Меню

Қашқадарё

21.07.2018 1619

КИТОБХОНЛИК ТАРҒИБ ҚИЛИНАЯПТИМИ ЁКИ “БУКВОЕДЛИК”?

Хусусан, жамоатчи мухбиримиз, Миришкор туманидаги 22-мактаб директори Абдунаби Абдиев “Facebook” ижтимоий тармоғида қуйидаги мавзуни кўтаради:

“Русларда “буквоед” деган ғалати ибора бор.  Аслида у ғалати ҳам эмас. Катта мантиқдан кичик бир хулосага ёпишиб олиб, шу кичик заррани билгани учун ўзини билимдон санайдиган, тонг отгунча баҳслашишдан тонмайдиган кишиларга нисбатан ишлатилади бу ибора.

“Ёш китобхон” танловига танланган саволлар билан танишарканман, хаёлимга шу ибора келди. Очиғи, саволларнинг катта қисми асарлардаги китобхон назаридан четда қолиши мумкин бўлган зарралардан таркиб топган. Қизиқ, “Кичик шаҳзода”даги фалон сайёрада кимнинг истиқомат қилиши ёки Барчиной эшитган отнинг овози асар мантиғини белгилайдигандек гўё.

Аслида хос китобхонни бундай майда-чуйдалар эмас, асарда илгари сурилган ғоя кўпроқ қизиқтиради. Бунақада биз ёшларни китобхонликка, асардан натижа чиқаришга эмас, русларнинг иборасидагидек, “буквоед”ликка ўргатиб қўймаймизми?

Менимча, танловга танланган саволлар иштирокчини мантиқий хулоса чиқаришга етакласа, китоб, китобхонлик тарғиботида дадил қадам ташланган бўларди”.

Мазкур постга турли фойдаланувчилар ўз фикрини билдирган. Хусусан, чироқчилик ижодкор, шоира Бахтинисо Маҳмудова айнан шу танловда қатнашиб, “Мен саралашдан ўтолмадим. Тестга билимим етмади” деб ёзган бўлса, бунга жавобан “Тест асл китобхон эмас, “буквоед”лар учун” дея муносабат билдирилган. “Obidjon Narjigitov” профили эгаси эса “Ёш китобхон” кўрик-танловидаги тестлар “кўпроқ университетга тайёргарлик кўрган абитуриентлар учундек”лигини маълум қилган.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!