Меню

Қашқадарё

14.11.2017 2020

КИТОБ ЎҚИШНИНГ АҲАМИЯТИ

Билимли, ўқимишли инсон агар тижорати ёки бошқа хусусий тирикчилиги тўхтаб қолган тақдирда ҳам осонлик билан ўзига бошқа ризқ эшигини оча олади. У қайсидир ишхонага ходим сифатида жойлашиши, ўқув муассасаларида ишлаши ёхуд ижодий ишлар билан шуғулланиб, ўз тирикчилигини яна қайтадан юрғизиб юбориши мумкин. Демак, билимли инсон билан билимсиз инсоннинг имкониятлари орасида катта фарқ бор экан. Шу боис ҳам Аллоҳ таоло ўз китобида “Биладиганлар билан билмайдиганлар (ҳеч замонда) тенг бўлурми?!”, (“Зумар” сураси, 9-оят) дея билим нақадар катта ҳаётий аҳамиятга эга эканлигига ишора қилади.

Ислом дини бошданоқ жаҳолатга қарши маърифат билан курашган диндир. Қуръони каримнинг илк ояти ҳам “Ўқи!” деган сўз билан жаранглаган. Қуръон сўзининг бир маъноси ҳам “ўқиш” демакдир. Шунинг ўзидан муқаддас динимиз таълимотида ўқиш, мутолаага бўлган эътибор ва аҳамият нақадар буюк эканини кўриш мумкин.

“Илм” сўзи Қуръони каримнинг 811 жойида турли маънолари билан келган. Қуръон ва суннатда илм инсониятни турли ахлоқсизликлар, ҳаром, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган. Аллоҳ таоло айтади: “...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур”.

Пайғамбаримиздан ривоят қилинган кўплаб ҳадислар ҳам илмга, ўрганишга даъват билан йўғрилган. Илм биринчи ўринда ўқиш орқали ҳосил бўлиши ҳаммамизга маълум. Жумладан у зот: “Илм ўрганиш ҳар бир мусулмон зиммасида фарздир!”, дея марҳамат қилганлар (Ибн Можа ривояти).

Ҳазрат Али айтадилар: “Илм мол-дунёдан кўра яхшироқдир. Чунки илминг сени асрайди, мол-дунёни эса сен асрашинг керак бўлади. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса ўзгаларга ўргатиш билан яна зиёда бўлаверади”.

Илм талаб қилиш ва унинг йўлида чекилган заҳмат туфайли жузъий саҳв ва хатоларнинг кечирилиши Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг: “Ҳамма нарсалар, ҳатто дарёдаги балиқлар ҳам толиби илмнинг гуноҳлари мағфират қилинишини сўрайдилар”, деган ҳадисларида ўз ифодасини топган. Дарҳақиқат, илмнинг мақому мартабаси юксакдир. Ахир илм аҳли пайғамбарларнинг меросхўрлари саналади.

Китоб ўқишнинг фойдаси мўл, баракаси беҳисоб. Аввало ўқиш ва мутолаа турли-туман маданиятлар ва билимларни ўрганиш учун инсонга асосий кўприк бўлиб хизмат қилади. Ўқиш тилни тўғрилаш, оғзаки нутқни ривожлантириш, сўз бойлигини орттиришда ҳам муҳим. Киши қанча кўп мутолаа қилса, шунча равон ва бехато сўзлайдиган, адабий гапирадиган бўлиб боради. Дунёқараши, маданий савияси шаклланади. Китоб, газета-журнал мутолаасига одатланиш кишига мустақил таълим олиш маҳоратига эга бўлишга ёрдамлашади. Бундан ташқари, киши кўп ўқиган сари билими ошиб боради, ҳамма соҳадан маълум маънода хабари бўлади, натижада атрофидагилар учун ҳам қизиқарли суҳбатдош, тўғри маслаҳатгўй ва ёрдамчига айланади.

Ўқишнинг фойдаларидан яна бири шуки, у вақтдан унумли фойдаланиш воситасидир. Маълумки, инсон қиёмат кунида бекор ўтказган вақтидан, умридан сўралади. Фойдали нарсаларни ўқиб-ўрганиш эса вақтни баракали қилади.

Ўқишнинг тарбиявий аҳамиятлари ҳам бисёр. Болаларни ёшлик чоғларидан китобга муҳаббатли қилиб ўстириш ўта фойдали. Зеро, китоб эзгуликдан, олижанобликдан, мардликдан ҳикоя қилади. Маънавиятни оширади. Тубанлик, номардлик, разолат ва хиёнатнинг қабиҳ юзини очиб беради, бундай ёмон хулқларга қарши қалбда нафрат уйғотади. Шу боис ёшларимизни китобга меҳрли қилиб ўстириш маънавий ва тарбиявий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга моликдир.

Кўп ўқийдиган инсон китоблар тахида ўз маконини топган ўзгаларнинг аччиқ қисматлари ёки муваффақиятлари сабаблари, сир-асрорларидан воқиф бўлади ва шу нарсаларни ўз ҳаётида ижобий маънода қўллайди. Натижада кўп муваффақиятларга эришишга муяссар бўлади.

Шундай экан, ҳар биримиз китоб ўқишга, илм олишга ўта чанқоқ бўлишимиз, фарзандларимизни мана шундай руҳда тарбиялашимиз мақсадга мувофиқдир.  Зеро, қайси жамиятда илмга ташналик сусайса, илм ўрганишга эътибор камайса, кишилар фикрлашдан тўхтаса ёки уларнинг фикри саёзлашиб-сийқаланса, ўша жамият тараққиётдан ортда қолади.

Юртимиздан донғи дунёни тутган улуғ олимлар ва мутафаккирларнинг кўплаб чиққани ҳам бежиз эмас. Илмли зиёлилар уёқда турсин, оддий ҳунарманд косиб ёки деҳқон хонадонида узун қиш кечалари оилавий китобхонликлар бўлган, саводхон кишилар оила аъзоларига турли китобларни ўқиб беришган. Матбаачилик ривожланмагани, китоблар хаттотлар томонидан қўлда кўчирилганига қарамай, ота-боболаримиз ҳамиша китобга интилишган, китобни ардоқлашган, ўқиганларини бошқаларга ёйишган.

Аллоҳ таоло барчамизни дунёга машҳур аждодларимиз изидан бориб, илм чўққиларини забт этувчи, илмга ташна бандаларидан айласин, илм ўрганадиган, илмга ҳомийлик қиладиган, ҳеч бўлмаганда олимларни севадиган саодатманд инсонлар сафидан ўрин берсин!

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!