Меню

Қашқадарё

18.06.2016 2355

Китоб тумани: УЛКАН ИМКОНИЯТЛАР ҲАР СОҲАДА ҚЎЛГА КИРИТИЛГАН ЮТУҚЛАР ПОЙДЕВОРИ БЎЛМОҚДА

Ҳақиқатда истиқлол йилларида ўзбек халқи мисли кўрилмаган даражада бойиди, ўзининг тадбиркорлик, бунёдкорлик салоҳиятини тўлиғича намойиш эта олди. Дунёқараши ўзгарди, яшаш маданияти, диди ўсди. Бунинг замирида аввало истиқлол берган имкониятлар, юртимизда ҳукм сураётган тинч-осойишталик турганини эса бугун ҳар биримиз дилдан ҳис этиб яшаяпмиз.

МЕВАНИНГ ҚОҚИСИ  ҲАМ ЭКСПОРТ ҚИЛИНАДИ

Мустақиллик йилларида халқимиз учун собиқ тузум даврида умуман ёт бўлган мулкдорлар синфи шаклланди, кичик бизнес ва тадбиркорлик ривож топди. Биргина Китоб туманининг ўзида 318 та ишлаб чиқариш субъекти ташкил этилди ва фаолияти самарали йўлга қўйилди. Авваллари туман фақат қишлоқ хўжалигига ихтисослашган бўлса, энди бу ерда ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналари деярли ҳар бир қишлоқда икки-учтадан барпо этилди. Уларда минглаб аҳоли иш билан таъминланди. Хусусан, саноатнинг металлургия, тоғ-кон, кимё, қурилиш, озиқ-овқат тармоқларида китобликлар бор салоҳиятини намойиш этаётир. Ҳа, бу ерликлар тадбиркорлик, боғдорчилик, деҳқончилик ва савдо-сотиқнинг ҳадисини олиб улгурди. Тадбиркори фермеридан, фермери тадбиркоридан, ишчиси эса раҳбаридан ниманидир ўрганиб, ҳаётга татбиқ этишга киришган.

– Россия Федерациясидан қиймати 140 миллион сўмга тенг мевани қуритиш, қадоқлаш ускунасини олиб келдик, – дейди “Гулгунпўшт олмаси” фермер хўжалиги раиси Аминжон Мавлонов. - Ўзимизнинг боғда етиштирилган олмалардан бир қисмини синов тариқасида қоқи қилиб кўрдик. Яхши чиқди. Энди бу фаолиятни кенг йўлга қўйиш учун фермерлар ва томорқа эгалари билан шартномалар тузиб, мева харид қилиш ниятимиз бор.

Таъкидлаш жоиз, аввал ҳудудда бундай цех йўқ эди. Фермер эса қуритилган меваларни шу йилнинг ўзидаёқ экспортга чиқариш тараддудида. Бундан ташқари, у мева шарбати ишлаб чиқаришга мўлжалланган ускуна олиб келишни режалаштирган. Аллақачон бу борада ҳамкорлар билан шартнома ҳам тузиб қўйган.

ФЕРМЕР ҲАМ ТАДБИРКОР

Маҳсулотни оддий қопга ёки челакка солиб харидорга таклиф этиш одати бугун кам учрайди. Чунки бизда бозор маданияти анча шаклланган. Мевами, сабзавотми ёки бошқа маҳсулот, қай бири бўлса ҳам бежирим идишга жойлангани харидорга манзур бўлади.

– 2 гектар анорзоримиз бор, - дейди “Фахриддин Тилов Қобилович” фермер хўжалиги раиси Фахриддин Нажимов. – Даромад яхши. Шу йил фермер хўжалиги маблағлари эвазига Хитойдан қиймати 55 миллион сўмга тенг мева-сабзавот жойлашга мўлжалланган пластмасса идиш қуйиш ускунасини харид қилдик. Мазкур қурилма суткасига 1800 та шу турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.

Худди ана шундай фаолият “Боғизар Варганза” фермер хўжалигида ҳам йўлга қўйилган. Бу ерда йилига 200 минг дона яшик ишлаб чиқарилаяпти. Шунингдек, хўжаликда 600 тонна сиғимга эга мева-сабзавот сақланадиган совуткичли омбор ҳам ишга туширилган.

“Китоб агро пласт” масъулияти чекланган жамиятида эса шундай идишлар ишлаб чиқариш аввалроқ йўлга қўйилган эди. Бинобарин, бундай пластмасса яшиклар бугун мева-сабзавотни сифатини бузмай сақлаш, ташиш, бозорга чиқаришда қўл келаётгани билан аҳамиятли.

Дарвоқе, туманда айни вақтда 9 минг 400 тонна мева-сабзавотни сақлашга мўлжалланган 16 та замонавий совутиш тизимига эга омбор бор. Бу юқорида айтилганидек бежирим идишларга обдон сараланиб жойланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йилнинг исталган вақтида харидорларга янги саранжомлангандек ҳолатда етказиш имконини бермоқда.

МАҲАЛЛИЙ ХОМАШЁ, БОЗОРБОП МАҲСУЛОТ

 “Тевабоши” корхонасининг сут ва сут маҳсулотлари бугун нафақат вилоятимиз, балки республика миқёсида ҳам харидоргир. Кунига уч тонна сутни қайта ишлаш қувватига эга субъектда айни пайтда 11 турдаги маҳсулот тайёрланади. Эътиборлиси, ҳудудда мазкур йўналишда фаолият кўрсатаётган турдош корхоналар сони ҳозирда 7 тани ташкил этмоқда.

– Тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратилган юртимизда ишнинг кўзини билган одам кам бўлмайди, – дейди корхона раҳбари Йўлдош Турсунов. – Биз ишни фақат пишлоқ ишлаб чиқаришдан бошлаган эдик. Бугун эса маҳсулот тури кўпайди. Тўрт марта имтиёзли кредит маблағларидан фойдаландик. Франциядан 250 минг АҚШ доллари эвазига янги технологиялар харид қилдик.

Дарҳақиқат, ишини замон талаблари асосида ташкил этиш, ишлаб чиқаришни технологик жиҳатдан янгилаб бориш, бозорни пухта ўрганиш, сифатнинг энг юқори кўрсаткичларини таъминлаш-тадбиркор муваффақиятининг бош омили. Буни китоблик ишбилармонлар яхши англагани эса ҳар қадамда кўзга ташланади. Уларнинг ҳудудда мавжуд хомашё ресурсларини     хомашё ҳолича эмас, тайёр маҳсулот кўринишида ҳамкорларга етказиб бериш борасидаги саъй-ҳаракатлари эътиборга молик.

ЗАМИН САХОВАТИ

Ер билан тиллашган эл кам бўлмайди. Боғдорчилик, деҳқончилик қон-қонига сингиб кетган китобликлар буни қайта-қайта исботлашмоқда.  Айни вақтда туман аҳолиси узум, олма, қароли кабилар   билан бирга, турли цитрус мевалар ва сабзавот маҳсулотларини ҳам етиштириб келаётир. Бунинг исботи сифатида келтирилган маълумотларга кўра ҳудудда аҳоли томорқаларидаги билан қўшиб ҳисоблаганда 800 дан зиёд катта-кичик иссиқхоналар мавжуд. Уларда помидор, бодринг, турли кўкатлар, шунингдек, лимон, апельсин, мандарин каби цитрус мевалар парвариши йўлга қўйилган.

– Бир гектар майдонга эга иссиқхонамизда минг туп лимон кўчатини ўтқазганмиз, – дейди “Транс агро қурилиш” хусусий корхонаси раҳбари Ғолиб Самиев. – Қолаверса, қатор ораларига ҳар йили помидор экишни йўлга қўйдик. Ҳар куни ўртача 2-3 тонна маҳсулотни бозорга чиқараяпмиз. Шу фаолият ортидан 25 та иш ўрни яратдик. Асосан ёшлардан иборат ишчиларимизга помидор ва лимон парвариши, унинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида ўқув машғулотлари ҳам ўтказиб турамиз. Бу йил ҳосил ҳар йилгидан-да мўл. Даромадидан хизмат кўрсатиш йўналишида ҳам ўзимизни синаб кўриш режамиз йўқ эмас.

ХИЗМАТ КЎРСАТИШ СИФАТИ ВА ҲАЖМИ ОРТМОҚДА

“Иш билганга минг танга”. Ота-боболаримиздан қолган бу ҳикматли гап замирида катта маъно мужассам. Дарҳақиқат, иш билганга бугун миллион-миллион даромад келиб турибди. 2010 йилда “Жавоҳир Ҳалимович” оилавий корхонасига асос солган туманнинг Қуйиоқбой қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Салим Йўлдошев фаолияти бунга мисол. Тадбиркор айни вақтда савдо ва умумий овқатланиш шохобчаси, ҳаммом, тикиш-бичиш цехи, пойабзал ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйган. Яқинда икки қаватли тўйхона ҳам қуриб битказилди.

– Истиқлол йилларида одамларнинг дунёқараши ўзгарди, – дейди тадбиркор. – Бирни бирга қўшсак икки эмас, минг бўладиган замон келди. Ҳозир қишлоқ жойлар ҳам обод, шароити шаҳар билан тенг. Олис ва чекка, яшаш ноқулай бўлган ҳудудларга ҳам тадбиркорлик маданияти кириб борди.

Бугун туманда Салим Йўлдошев каби хизмат кўрсатиш соҳасида иш олиб бораётган тадбиркорлар талайгина. Хусусан, ҳудудда ушбу йўналишга ихтисослашган 600 дан зиёд субъект борлиги аҳолига фақат ва фақат қулайлик туғдиради. Бу уларнинг танлов имконияти ошишида ҳам муҳим роль ўйнайди. Тадбиркорни эса изланишга, замон билан ҳамнафас юришга ундайди.

ТЕХНОЛОГИК ЯНГИЛАНИШ САМАРАСИ

Иқтисодиётдаги шиддатли янгиланиш бу муҳитга мослашмаган “Китоб ип йигирув” корхонасини анча вақт фаолиятдан четга чиқариб қўйганди. Ваҳоланки, ўз даврида бу субъект ҳудуддаги йирик текстиль корхонаси сифатида тилга олинарди.  “Китоб ип йигирув”нинг яна  мавқеини тиклаш эса осон кечгани йўқ. Корхона мулкдорлари, туман мутасаддилари саъй-ҳаракати билан 2013-2016 йилларда вилоятнинг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастурига асосан бу ерда иккита истиқболли лойиҳа амалга оширилди.

Натижада дастлаб корхонага 100 дона замонавий тикув дастгоҳлари келтирилиб, трикотаж маҳсулотлари, кийим-кечак ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлса, кейинроқ 2 миллион 450 минг евро эвазига хориждан пахта титиш, савалаш, тараш, ҳаво ёрдамида сўрувчи ип йигирув дастгоҳлари харид қилинди. Шу асосда 150дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Корхонада жорий йилда 11 миллиард 584 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган бўлса, тайёрланган калава ипнинг 80 фоизини экспортга йўналтириш кўзда тутилган.

Умуман, бугун туман экспортида текстиль товарларидан ташқари, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ҳам муҳим ўрин тутади.

Жорий йилда эса яна янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш борасида қатор лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда. Хусусан, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қуритиш ва қадоқлаш, сувли ва рангли бўёқ маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича ташкилий ишлар бошлаб юборилди. Натижада эса яна 7 турдаги озиқ-овқат ва 3 турдаги ноозиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади, қўшимча тарзда 1,5-2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади.

ЎЗИ ПАКАНАЮ, ҲОСИЛИ МЎЛ

Боғдорчиликда шуҳрат топган Китоб аҳолиси бугун соҳага янгиликлар олиб киришдан тўхтамаяпти. Хусусан, ҳудудда пакана ва яримпакана интенсив боғлар майдони йил сайин кўпайиб бормоқда.

– Парвариши ўзимизнинг олма навлари билан бир-хил, – дейди “Тўраева Муқаддас узумзори” фермер хўжалиги раиси Олим Латипов. – Олдин фақат ток парвариши билан шуғулланар эдик. 2013 йилда эса Польшадан яримпакана олма ниҳолларини олиб келиб, ўтқаздик. Иккинчи йилиёқ ҳосилга кирди.

Ана шундай боғларда дарахтга ишлов бериш, ҳосилни йиғиб олиш бирмунча қулайроқ эканини бугун боғбонларимиз яхши билади. Шу боис ана шундай мевали дарахтлар экиш, парваришлаш анча кенг тус олган. Китоблик боғбонлар эса бунинг самарадорлигини ҳам аллақачон ўзларининг боғдорчилик фаолиятлари мисолида ифодалаб беришмоқда.

КЎП ТАРМОҚ – КЎП ДАРОМАД

Сувли майдонлардан ортиб, лалми ерлардан ҳам унумли фойдаланиш, қиру адирларда боғ ташкил этиб, обод қилишда китобликлар фаол. Буни биргина “Маҳмудов Шаҳзод Шуҳратович” фермер хўжалиги фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

– 76 гектар лалми ерни ўзлаштирганмиз, – дейди фермер Сайёра Шерқобилова. – 25 гектар узумзор, 30 гектар ғалла майдони тасарруфимизда. Қолаверса, 100 бош қўй, 30 бош  қорамол парвариш қилаяпмиз. “Бройлер” товуқ боқишни ҳам йўлга қўйдик. Айни пайтда олти мингта жўжамиз бор.

Бу фаолиятни оддийгина қилиб, кўп тармоқли деймиз. Кўп тармоқ – кўп даромад манбаи эканлигини эса бугун фермерларимиз яхши англайди. Қолаверса, шундай йўл тутиш замон талабига ҳам мос келади. 

– 11 та янги иш ўрни яратдик, – дейди фермер опа. – Ўтган йили ғалладан мўл ҳосил олдик. 90 тонна узум етиштирдик. Бу йил эса           5 гектар ерга лалми тарвуз уруғларини қададик. 200 туп ёнғоқ, 400 туп олволи кўчатларини ўтқазиб, дастлабки ҳосилини ҳам олишга улгурдик.

Фермер хўжалигининг ўз дала шийпони, товуқхона ва молхонаси қурилгани, зарур техникалар харид қилинганида ҳам кўп тармоқ ортидан олинаётган даромад муҳим роль ўйнаши муболаға эмас.

– Ҳаммаси истиқлол шарофати, Президентимиз бизга яратиб бераётган кенг имкониятлар маҳсули, – дейди Сайёра Шерқобилова.

БЕШ ЮЛДУЗЛИ” ЎТОВЛАР

Тоғ ёнбағрида жойлашган Китоб тумани азалдан табиати, экомуҳити билан сайёҳларни ўзига жалб қилиб келади. Энди эса бу имкониятдан тадбиркорлик йўли билан фойдаланиш, даромад манбаига айлантириш вақти келди. Бунинг учун сайёҳларни табиат қўйнига экосаёҳатга таклиф этиш ва зарур шароитлар билан таъминлаш кифоя. Ана шу мақсадда “Китоб сайёҳ” хусусий корхонаси томонидан ўтган йили табиат қўйнида олтита ўтов тиклангани эса янгилик бўлди.

– Энг муҳими, уларнинг ичи ҳар қандай сайёҳни ўзига жалб қиладиган тарзда миллий қадриятлар ва урф-одатларни ўзида жамлаган осори-атиқалар билан безатилди, – дейди корхона раҳбари Аҳад Бердиев. – Ўтовлар ёзги ва қишки иқлим шароитларига мослаштирилди. Атрофи кўкаламзорлаштирилиб, обод қилинди. Замонавий чойхона ва хизмат кўрсатиш шохобчаси ишга туширилди.

Айтишларича, меҳмонлар ҳам кўп куттиришмади. Уларда экосаёҳат, айниқса, ўтовлар катта таассурот қолдирган.

ИСТИҚЛОЛ ИНШООТЛАРИ

Юртимиз бўйлаб кенг қулоч ёйган бунёдкорлик ишлари, яратувчанлик руҳи Китобда ҳам     ҳукмрон. Яқинда туман марказидаги маданият ва аҳоли дам олиш маркази биноси қайта чирой очиб, у ерда фольклор ансамбллари, аҳолига хизмат кўрсатиш шохобчалари, спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилди.

– Мураббийлик фаолиятимни бошлаганимга 30 йилдан ошди, – дейди туман маданият ва спорт ишлари бўлими спорт йўриқчиси Жамил Баҳронов. – Эсимда, ўшанда бир ташландиқ хонада ўн чоғли бола билан машғулотлар ўтказардик. Спорт гилами ўрнига сомон тўшаб, болалар кураш тушарди. Ҳозир қаранг, қандай спорт иншоотлари барпо этилаяпти. Буларнинг ҳаммаси ёшлар учун, шу фарзандларимизнинг соғлом ва бақувват улғайиши учун.

Тумандаги ўзига хос меъморчилик услуби асосида бунёд этилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 1300 нафарга яқин ёш шуғулланади. Улар орасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари, Ўзбекистон чемпионлари бор. Мактабда 13 спорт тури бўйича машғулотлар мунтазам йўлга қўйилган.

Қолаверса, туманда келгусида 7 та кўпқаватли уй қурилиши, уларнинг иккитаси жорий йилда фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. Жорий йил намунавий лойиҳа асосида 60 та уй қурилиб, ўз эгаларига топширилди.

Туманда таълим самарадорлигини ошириш мақсадида олис ва бориш ноқулай бўлган тоғли қишлоқларда яқин ҳудуддаги мактабларнинг филиалларини қуриш ишлари жадаллик билан давом этмоқда. Хусусан, Китоб шаҳридан 90 километр узоқликда жойлашган тоғли Аспидўхтар ва Шут қишлоқларида 60-мактабнинг, Кўктош қишлоғида эса 61-мактабнинг филиаллари биноси бунёд этилмоқда. Тадбиркорлар томонидан қурилаётган замонавий иморатлар эса ҳудуд кўркига кўрк қўшаяпти. 

БЕШИНЧИ ХАЛҚАРО ОЛИМПИАДАЧИ

Китоб тумани ёшларининг таълим соҳасидаги ютуқлари анча салмоқли. Буни улар қўлга киритаётган ютуқлар яққол ифодалаб турибди. Айтадиган бўлсак, 1-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Элдор Неъматов математика фани бўйича Таиландда ўтказилиши кутилаётган 17-халқаро олимпиаданинг саралаш  босқичидан муваффақиятли ўтиб, финал йўлланмасини қўлга киритди. У ушбу мактаб тарихидаги халқаро олимпиадада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган бешинчи ўқувчидир.

– Ҳозирги ёшларга фақат ҳавас қилиш мумкин, – дейди “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, Элдорнинг устози Бахтиёр Абдиев. – Улар зукко, билимга чанқоқ. Бир кун ўз устингизда ишламасангиз уялиб қолишингиз ҳеч гапмас. Ўқувчининг қобилияти, кези келганда, ўқитувчини ҳам изланишга ундайди. Иқтидори бор боланинг салоҳиятини рўёбга чиқара олмаслик эса устознинг энг катта айбидир.

Дарҳақиқат, мактаб ўқувчилари орасида иқтидорлилари кўп. Улар ҳар йили билимлар беллашувининг вилоят, республика босқичларида муваффақиятли иштирок этиб келаётир.

Бир сўз билан айтганда, Китоб туманида 25 йил давомида мисли кўрилмаган ўзгаришлар рўй берди. Аҳоли турмуши фаровонлашди. Ҳудуд обод бўлди. Китобликлар эса  яна ва яна яратувчанлик ишқи билан яшамоқда. Улар бугунидан мамнун, эртасидан кўнгли тўқ.

Баҳодир ҲАЛИМОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!