Меню
Қашқадарё
КИТОБЛИК 5 КИШИ КОРОНАВИРУС ЮҚТИРГАНИ ТАСДИҚЛАНДИ
Коронавирус инфекцияси юқтирганлик эҳтимоли билан шу йил 31 май куни Китоб туманидан шифокор ва бошқа шахслардан иборат 73 киши вилоят юқумли касалликлар шифохонасига етказилиб, карантинга олинган эди.
Китоб тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, 14 кунлик карантинда сақлаш даврининг охирги кунларида олинган таҳлил натижаларига кўра 5 нафар шахсда коронавирус касаллиги аломатлари намоён бўлган.
Шу муносабат билан шошилинч тарзда Китоб тумани “қизил” ҳудуд тоифасига ўтказилиб, карантин кучайтирилди.
14 июнь куни тиббиёт бирлашмасида 14 кунлик карантинга олинган шифокор ва беморлардан иборат 505 киши соғ-саломат эканлиги тасдиқланиб, ўз уйларига кузатилган.
Ҳозир касалликка чалинганлиги тасдиқланган 5 нафар шахс вилоят юқумли касалликлари шифохонасида даволанмоқда. Шифокорларнинг маълумотлари бўйича уларнинг аҳволи қониқарли.
Шу ўринда савол туғилади: фуқаролар карантинга 31 майда олинган бўлса, касаллик нега энди маълум бўлди?
Бунга сабаб шуки, дунё амалиётида коронавирус касаллигини аниқлаш муддати 14 кун қилиб белгиланган. Бу вақт оралиғида касалликка гумон қилинаётган шахсдан, агар у мулоқотда бўлган бўлса, 1-3-12 кунларда Covid-19 га суртма намуна олинади.
Намуна икки марта вилоятнинг ўзида тест қилиниб, шубҳали деб топилган намуналар пойтахтга юборилади ва 5 соатдан бошлаб 3 кунгача бўлган муддатда тасдиқланган натижаси маълум қилинади.
Маълумотга кўра, касаллик аниқланган, вилоят юқумли касалликлар шифохонасидаги даволанаётган 5 кишидан 12-кунда олинган суртма намунада ҳам касаллик ўзини тўла намоён қилмаган.
Сўнгги, карантин муддати тугаган кунда тўла ишонч ҳосил қилиш мақсадида, у инсонларнинг ҳолатидаги баъзи ўзгариш, яъни ҳарорат кўтарилиши билан боғлиқ вазиятдаги қўшимча олинган суртма намунасини таҳлил қилиниши натижасида бу кишиларда касаллик аломатлари борлиги тасдиқланган.