Меню
Қашқадарё
КИТОБГА ҚАЙТИШ
Бола йирик-йирик ҳарфлар билан “Гўрўғли” деган битик битилган ушбу китобини бошқаларидан (отаси ўқитувчи эмасми, уйларида китоблар кўп, жуда кўп эди) яхши кўрар, дуч келган саҳифасини очиб ўқийверар, воқеаларини деярли ёд олган, мутолаа чоғида севимли қаҳрамони ва унинг қирқ йигити зафар қозонса, масрур бўлгани, мушкул аҳволга дуч келишганида қайғуга ботгани қиёфа ўзгаришидан сезилиб турарди...
Инсон – буюк кашфиётчи. Унинг бу иқтидори илк аждодлари заминга қадам ташлаган даврдаёқ табиат ғаройиботлари (момақалдироқ гулдуроси, яшин чақнаши, ер силкиниши, баҳайбат ҳайвонлар ҳужуми ва бошқалар) олдида ожизликдан зир қақшаса-да, тош тошга урилганида учқун чиқишини англаб, тамаддуннинг биринчи маҳсули – чақмоқтошни кашф этганидаёқ намоён бўлганди. Эҳ-ҳе-ей, ўшандан буён инсон нималарни орзулаб, унинг ақл-заковати ўз турмуш тарзини яхшилаш ниятида нималарни ихтиро қилмади дейсиз? Қачонлардир инсон хоҳиш-иродаси сифатида эртагу достонларда ифодасини топган “учар гилам”лар, юзига қарасанг мағрибу-машриқ намоён бўладиган “ойнаи жаҳон”лар... бари-бариси аллақачон оддий ҳақиқатларга айланиб улгурди. Мураккаб ихтиролар ўз номи билан мураккаб, оддийгина лой зуваладан тикланган уйлардаги токча, дарича ва тахмон деган нимарсалар ҳам ўз истиқоматчисининг бирон кор-ҳолига асқатарди. Масалан, тахмонга кўрпа-тўшак, кундалик эҳтиёж учун зарур сопол, чинни идишлар терилса, дарича ёзнинг авж жазирамасида очиб қўйилиб, хона ҳавосини тозалар, куз, қиш ойларида ташқи томондан сувалиб, токчасига майда-чуйда буюмлар териб қўйиларди. Сўнгги юз йиллик ихтиролари энг овлоқ, чекка аҳоли манзилгоҳларигача етиб келгач, тахмон ўрнини ҳашамдор жавонлар, дарича вазифасини улардан кўра қулай бўлган электр елпиғич, совутгичлар эгаллади. Вазифасини ўтаб, аллақачон унут бўлган мазкур қурилмалар ҳақида сўз юритишдан мақсадим болалик йилларини эслаб, шу баҳонада китоб, китобхонлик тўғрисида ўз мулоҳазаларимни баён этишдан иборат эди, холос.
Англадим, “Унутилган қурилмалар билан китоб, китобхонликнинг ўртасида қандай боғлиқлик бор?” деган савол навқирон ўқувчини ажаблантиргани аниқ. Майли, сабрингизни синовдан ўтказиб ўтирмай сирни очиб қўяқолай. Бир вақтлар ана шу тахмон, токчада бошқа буюмлар қатори қўлма-қўл ўтаверганидан саҳифалари сарғайиб, муқоваси титилиб кетган Яссавий, Навоий, Бедил, Махтумқули, Машраб девонлари, “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш” ва бошқа достонлар, “Ўзбек халқ эртаклари” каби китоблар турар, қўни-қўшнилар йиғилиб, уларни энг бурро болага ўқитишар, узун қиш кечаларининг тим қора сочини китобхонлик қилиб оқартиришарди. Шундай суҳбатларда “Фалончида фалон китоб бор экан”, деган гап ифтихор руҳи билан айтилар, кишиларнинг билимдонлиги қанча асар мутолаа этганлиги, нечта ғазални ёд олганлиги билан баҳоланар, китоб, китобхонлик инсон безаги саналарди.
Ботир бобо деган ёши етмишдан ошган қўшнимиз бўларди. Нафақага чиққан бўлса-да, мактабда қоровул бўлиб ишларди. У пайтлар қишлоқда қудуқ суви истеъмол қилинар, қарийб ярим чақирим масофадан ташиб келингани боис исроф қилинмаслиги учун сув тўлдирилган челак дарвоза олдидаги қоровулхонада турарди. Қай биримиз чанқоқ қондириш ниятида шу мўъжаз ҳужрага кирсак, Ботир бобо токчада турган китобни оларди-да, буклаб қўйилган саҳифасини очиб:
- Қани, “иккичи” ёки “аълочи” эканлигингни синаймиз, - деб кўрсаткич бармоғини китоб саҳифасига нуқирди. - Мана шу ердан шариллатиб ўқи-чи!
Биз Ботир бобонинг мақтовини эшитиш илинжидами ёки китоб воқеалари ўзига тортармиди, уч-тўрт саҳифани бир зумда ўқиб ташлардик.
- Майли, дарсингга кечикма, - дерди жон қулоғи билан тинглаб турган Ботир бобо бизнинг дарсга кечикиб қолаётганимизни ўйлаб, - тағин устозинг менга уришиб юрмасин, лекин саводингга гап йўқ экан, насиб этса, сендан зўр муаллим чиқади.
У киши саводхон бола вақт келиб албатта муаллим бўлишига ишонарди. Орадан йиллар ўтиб, болалик хотираларимни титкилаганимда Ботир бобо учун ўшанда саводхонлигимизни синаш бир баҳона бўлганини, алифдан хабарсиз отахон шу асно ўзини қизиқтирган китобни ўқитиб ҳузур қилганлигини англайман.
2
...Бола батамом китобнинг сеҳрли оламига ғарқ бўлган, энди ардоқли қаҳрамонлари унинг нафақат ҳушини, балки тушини ҳам забт этганди. У уйқусида ҳам кутилмаганда қийқириб юборадиган, сакраб ўрнидан туриб кетадиган одат чиқарди.
- Ёш боланинг кўп китоб ўқиши бехосият бўлади, шугина болани китоб ушламайдиган қилинглар, деб худонинг зорини қилдим, қулоқ солмадинглар, мана оқибати, ҳадемай у савдойи бўлиб қолади.
Ота-онаси бувисининг дийдиёларига дош беришолмади. Бир куни тонг уйқусини тарк этган бола ёстиғи остидан севимли китобини тополмади. “Балки бирон жойга яшириб қўйишгандир”, деган хаёлда титкиламаган ери қолмади, охир-оқибат тандир ичидан китобни эмас, ёнмай қолган бир парча муқовани топди. Ўша кундан бошлаб севимли китобидан айро тушган бола одамови бўлиб қолди, ҳатто иситмаси кўтарилиб, хасталик тўшагига михланди...
Бундан қарийб ўттиз беш йил муқаддам тўрт ака-ука кайвони отамизнинг таклифи билан биттадан фарзандимизнинг суннат тўйини биргаликда ўтказгандик. Ўзбекчилик, бирон киши тўйхонага қуруқ қўл билан келмайди, кимдир ҳўкиз, қўй-эчки етаклаган, кимдир чўнтагимизга беш-ўн сўм тиқиб кетаяпти, тўёна келтирмагани белини боғлаб хизмат қилаяпти, “тўй бошлангунча эгасиники, бошлангандан сўнг элники”, деб бежизга айтишмайди-да. Тунги тўй давраси айни қизиган палла урингангина костюм-шим сира эгнидан тушмайдиган кекса ўқитувчи сўз олди. Муаллим эмасми, ширингина тилак билдирди, сўнгра тўртала тўйболани ёнига чорлаб:
- Кам бўлса-да, кўп ўрнида кўрасизлар, болаларим, - деб ҳар бирининг қўлига ҳафсала билан ичига нимадир ўралган қоғоз бўхча топширди. Давранинг у ер, бу ерида шивир-шивир бошланди:
- Домла нима берди экан?
- Нима бўларди, китобдир-да, - шанғиллади кимдир. - Мен тўй берганимдаям ўғлимга китоб келтирганди қурумсоқ.
Даврадагилар отахоннинг устидан ошкора кулишди.
Бу истеҳзоли қочиримда жон бор эди. Ҳақиқатдан ҳам “қизил империя” мустаҳкам илдиз отган йилларда олийгоҳга кириб ўқиш, амал пиллапоясидан дадил одимлаш аксарият ҳолларда саводхонликка эмас, жонкуяр отанинг жамиятда тутган нуфузи ёки “пулсевар” таниши борлигига боғлиқ бўлиб қолганди. Масала шу даражагача ўсиб етдики, жаҳон адабиётининг ноёб асарларини топиш ҳам у ёки бу даражада шахснинг жамиятда эгаллаган нуфузига бориб тақалди.
Олийгоҳда таҳсил олаётган давримда отаси вилоятда раҳбар бўлиб ишлайдиган бир танишимникига меҳмонга бориб қолдим. Эътиборим хона тўридаги жавонни безаб турган бир хил муқовали, қанча уринсам ҳам мен қўлга кирита олмайдиган китобларга тушиб, оғзим ланг очилди. Шоша-пиша ҳавасимни келтирган китоблардан бирини олиб варақлашга тушганимда танишим дакки берди:
- Китобни жойига қўй, онам кўрса, уришиб беради.
- Нега? - сўрадим ҳайрон қолиб, - наҳот сизлар шундай ажойиб китобларни ўқимасангиз?
Танишим бефарқ бурнини жийирди:
- Китоб ўқишга вақт қайда, бекор пайтимиз ана, телевизор кўрамиз.
Билсам, бу китоблар хона безаги учун харид қилинган экан.
Шу тариқа китоб, китобхонлик чекиниб борди. Аксариятимиз бугун кўча-кўйда китоб қўлтиқлаган кишини учратсак:
- Тавба, ҳозирги замонда ҳам китоб ўқийдиган одам бўларкан-да, - деб бурун жийирадиган даражага етдик, гўё ўтмиш аждодларимиз узун тунларни китоб титкилаб, бедилхонлик, навоийхонлик қилиб ўтказишгани унут бўлгандек.
3
...Бола туш кўрди, тушида Гўрўғли сардор Ғиркўк отида унинг аҳволидан хабар олишга келган эмиш. Кўзларига ишониш-ишонмаслигини билмаган болакай ўзини севимли қаҳрамони қучоғига отибди:
- Наҳотки бу сиз, ўзингиз бўлсангиз?
- Ҳа қўзичоғим, бир кўриб кетай деб келгандим, айт-чи, сенга нима бўлди?
- Китобимни олиб қўйишди.
- Шунга шунчами, юр, сени Ғиркўк отимга миндириб, китоблар мамлакатига олиб кетаман.
Бола севинчдан ирғишлаб, севимли қаҳрамони отига мингашибди.
Улар осмону фалакка парвоз қилишибди...
Бола қоп-қора терга ботиб, тўшагида тўлғонаётганида момоси унинг елкасидан майин силкитиб уйғотди:
- Тур болам, мана кўр, отанг шаҳардан сенга нима келтирганини.
Кўзларини мушти билан артиб очган бола момоси авайлаб ушлаб турган, муқовасига гард тушмаган “Гўрўғли” китобини кўриб, севинчдан ирғиб турди...
Бугун мамлакатимизда ноширлик иши мисли қўрилмаган даражада юксалди. Энди давр талабини англаб, ўзи чиқараётган маҳсулот нафақат мазмуни, балки дизайни (безатилиши) жиҳатидан ҳам кишини ўзига жалб этадиган бўлишини таъминлай олган нашриётгина рақобатга дош бера олади. Шу боис хоҳлаган асарингизнинг сархил муқова ва безакда нашр этилганини астойдил изласангиз топиш имкони бор. Тағин бир қулайлик, тараққиёт маҳсули бўлмиш виртуал кутубхоналар китоб ўрнини забт этаяпти. Яқинда шаҳарга тушиб келган бир ҳамкасбим дўконларда яхши китоб кўп эканидан гап очиб қолди.
- Истаган китобингиз бор, фақат пулга кўзингиз қийса бас.
Тўғри, бозор иқтисодиёти кўпчилигимизни моддиюнчи қилиб қўйгани рост, аммо қалбга малҳам бўлиб, тўғри йўлга етаклайдиган китобдан пул қизғаниш, айниқса, ўқитувчи шахси учун ноўрин.
- Сиз қандай китоблар олдингиз? - сўрадим ўсмоқчилаб.
- Бир-икки саргузашт асарлар, номлари эсимда йўқ.
- Ҳеч бўлмаса, муаллифини эслаб қолгандирсиз?
- Қаерда, илгари эшитган ёзувчим эмас...
...Бир куни йирик шаҳарлардан биридаги китоб дўконида ёшлар ва китоб, китобхонлик мавзусида кўрсатув тасвирга олинаётгани устидан чиқиб қолдим. Ёшгина телемухбир билан икки-уч тенгдоши ўртасида бўлиб ўтган савол-жавобни айнан келтираман:
- Айтинг-чи, китоб ўқишни яхши кўрасизми?
- Албатта, бўш вақтларимда китоб ўқиш - хоббим, - жавоб берди биринчи мухлис.
- Қандай асарларни ўқигансиз?
- “Ўтган кунлар”ни... Бош қаҳрамони ким эди, ҳалиги, ҳа-я, энди эсладим, Анвар, ҳа шундай эди, шекилли...
Суҳбатга иккинчи мухлис аралашди:
- Мен “Қил устидаги тақдирлар”ни, яна Аҳад Қаюмнинг шеър китобини ўқиганман.
Тўғри, мухбир қиз тенгдошларининг айрим хатоларини усталик билан тўғрилаб юборишга уринди, аммо “зўраки китобхонлик” бот-бот ўзини фош қилаверди, ғалати томошага қараб туришга ҳам сабрим чидамай, китоб дўконини тарк этдим.
Бу мисолни “одамлар китоб ўқимаяпти”, деган иддао учун келтирмадим. Бугун одамлар китобга қайтаяпти, аммо улар, айниқса адабиётнинг сеҳрли оламига тетапоя қилаётган ёшлар нимани мутолаа қилишаяпти - масаланинг шу томонига эътибор қаратиш лозим. Очиғи, ҳамма нашриётлар ҳам бадиий савияси юксак асарларни нашр этаяпти деб бўлмайди, лекин бу соҳани бизнесга айлантираётган ноширларни юқоридан берилган кўрсатма билан тўғри йўлга солиб бўлмайди. Тадбиркор ўз бизнесини кишиларнинг эҳтиёжига қараб мослайди. Шу боис ёш авлод тарбияси билан шуғулланаётган маънавият ва маърифат кишилари уларнинг онгига китоб ўқиш маданиятини сингдириши ҳар қачонгидан муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тарих ғилдираги тинимсиз айланади, бугун шу нарса аён бўлдики, китоб, китобхонликнинг инсон ҳаётида тутган ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмас экан. Мен юқорида кекса ўқитувчи қилган совға тўғрисидаги ҳикояни бежиз эсламадим. Китоб – кўнгил мулки, дил ободлиги. Йиллар қувлашмачоқ ўйнаб ўтди, ўша тўйда тўёна қилинган қўй-эчкилар аллақачон кабобга айланиб кетди, пуллар сарфланди, ким нима тўёна бергани ҳам унутилди ҳисоб. Аммо ўша кекса ўқитувчи (охирати обод бўлсин) ўғлимга совға қилган китоб – улуғ адиб Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” романи ҳамон жавонимизни безаб турибди, у баҳона вақти-вақти билан куюнчак домлани эслаймиз.
Абдунаби АБДИЕВ,
Миришкор туманидаги 22-мактаб директори