Меню
Қашқадарё
“КИТОБ КЎТАРГАН ОДАМ”
Тақдимот
Қарши шаҳридаги Маънавият масканида таниқли журналист ва адиб Нуриддин Эгамовнинг “Китоб кўтарган одам” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари томонидан ташкил этилган тадбирда ОАВ вакиллари, адабиётшунос ҳамда ижодкорлар, фахрий журналистлар, бадиий сўз ихлосмандлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг “Фан” нашриётида чоп этилган китобда шеърий, насрий ҳамда публицистик асарлар жой олган. Аҳамиятга молик жиҳати, китобдан ўрин олган мақолаларнинг аксарияти дастлаб “Qashqadaryo” газетасида чоп этилган.
“Аслида одам Китобни эмас, Китоб одамни кўтариб турмайдими бу дунёда?
Қуръондан тортиб, Конституциягача, “Алжабр”у “Зиж”дан Илон Маск чизмаларигача, Навоийдан Абдулла Орифгача... – китоблар олам ва одам мувозанатини ушлайдиган бебаҳо мўъжизалар эмасми?! Тафаккуримизни юксалтиради-ку бу мўъжизалар, кўнглимизни кўтаради, руҳимизни осмонларда парвоз қилдиради...
Тирикчилик эмас, ТИРИКЛИКнинг асл тиргаклари улар...” деб ёзади муаллиф китоб сўз бошисида.
Эътиборлиси, “Китоб кўтарган одам” Нуриддин Эгамовнинг биринчи китоби бўлиб, нақ 46 ёшида дунё юзини кўрди. Яъники муаллиф ёзганларини эълон қилишга, китобхонлар ҳукмига ҳавола этишга шошилмади – вақт ва ўқувчи ҳукмидан ўтган энг сара асарларини яхлит тўплам ҳолида жамлади. Шу боис ҳам ушбу тўпламда ўтган аср 90-йилларига мансуб ва шу равишда 2021 йил август ойигача қоғозга туширилган гўзал шеърлар, ҳикоялар, долзарб мавзулардаги мақолаларни кўриш мумкин.
- Нуриддин ўқишни тамомлагач, иш фаолиятини “Qashqadaryo” газетасида бошлаган, шеърлар ёзар, ҳикоялар машқ қиларди, - дейди фахрий журналист Намоз Аҳмедов. – Ижодкор сифатида шу ерда шаклланди, суяги қотди. Айрим ижодкорлар бир нечта мақола ё шеъри шов-шув бўлса, китоби чиқса, пойтахтга кетишга ҳаракат қилади, Нуриддин эса шу ердан узилмади, марказдан узоқда яшаб ҳам зўр ижод қилиш мумкинлигини кўрсатди.
Китобни варақларканмиз, бадиий диди юксак, ижтимоий ҳаёт билан ҳамнафас ижодкор кўз олдимизда гавдаланади. Гоҳ фалсафий, гоҳ аччиқ кинояга йўғрилган, гоҳо куюнчаклик акс этган шеърлар, мақолалар ўқувчини чуқур мушоҳадага ундайди.
“Қўрқса, ҳурмат қилади”ми?”, “Ўғлимни қайтариб беринг...”, “Профессор” хотинига ёрдам бермайдими?”, “Насиб этса, келур Шому Ироқдан...”, “Киссамизда киссавур қўли” каби мақолаларида бугунги куннинг долзарб масалаларига теран назар кўринади.
Биламизки, Нуриддин Эгамов қарийб чорак асрдан бери матбуот соҳасида фаолият кўрсатади. Китобдаги “Газетага ўроғлиқ” гаплар”, “Мухбирча палов сабоғи”, “Ёнаётган газета” каби мақолалар ўз вақтида республика миқёсида шов-шув бўлгани қалам аҳлининг ёдидан чиқиб улгурмаган. Қолаверса, “Алдаманг, ўқимагансиз...”, “Илтимос, менга қўзичоқ чизиб бер...”, “Китоб кўтарган одам” мақолалари эса муаллифнинг назари теран китобхон, дурустгина адабиёт билимдони эканини кўрсатиб турибди. Ҳикоялар эса ҳар бири алоҳида тадқиқга арзийди.
Тадбирда китоб юзасидан фикр-мулоҳазалар тингланди. Иштирокчиларга муаллиф дастхати туширилган китоблар берилди.
Б.САЙФИЕВ
Жамшид НОРҚОБИЛОВ олган суратлар.