Меню

Қашқадарё

18.12.2020 2302

КИТОБДА ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБ, FИЛОНДА АКАДЕМИК ЛИЦЕЙ ОЧИЛАДИ

Қарор ва шарҳ

2021-2022 ўқув йилидан бошлаб Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ҳузурида аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилади, Тошкент давлат педагогика университетининг Шаҳрисабз филиали ҳузурида эса академик лицей фаолияти йўлга қўйилади.

Олий таълим муассасалари ҳузурида янгидан ташкил этиладиган ихтисослаштирилган мактаб ва академик лицейлар рўйхати мамлакат Президентининг шу йил 3 декабрдаги қарори билан тасдиқланган. Мазкур рўйхатга мамлакатнинг турли ҳудудларида очиладиган ўнта янги таълим муассасаси номи киритилган бўлса, улардан иккитаси 2020-2021 ўқув йилида, қолган саккизтаси эса бир йилдан сўнг фаолият бошлайди.

- Бу масканларни ташкил этишдан мақсад, қарор матнида кўрсатилганидек, иқтидорли ёшларни олий таълим муассасаларига жалб қилиш ва улар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, - дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг ўқув ишлари бўйича проректори Отабек Бозоров. - Хусусан, институтимиз ҳузурида очиладиган ихтисослаштирилган мактабда ёшларга аниқ ва табиий фанлар чуқурлаштириб ўқитилади. Янги таълим муассасаси бир пайтлар ҚМИИ қошида фаолият юритган, кейин эса тугатилган Китоб туманидаги академик лицей биносида жойлаштирилади.

Қарорда белгиланганидек, олий таълим муассасалари ҳузуридаги ихтисослаштирилган мактаб директорлари бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора билан келишилган ҳолда олий таълим муассасасининг ректори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади. Янгидан ташкил этилаётган ихтисослаштирилган мактаб ва академик лицейлар фаолияти давлат бюджети ҳамда хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятидан тушадиган маблағлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро молия ташкилотларининг грантлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

- Мамлакат ҳукуматининг ўтган йил 11 июндаги қарорига асосан ташкил этилган филиалимизда ҳозирги пайтда кундузги бўлимда 1100 нафарга яқин, сиртқи бўлимда эса 300 нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда, - дейди Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Шаҳрисабз филиали директори Абдуқаҳҳор Ғаниев. - Президентнинг "Иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизими ва академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ филиалимиз ҳузурида академик лицей ташкил этилар экан, бу янги маскан фаолияти тугатилган Шаҳрисабз ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежининг Ғилон қишлоғидаги филиали - аввал муассасамизга полигон сифатида берилган биноларда жойлаштирилади. Бу олис тоғли қишлоқда академик лицейнинг очилиши, шубҳасиз, маҳаллий ёшларнинг иқтидорини юзага чиқариб, келажакда уларнинг турли йўналишлар бўйича олий маълумот олиши ва етук мутахассислар сифатида Ғилон ҳамда қўшни қишлоқларни ривожлантиришга ҳисса қўшиши учун кенг имкониятлар очади.

Ҳужжатда белгиланган чора-тадбирларнинг самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида бошқа мутасаддилар қатори Қашқадарё вилояти ҳокими  зиммасига ҳам ҳудудларда олий таълим муассасалари ҳузурида янгидан ташкил этиладиган ихтисослаштирилган мактаб ва академик лицей фаолиятини тўлақонли йўлга қўйишда ҳар томонлама кўмаклашиш вазифаси юклатилди.

Умуман олганда, давлат раҳбарининг мазкур қарорида иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизимини ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш учун зарур шароитлар яратиш, улғайиб келаётган ёш авлоднинг илм-фанга бўлган интилишларини рағбатлантириш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш борасидаги ислоҳотларни тизимли амалга ошириш, шунингдек, академик лицейлар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган яна кўплаб чора-тадбирлар ўз аксини топди.

Темур НИЗОМОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!