Меню

Қашқадарё

25.08.2020 1683

"КИТОБЛАРДА СЕН БИЛАН МЕН ҲАТТО ТАСАВВУР ҲАМ ҚИЛОЛМАЙДИГАН НИМАДИР БЎЛИШИ КЕРАК..."

Сараланган сатрлар

Америка китобчилар ассоциациясининг 1942 йил 6 майдаги мажлисида Арчибальд Маклиш шундай деганди: "Фашистлар - нотўғри йўлдан юрган нодон ўспиринлардир, улар ҳаётда ўз ўрнини топа олмаган қаланғи-қасанғилар, ўғри, қотил, босқинчилардан ташкил топган тўда, ўз фашистча "тартиби"ни ўрнатган галадир. Фашистлар китоб ёқишдек ушбу жирканч шармандагарчиликка бежиз қўл урмаган, чунки улар нақадар нодон, жоҳил, қаҳру ғазабнинг қули бўлса ҳам, китобнинг қудратли қурол эканлигини яхши билишарди. Улар ҳур фикрли инсонлар яратган китоб фақат ҳур инсонларга хизмат қилишини, озод инсонларнинг мағрур тафаккурини акс эттиришини, маҳв этиш мушкул бўлган ўткир ва қудратли қурол эканлигини яхши тушунишган. Озодликни тиз чўктиришга қасд қилганлар энг аввал китобни - озодлик  ҳуқуқлари халоскорини йўқотиши лозим эканини англаб етишган".

Китобларни ёқиш, ҳур фикрли китобларни тақиқлаш, инсон тафаккурига тўсиқ қўйиш ҳақида гап бораркан, америкалик фантаст ёзувчи Рэй Брэдберининг "Фаренгейт бўйича 451 даража" романини тилга олмасликнинг иложи йўқ. Асар китобларга ўт қўювчи Гай Монтэг фаолияти мисолида инсон тафаккурига ўт қўйиш нечоғлик даҳшатларга сабаб бўлишини, китоб ўқимаслик жамиятни қандай аҳволга солиб қўйишини баён қилади. Ишонамизки, асарнинг тўлиқ мутолааси давомида теран тасаввурга эга бўласиз.

* * *

- Ёқадиган китобларингизни ҳеч вақт ўқийсизми?

У кулиб юборди.

- Бунга қонун йўли билан жазо берилади.

 

"Бу ёмон иш эмас. Душанба куни Эдна Миллей китобларини ёқамиз, чоршанба куни Уитманни, жума куни Фолкнерни куйдирамиз. "Ёниб кул бўлгунча ёндир, кейин кулни ҳам ёқиб юбор". Профессионал шиорларимиз ана шундай".

* * *

Онам, дадам ва амаким шундай суҳбатлашиб ўтиришибди. Ҳозир бундай суҳбатлашиш пиёда юришдек камдан-кам учрайдиган ҳодиса. Амакимни иккинчи марта қамаб қўйишганини айтдимми сизга? Ҳа, пиёда юрганлари учун қамоққа олишибди. Эҳ, бизлар жуда ғалати одамлармиз.

* * *

Одамлар кўпроқ... нимага қиёслашни излаб бироз ҳаяллади, кейин эса ўз касбини эслаб, топди - ўчирмагунларича бор кучи билан ловуллаб ёнувчи машъалага ўхшайдилар. Аммо бошқа одамнинг юзида ўз қиёфанг аксини кўриш, юрак қаърингдаги изтиробли фикрларингни ўқиш камдан-кам учрайдиган ҳодисадир!

* * *

"Бизлар жуда кўпмиз, - хаёл сурарди у, - бизга ўхшаганлар миллиардлаб, бу ҳаддан зиёд кўп. Ҳеч ким бир-бирини билмайди. Етти ёт бегоналар келиб сенга зўравонлик қилишади. Бегона одамлар юрагингни юлиб, қонингни сўриб оладилар.

* * *

...одамларнинг қадри қолмаган бир асрда яшаяпмиз. Бизнинг давримиздаги инсон қоғоз қўл сочиққа ўхшайди: унга бурун қоқадилар, ғижимлайдилару улоқтирадилар, янгисини оладилар, бурун қоқадилар, ғижимлайдилар, ташлаб юборадилар...

* * *

"Сиз бошқа ўт ўчирувчиларга ўхшамайсиз? Улардан баъзиларини кўрганман, яхши биламан. Мен гапираётганимда сиз менга қарайсиз. Кеча ой ҳақида гапирганимда сиз осмонга қарадингиз. Анави бошқалар ҳеч қачон бундай қилишмасди. Ўз йўлидан қолмай, менга қулоқ солмасдан кетаверишарди. Қўрқитиб дўқ урган ҳам бўлардилар. Одамларнинг ҳозир бир-бирлари учун вақтлари йўқ. Сиз бўлсангиз менга илтифот кўрсатдингиз. Бу ноёб хислат".

* * *

Одамнинг тафтини одам олади. Ҳаммани бир ерга ғуж қилиб тўплаб, ҳеч кимга сўз берилмаса, бу қанақа муносабат бўлди? Телевизордан машғулот, баскетбол, бейсбол ёки югуриш бўйича дарс, кейин тарих дарси - ниманидир кўчириб расмини соламиз, кейин яна спорт. Биласизми, мактабда ҳеч қачон саволлар бермаймиз. Кўпчилик шундай. Оғзимизга мум солиб ўтираверамиз, тарақлатиб жавобларни ёғдиришади, яна тўрт соатча ўтириб, ўқув фильмини кўрамиз. Одамларнинг ўзаро алоқаси шу бўлдими?

* * *

Ҳаммасидан ҳам, ҳарнечук одамларни кузатишни яхши кўраман, - деди у, - гоҳо эрталабдан кечгача метрода юраман, одамларни кузатаман, гапларига қулоқ соламан. Улар ким, нима истайдилар, қаерга кетяптилар - билгим келади. Баъзида ҳатто томоша боғларида ҳам бўламан ёинки ярим тунда шаҳар чеккасида елдек учиб юрган кезларида ракетали автомобилларда сайр қиламан. Полициянинг иши йўқ, улар суғурта қилдириб қўйилган бўлса, бас. Чўнтагингда ўн минг долларга квитанциянг бўлса, демак, ҳаммаси жойида, ҳамма бахтли, ҳамма хурсанд. Метрода ё содали сув фавворачалари ёнида одамларнинг гапига қулоқ солиб нимага иқрор бўламан денг?

- Хўш?

- Одамлар ҳеч нарса ҳақида гапиришмайди.

- Бу қандай бўлдийкин?

- Ҳа-ҳа. Ҳеч нарса ҳақида. Автомобиллар маркаси, модалар, сузиш бассейнларининг номини аташади, холос ва ҳаммасига "Вой, қандай яхши" деб қўшиб қўйишади. Уларнинг ҳаммаси ҳадеб бир нарсани тасвирлаб айтадилар. Шақилдоқнинг ўзи дейсиз.

* * *

- У билан менинг ишим йўқ. Айб ўзида! Нима қиларди китоб сақлаб! Аввал ўйлаш керак эди!

- Сен у ерда бўлганинг йўқ, кўрганинг йўқ, - деди Монтэг, - агар ўша аёл ёниб турган уйдан чиқиб кетишдан бош тортдими, бу китобларда сен билан мен ҳатто тасаввур ҳам қилолмайдиган нимадир бўлиши керак. Бўлиши керак. Инсон бекорга икки қулоғини ушлаб ўлимга қараб кетавермайди.

* * *

"...кеча тунда шу ўн йил ичида қанча керосин ишлатганим ҳақида ўйладим. Китоблар ҳақида ўйладим. Ҳар бирининг ортида инсон турганлигини биринчи марта англаб етдим. Инсон, чуқур ўйлаб, фикрларини обдан ишлатган. Уларни қоғозга тушириш учун қанча вақт кетган. Илгарилари бу хаёлимга ҳам келмабди.

Ўз ўйлаганлари, кўрганларининг бир қисмигинани ёзиш учун кимнингдир, балки, бутун умри сарф бўлгандир. Кейин мен келаману, бир пуфлашим билан икки минутда ҳаммаси кулга айланади".

* * *

Қачонки дунё кўзлар, тирсаклар, оғизлардан тор келиб, аҳоли икки, уч, тўрт баравар ошиб кетгандан кейин фильмлар, радио эшиттиришлар, журналлар, китобларнинг мазмуни қолипга тушиб саёзлашиб кетди. Тахминан ҳар мақсадга ярайдиган луқманинг ўзгинаси.

* * *

Одам боласи доимо оломон ичида бўлсин, ўшанда у ўйлаб ўтирмайди. Спортнинг янги-янги турларини ташкил этинг, имкон борича уларни қалаштириб ташланг! Расмли китобларни кўпайтиринг. Фильмларни кўпайтиринг. Ақлни ўстирадиган омиллар тобора кам. Бунинг натижасида қониқмаслик, саросима бошланади.

* * *

"Қора танлиларга "Кичкина қора Самбо" китоби ёқмайди. Ёқиш керак. Оқ танлиларга "Том тоғанинг кулбаси" ёқмайди. Уни ҳам ёқиш керак. Кимдир чекиш ўпка ракига сабаб бўлади деб китоб ёзибди. Тамаки фабрикантларининг пайтавасига қурт тушган. Бу китобни куйдирмоқ керак. Ғалванинг кераги йўқ, Монтэг, тинчлик керак. Хавф туғдирадиган ҳамма нарса йўқ қилиниши, печкага ташланиши керак!"

* * *

"Агар инсон сиёсатдан норози бўлмасин десанг масаланинг икки томонини кўришига йўл қўйма. Бир томонини кўрса бас, ҳеч нарса кўрмаса ундан яхши. Дунёда уруш деган нарса борлигини унутсин. Агар ҳукумат нўноқ бўлса, ҳеч нарсани тушунмаса, солиқлар билан халқни бўғади, бу ҳарқалай халқ ғалаён кўтарганидан афзал осойишталик, энг муҳими осойишталик..."

* * *

Одамларнинг миясини рақамлар билан тўлдиринг, кўнглига урмагунча жўн фактлардан бошланг, қарабсизки, ўзларини жуда билимдон ҳис қила бошлайдилар. Улар фикр-мулоҳаза юритаётгандек, ўсиб олға ҳаракат қилаётгандек таассуротда бўладилар. Аслида эса бир жойда депсиниб ётган бўладилар.

* * *

Китоб ҳаётни бутун икир-чикирлари билан муфассал тасвирлаши керак. Яхши ёзувчилар ҳаёт билан яқин алоқада бўладилар. Ўртамиёналари уни юзаки ёритса, истеъдодсизлари уни зўрлаб тилка-пора қилиб кўрсатиб, қурт-қумурсқаларга емиш қилиб қолдирадилар.

* * *

Китоблар биз нечоғлик аҳмоқ ва тихир эшаклар эканлигимизни эслатиб туради-да. Улар Цезарь зафар қучганда "Сен ҳам дунёга устун бўлмайсан" деб эслатиб турувчи преторианчи соқчиларга ўхшайди. Кўпчилигимиз ҳамма жойда, ҳамма билан мулоқотда бўлишга, дунёнинг ҳамма шаҳарларини бориб кўришга улгурмаймиз. Бунга вақтимиз ҳам, пулимиз ҳам, шунча дўстларимиз ҳам йўқ. Сиз излаётган ҳамма нарса дунёда мавжуд, Монтэг, аммо оддий инсон уларнинг юздан биринигина ўз кўзи билан кўриши мумкин, қолган тўқсон тўққиз фоизини эса китоб орқали билади.

* * *

Қадимги пайтларда дунёда эси йўқ Қақнус деган қуш яшаган экан. Бир неча юз йилда у ўзини гулханда ёқаркан, У инсонга яқин уруғдан бўлиши керак. Аммо ўтда куйиб, ҳар гал кулдан қайта туғиларкан. Биз одамлар ана шу қушга ўхшаймиз. Бироқ бизнинг қушдан бир устунлигимиз бор. Биз қандай аҳмоқона иш қилиб қўйганимизни биламиз. Минг йил, ундан ҳам кўпроқ вақт ичида қилган ҳамма аҳмоқликларимизни биламиз. Ҳамонки буни билсак, буларнинг ҳаммаси ёзилган, орқага назар ташлаб, босиб ўтган йўлимизни кўриш мумкин экан. Қачонлардир аҳмоқона дафн этиш гулханларини ёқиб, ўзимизни ўтга ташлашдан тийилишимизга умид бор. Ҳар бир янги авлод бизга инсониятнинг хатоларини эсда сақлайдиган одамларни қолдиради.

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!