Меню
Қашқадарё
КИТОБ - ОЛАМНИНГ САККИЗИНЧИ МЎЪЖИЗАСИ
Тадбирнинг "Қўшимча дарс" деб номланган биринчи қисмида ўқувчилар "Эл-юрт таянчи" монументи ўрнатилган майдон ва Амир Темур кўпригида бўлишди. Уларга Ўзбекистон Қаҳрамони, Қарши шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқитувчиси Муҳаббат Шаропова ҳамда Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ўқитувчиси, тарих фанлари доктори Юлдуз Эргашева монумент ва тарихий кўприк ҳақида сўзлаб бердилар. Ўз ўрнида иштирокчилар ҳам устозлар томонидан берилган саволларга жавоб қайтариб, тарих борасидаги билимларини намойиш қилишди.
- Яқинда Президентимизнинг БМТ минбаридан туриб қилган маърузасида "асосий вазифамиз - ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси "вируси" тарқалишининг олдини олишдир", дея таъкидлаган эди, - дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Лола Саодатова. - Турли ёт ғоялар таҳдидидан асровчи энг ишончли ҳимоя воситаси эса китобдир. Бугунги тадбирда болаларнинг китобга меҳрини ошириш, улар орасида китобхонликни кенг тарғиб этишга ҳаракат қилдик.
Тадбирнинг кейинги қисми Қашқадарё соҳилидаги болалар истироҳат боғида давом этди. "Китоб - оламнинг саккизинчи мўъжизаси" мавзусидаги суҳбат давомида китобнинг инсоният тамаддунида тутган ўрни ҳақида сўз юритилди. Ўқувчилар китоб ҳақида шеърлар ўқишди, ёд олган ҳикматли сўз ва мақолларини айтиб беришди. Вилоят ахборот-ресурс маркази ходимлари томонидан ташкил этилган янги асарлар кўргазмаси билан танишишди. Шу билан бирга, ёш китобхонларга бадиий асарлар совға қилинди.
- Тадбирда мен 7 дона китобни совға сифатида олдим, - дейди Қарши шаҳридаги 4-мактаб ўқувчиси Жасур Хуррамов. - Улар орасида Худойберди Тўхтабоевнинг иккита асари борлигидан қувондим. Мен бу китобларни, албатта ўқиб чиқаман.
Шу куни мазкур истироҳат боғидаги барча аттракционлар, катамаранларда болаларга бепул хизмат кўрсатилди. Шунингдек, тадбир ташкилотчилари Батош маҳалласидаги китобсевар оилалар билан танишишди.
Бундай тадбирлар туманларда ҳам ўтказилмоқда.
Х.ҚИЛИЧЕВА
***
Суратларда: тадбирдан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.