Меню

Қашқадарё

21.02.2017 3378

КИТОБХОНЛИК — МАЪНАВИЙ КАМОЛОТ БЕЛГИСИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 12 январида “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида” фармойиш чиқарди. Бу ҳужжат мамлакатимизда кечаётган маънавий-маърифий жараёнлар, унинг ташкилий такомили ва ривожи борасидаги ишларни изчиллаштиришни назарда тутади.

Шу билан бирга, у халқнинг эзгу мақсадларга уйғун ғояларининг тараннуми сифатида ҳам эътиборга молик. Номларини биз ҳамиша эъзоз билан тилга оладиган буюк аждодларимиз ўзлари эришган олий мақомга фақат китоб, маърифат орқалигина мушарраф бўлиб, довруқ таратганлар.

Ҳазрат Алишер Навоий салафлари фикрларига таяниб бир муҳим маълумотни келтиради. Унга кўра, китоб ишига  милоддан аввал Эрондаги пешдодийлар сулоласининг учинчи ҳукмрони афсонавий Таҳмурас даврида асос солинган. Бундан шундай хулоса чиқариш мумкинки, китобхонлик Шарқ халқларига қадим-қадимдан хос бўлган эзгу фазилат, мўътабар қадриятдир.

Ҳақиқатан, халқимиз китобхонликни азалдан гўзал фазилат деб билади. “Мадраса кўрган”, “мактаб кўрган” каби зиёлилик, ўқимишлиликни англатувчи иборалар қаторида “китоб кўрган” деган баҳо одамнинг билимдонлигини, кўп нарсадан бохабарлигини     англатган.

Лекин сўнгги йилларда китоб ва китобхонлик борасидаги қарашларига кўра, гарчи буни ўзлари тан олмасалар-да, одамлар уч тоифага ажралиб қолгандек. Бир туркум кишиларимиз ўзлари ўқиган китобларга ҳаддан ташқари берилиб, атрофдаги бошқа нарсаларни унутиб қўйиш даражасига етганлар. Иккинчи тоифа учун китоб умрини ўтаб бўлган восита, шунинг учун уни мутлақо кераксиз деб ҳисоблайди. Учинчи тоифадагиларгина китобни инсон маънавий оламини бойитиш билан бирга жамият ҳаётини гўзаллаштиришга, моддий, табиий борлиқнинг тараққийсига хизмат қилувчи зарур омил деб биладилар.

Бундан биринчи ва учинчи тоифаларни бир хил баҳолаб бўлмаслиги кўриниб турибди. Уларнинг биринчисини “китобпарастлик” деб аташ мумкин. Китобпарастлик инсоннинг маънавий камолига ижобий таъсир кўрсатиши қийин. Чунки китоб ва ҳаёт муносабатини таҳлил этолмаган кишининг реал ҳаётдан узоқлашиб қолиши кузатилади. Қолаверса, ҳозирда турли алоқа воситалари орқали номақбул китоблар оқими ҳам шу қадар кўпки, кишиларни улар орасидан танлаб ўқиш маҳоратини ошириш ҳам муҳим масала. Китобпарастларнинг  номақбул китоблар таъсирига тушиб қолиши фойдадан кўра зарарни кўпроқ келтиради.  Номақбул деб атаётганимиз шунчаки мазмуни саёз китоблар  жаҳолатни кучайтиради.

Чунки китобпараст ўзи ўқиган маълумотларга банди бўлган. Бошқа ҳар қандай маърифат унга бегона бўлиб кўринади, уни қабул қила олмай қолади. Бундай ҳолни маърифатпарвар аждодимиз Мунавварқори Абдурашидхонов “жаҳли мураккаб” деб атаган эди. Бу жаҳолатнинг давоси ҳам албатта китоб, яъни бундай кишига хўброқ китобни кўпроқ ўқитишдир.

Иккинчи тоифадаги кишиларни “китоббезорилар” деб аташ мумкин. Бу тоифадаги аксарият кишилар моддий жиҳатдан ўзларига тўқ, тўла таъминланган бўладилар. Барибир, улар ҳам ҳаётда ўз идеалларига эга. Лекин, афсуски, кўпинча уларга идеал бўлган шахслар маърифатдан бегона бўлиб, ўз атрофидагиларга китоб ўқимасдан ҳам ҳаётда кўп нарсага эришиш мумкинлигини уқтирадилар. Китоб ўқийдиган, кўп нарсага муҳтож бўлиб юрган одамларнинг устидан куладилар. Уларнинг баъзилари одамларнинг маънавий табақаланишини, инсоний қадриятларни тан олмайдилар. Ўзларининг таъбирлари билан айтганда, улар китоб ўқий бошласалар, уйқулари келади. Баъзан мартабалироқ зиёли одам олдида китоббезори эканликлари билиниб қолса, китоб ўқиб ўтиришдан кўра китобхон одамлар билан ўтириб суҳбатлашишни маъқул кўришларини айтадилар. Лекин бунга ҳам аксар вақт ўзлари амал қилмайдилар. Шундай бўлса-да, китоббезорилик тузалмас иллат эмас. Қалбларига йўл топилса, улар ўз қарашларидан жуда тез воз кечиб, маърифат йўлига киришлари мумкин.

Учинчи тоифа китобхонлик ҳақиқий зиёлиликдир. Фан, маърифат, маданият ва ишлаб чиқаришнинг тараққиёт сари ҳаракати фақат ана шу тоифанинг ҳиссасига тўғри келади.

Гарчи бунинг ҳаммаси инсон табиатига боғлиқ ҳодисалар бўлса-да, туйғулар, кайфиятлар алмашинуви орқали унинг муносабат ўзгартириш имкониятини ҳисобга олиб, шахс такомилини юксалтириш тадбирларига ҳар доим эҳтиёж сақланиб қолади. Президентимизнинг юқорида номи келтирилган фармойиши ана шундай эҳтиёжларни қондириш мақсадида чиқарилди.

Фармойиш мазмун-моҳияти барча фуқароларимизнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш учун бажарилиши лозим вазифаларни назарда тутиб, ёшларимизнинг баркамол авлод бўлиб тарбияланишлари учун зарур бўлган шарт-шароитларни янада кенгайтириш ва юксалтиришни алоҳида вазифа қилиб қўяди.

Унда муҳим масалалар қаторида соҳадаги мавжуд муаммоларни самарали ҳал этишга қаратилган дастур ишлаб чиқиш кўзда тутилгани ғоятда аҳамиятлидир. Ишончимиз комилки, ушбу фармойиш ижроси доирасида тайёрланадиган дастур турли ёт ғоялар, “оммавий маданият” ниқобидаги номақбул хатти-ҳаракатлар, интернет тизимидаги таҳдидлар хавфига қарши тура оладиган авлодни тарбиялашга, тарбиянинг барқарор ривожига хизмат қилади. Биринчи Президентимиз Ислом  Каримов айтганидек, “фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат” билан курашишда қўл келади.

Нафас ШОДМОНОВ,

филология фанлари доктори

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!