академияси ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот технологиялари мактаби ҳамкорлигида “Бир миллион дастурчи” (“One Million Uzbek Coders”) лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Дастурнинг асосий мақсади – рақамли технологиялар бўйича мутахассислар авлодини тайёрлаш ва дастурлаш бўйича уларга керакли билим ва кўникмалар бериш бўлиб, лойиҳа ихтисослаштирилган онлайн портал (UzbekCoders.uz) орқали аҳолига бепул масофавий таълим олиш имкониятини беради.

Биринчи босқичда лойиҳа глобал меҳнат бозорида талаб юқори бўлган 4 та мутахассисликни ўз ичига олади: маълумотларни таҳлил қилиш, Android-ишланмалар, FrontEnd-ишланмалар ҳамда FullStack-ишланмалар. Умумий курс 120 соатлик таълим учун мўлжалланган. Ҳар бир босқич якунида иштирокчилар лаборатория ишларини тайёрлашади ва шундан сўнг уларга махсус сертификатлар топширилади.

Мазкур лойиҳада вилоятимиз ёшлари ҳам фаол иштирок этаётгани қувонарлидир. Хусусан, Китоб туманидаги 5-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Учқун Саъдуллаев “Бир миллион” дастурчи лойиҳасида иштирок этиб, махсус сертификатни қўлга киритди.

- Лойиҳада кўпчилик қатнашгани билан ҳаммага сертификат берилмас экан, - дейди Учқун. – Лаборатория иши бўйича “Мен яхши кўрган ҳайвон” номида яратган сайтим яхши баҳо олди. Ахборот технологияларини қизиқишим бўйича ўрганаяпман, келгусида юрист бўлиш ниятидаман. Ўйлайманки, юридик соҳада ҳам ахборот технологияларидан хабардорлик яхши самара беради.

Айтиш ўринли, курсни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар “Nanodegree” дастурларининг бирида ўқишни давом эттиришлари мумкин. Бунинг учун номзод якуний имтиҳонни муваффақиятли топшириши ва энг юқори балл билан тўплаган 150 кишилик рўйхатга кириши керак. “Nanodegree” дипломлари “Google”, AT&T, “Autodesk”, “Salesforce” ва бошқа кўплаб АТ-гигантлар томонидан тан олинади.

Маълумот ўрнида, дастурчиларни масофавий ўқитиш лойиҳаси биринчи марта Бирлашган Араб Амирликларида йўлга қўйилган бўлиб, мамлакатимиз Президентининг ушбу давлатга расмий ташрифидан сўнг амирликлар лойиҳани Ўзбекистонга экспорт қилиш режасини ишлаб чиқди ва амалга татбиқ этди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!