Меню
Қашқадарё
КИТОБГА ЭЪТИБОР - КЕЛАЖАККА, МАЪНАВИЯТГА ЭЪТИБОР
Халқимиз - китобхон. Уйида китоби йўқ одамни камбағал санайди. Мудом мутолаага ошно юради. Ўғил-қизларининг ўзидан кўра кўпроқ ўқишини истайди. Чунки бунинг замирида маънавиятга, келажакка эътибор мужассам. Эришаётган улкан ютуқларимиз замирида ҳам аслида китобга ошнолик борлигини унутмаслик лозим.
Авваллари зарур китоб кутубхонама-кутубхона излаб юриларди, кимдандир илтимос қилиб вақтинча олиб туриларди. Ҳозир нашриётлар сони ва сифати ошди. Биз излаб юрган китоблар кўп минг нусхада, замонавий дизайн ва графика асосида нашр қилинаяпти. Бугун вилоятимизда "Ўздавкитобсавдотаъминот", "Шарқ зиёкори" МЧЖ вилоят бўлимлари, "Китоб савдо" МЧЖ ҳамда "Бобомурод Вали" хусусий савдо ишлаб чиқариш корхонаси ва бошқа субъектлар томонидан китоб савдоси йўлга қўйилганки, аҳолининг китобга бўлган талаб ва эҳтиёжи қондириб келинаяпти. Китоб дўконлари бугун миллий ва жаҳон адабиёти дурдоналари, болалар учун эртаклар, луғатлар, хорижий тиллардаги китобларга бойки, шунинг учун улар китобхонлар, ўғил-қизлар билан гавжум.
Шу маънода давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 январдаги "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойиши илм аҳли, китобхонлар, ноширлар, умуман, кенг жамоатчилик томонидан катта мамнуният билан қабул қилинди. Чунки китоб тарғиботи ёрқин келажакка қўйилган мустаҳкам пойдевор, асосдир. Китобга ошно тутинган одам умр йўлларида қоқилмайди, тўғри йўлдан адашмайди, ҳаётда ўз ўрнини топади, ўзлигини, яшашдан мақсад-муддаоси нелигини теран англайди, эртага ундан бемалол юқори натижа кутса бўлади.
Н.ХЎЖАЕВ
* * *
Суратларда: ёш китобхонлар Қарши шаҳридаги китоб дўконида янги адабиётлар билан танишишмоқда.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.