Меню
Қашқадарё
КИШИ ТАНҲО ҚОЛГАНДА ТАБИАТДАН ЮПАНЧ ҚИДИРАДИ
Мутолаа учун тавсия
Уруш даҳшатлари ва урушга қарши ёзилган асарлар орасида немис ёзувчиси Эрих Мария Ремарк (1898-1970) қаламига мансуб "Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ", "Уч оғайни", "Қайтиш", "Қора ҳайкал" каби асарлар муҳим ўрин тутади. Адибнинг ўзи ҳам урушда иштирок этганлиги учун тарихдаги талотўплар оддий одамларга фақат кулфат келтиргани, бутун инсоният биргаликда урушларга қарши туриши зарурлигини ишончли тасвирлаб берган. Германия давлати Биринчи жаҳон урушидаги мағлубияти учун қасос олишни тарғиб қилаётган вақтда урушга қарши асар ёзиш чинакам қаҳрамонлик бўлиб, бунинг учун адиб Германиядан АҚШга кетишга мажбур бўлади.
"Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ" романи Биринчи жаҳон уруши воқеалари асосида ёзилган бўлиб, ёш аскар Пауль Боймернинг бошидан кечирганлари ва унинг қуролдош дўстлари аянчли қисмати ҳақида ҳикоя қилади. Адиб "йўқотилган авлод" тушунчасини Пауль, Мюллер, Франц, Кропп, Йозеф каби образлар орқали ёритган. Урушга боргунга қадар бу йигитлар олижаноблик, меҳрибонлик, маънавиятлилик каби кўплаб инсоний хислатларга эга бўлишган бўлса, уруш давомида бу фазилатларини йўқотишади. Романнинг мазмуни биринчи сатрлардаёқ маълум бўлади: бош қаҳрамон ўлдирилганда фронтда жимлик ва осойишталик ҳукм сурардики, ҳарбий маълумотлар биргина: "Ғарбий фронтда ўзгаришлар йўқ" деган гап билан тугайди.
Асарда "Мен ёшман - эндигина йигирмага кирдим, лекин кўрганларим қон, ўлим, қўрқув ва мудҳиш азоб-уқубатдан иборат нурсиз, бемақсад ҳаёт бўлди. Кимдир бир халқни иккинчисига гиж-гижлайди, одамлар бировнинг иродасига бўйсуниб, бир-бирини ўлдиради, лекин жиноят қилаётгани ва гуноҳга ботаётгани ҳақида ўйламайди. Инсониятнинг энг доно вакиллари янги-янги қуролларни яратади ва буни оқлаш учун қоп-қоп сўз топади. Жазосини биз тортамиз, Ер юзидаги жамики тенгдошларим тортади", "Киши танҳо қолганда табиатдан юпанч қидиради", "Давлат ва Ватан битта нарса эмас" каби бетакрор фикрлар учрайди.
Пауль Боймер ва унинг синфдош дўстлари синф раҳбари Канторекнинг тарғиботи билан урушга бориб, битта қисмда хизмат қилишади. Биргаликда қирғинбарот урушнинг даҳшати, майиб-мажруҳ бўлганлар, артиллерия отишмалари, кимёвий қуролларнинг ишлатилиши ва қийналиб ўлганларни кўришади. Дастлаб Йозеф кўр бўлиб қолгач отиб ташланади. Сўнгра икки оёғи кесиб ташланган Франц Киммерих қийналиб ўлади. Пауль таътил вақти касал онаси ва отасини кўргани боради. Ҳеч ким билан уруш ҳақида гаплашишни истамайди. Россия ва Франция ерларини босиб олиш ҳақида гапирган миллатдошларидан хафа бўлади. Рус ҳарбий асирлари лагерига бориб тамаки улашади. Оддий одамларни душман қилиб қўяётганлар ҳақида ўйлайди.
Пауль таътилдан кейин ўз қисмига қайтади. Урушга кириб француз аскарини ўлдиради. Аскарлар ўзаро суҳбатларида нима мақсадда уруш қилишаётгани, урушларнинг сабабчиси кимлиги борасида баҳс юритадилар. Зеро, Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушларидан айрим давлатлар, бир гуруҳ олигархлар ва Ер юзидаги баъзи энг бой оилалар янада бойиб олгани сир эмас. Альберт, Кат ва сўнгра 1918 йилда Пауль ҳам урушда ҳалок бўлади. Адиб ватанпарварлик, мардлик ҳақидаги баландпарвоз ғоялар урушлар олови ичра йўқолиб кетиши, уруш фақат ўлим, майибу мажруҳлик, қашшоқлик ва вайронагарчилик олиб келишини кўрсатиб берган.
Қирғиз халқининг буюк ёзувчиси Чингиз Айтматов (1928-2008)нинг "Асрга татигулик кун", "Қиёмат" ("Кунда"), "Жамила", "Оқ кема" каби асарлари жаҳон ҳамжамияти эътиборини қозонган.
"Асрга татигулик кун" романи воқеалари Бўронли бекатида, вафот этган темир йўлчи Қозонқопни Она Байит қабристонига дафн этишга олиб бориш билан бошланади. Аниқроғи, Она Байит қабристонининг пайдо бўлиши, Найман она ҳақидаги ривоятдир. Найман она дафн этилган ўша жой Сариўзак музофатида Она Байит қабристони - Онаизор макони деб аталади. Бош қаҳрамон - Эдигей Жонгелдин. Романда манқуртга айланган инсон фожиаси ҳақида сўз боради. Ривоятда айтилишича, Сариўзакни босиб олган жунгжанглар асир тушганларнинг сочини олиб, уларга янги сўйилган туя терисидан қалпоқ кийдиришган. Натижада асир ё ўлиб кетган ёхуд фақат қорни ва юпун кийими ҳақида ўйловчи манқуртга айланган.
Тирик қолган қул - манқурт хотирасидан маҳрум бўлган, уруғ-аймоғи, тилу тарихи ва қадр-қимматини билмайдиган инсондир. Манқуртнинг фақат кўриниши инсонга ўхшаса-да, у ожизу забонсиз ва итоаткору беозор махлуқдир. У қорнини тўйдириш учун овқат берган эгасигагина итоат қилади. Найман она исмли аёл жунгарлардан отасининг қасдини олиш учун кетган ўғли Жўломонни излаб, уни жунгарларнинг туясини боқиб юрган вақтда топади. Онанинг ўғли хотирасини тиклашга уринишлари зое кетади. Найман она манқурт ўғилнинг камон ўқидан жон бераётганда ҳам она бошидан учиб қушга айланган рўмоли Жўломоннинг хотирасини уйғотиш учун "Кимнинг фарзандисан, эслаб кўр! Отинг нима? Отангнинг оти Дўнанбой! Дўнанбой! Дўнанбой!..", дея ҳайқирар эди.
Чингиз Айтматовнинг "Қиёмат" ("Кунда") романида бўрилар Акбара ва Тошчайнар, диний семинарияда қисман таълим олган Авдий Каллистратов ва Инга ўртасидаги ишқий муносабатлар ҳамда бошқа воқеалар баён қилинган. Асарда инсон ва табиат ўртасидаги муносабатлар, яхшилик ва ёмонлик, адолат ва ҳақсизлик, иймон ва эътиқод масалалари ўрин олган. Бўрилар Акбара ва Тошчайнар ҳамда уларнинг болалари инсонларнинг сайғоқ ови тўлқинига тушиб қолади. Бўри болалари ҳалок бўлади. Ёзувчи бу жараён орқали инсониятнинг ҳайвонот олами ва табиатга етказаётган зарарини кўрсатиб берган.
Сайғоқ овига келган Авдий ҳамроҳлари томонидан таҳқирланиб, қўл-оёғи боғлаб ташланади. Авдий ўтмишини эслаб, ўзини Исо Масиҳга ўхшатади. Исо билан Рим ноиби Понтий Пилат ўртасидаги суҳбатни хотирлайди. Исонинг "Худога муҳаббат билан тўлмаган дил иллатларга тўлади" деган фикрларини эсга олади.
Акбара ва Тошчайнар яна тўртта бола кўришса-да, уларни Бозорбой Нойгутов инидан ўғирлаб кетади. Бўрилар Бозорбойни Бўстоннинг уйи атрофида излайди. Бозорбой Бўстоннинг бўри болаларини инига қайтариш таклифини рад этади. Бўстон Тошчайнарни отиб ўлдиргач, аламзада Акбара Бўстоннинг икки яшар ўғли Кенжашни олиб қочади. Бўстон бўрига ўқ отиб ўғлини ўлдириб қўяди. Бўстон барча кўргуликларнинг сабабчиси Бозорбойни ҳам отиб ўлдиради ҳамда ўзи ҳам вафот этади.
Чингиз Айтматовнинг "Жамила" қиссасида Жамила ва Дониёрнинг беғубор, покиза муҳаббатлари асосида инсон эрки ва ҳуқуқи очиб берилган. Асарни француз тилига ўгирган Луи Арагон уни "Муҳаббат ҳақида ёзилган жаҳондаги энг ажойиб қисса" деб баҳолаган. Мазкур асарни ислом дини қоидалари, никоҳ, оила ва ахлоқ нормаларига зид деб топувчилар ҳам кам эмас.
Адибнинг "Оқ кема" асаридаги воқеалар Она буғуни ўлдирган Мўмин бобо, ишонувчан Бола ва жоҳил Ўрозқул образлари орқали очиб берилган. Бола Она буғу ва Оқ кема ҳақидаги эртакларга ишонади. Пок қалб ва эзгу орзулар билан яшаётганда Она буғунинг ўлдирилишини кўриб, сувга тушиб вафот этади. Асар ўқувчини тоза қалб ва эзгу мақсад билан яшашга, маънавий тубанликдан йироқ бўлишга ундайди.
Адабиёт йўналиши бўйича Нобель мукофоти соҳиби, португалиялик ёзувчи Жозе Сарамаго (1922-2010) ижодига оид "Кўрлар" романи жаҳон адабиётининг дурдона асарларидан бири ҳисобланади. Асар воқеалари қачон ва қаерда содир бўлгани ҳамда қаҳрамонлар номи аниқ эмас. Адиб инсонларнинг маънавий кўрликда яшаётганини кўрсатиб беришга интилиб, "Тартиб ва интизомга бўйсунмасак, бошлиғимиз очлик ва қўрқув бўлади", "Кўрлар мамлакатида бир кўзлилар қирол бўлади" каби фикрларни келтиради.
Асар бошида автомашина ҳайдовчиси йўлда кўр бўлиб қолгач, уни уйига олиб борган киши автомашинасини ўғирлаб кетади. Ўғри йўлда кўр бўлиб қолиб, уни уйига олиб бориб қўйган милиция ходими ва хотини ҳам кўр бўлиб қолади. Биринчи бўлиб кўр бўлиб қолган киши кўз шифокори қабулига бориб, кўзойнакли қиз ва боланинг эътирозига қарамасдан кўз шифокори қабулига киради. Кўз шифокори ҳам уйига келиб кўр бўлиб қолгач, соғлиқни сақлаш вазирлигига хабар беради. Барча кўр бўлиб қолганлар шаҳар чеккасидаги руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилиб, улар учун тартиб-қоидалар жорий қилинади.
Кўз шифокорининг хотини кўр бўлмаса-да, эрини олиб чиқиш учун ўзини кўрликка солиб шифохонага тушади. Кўрларнинг ҳақиқий қилиқлари ва маънавий башарасини кўриб туради. Эрининг аҳмоқона ишларини кўрса-да, ундан воз кечмайди. Кўзойнакли қизга шилқимлик қилмоқчи бўлган машина ўғриси жароҳат олиб, дарвозага яқинлашганда ҳарбийлар уни отиб ташлашади. Шифохонада кўрлар кўпайиб кетгач, озиқ-овқат топиш учун курашлар бошланади. Аёллар таҳқирланади. Разилликларга чидай олмаган кўз шифокорининг хотини безорилар гуруҳи раҳбарини ўлдиради.
Бир амаллаб шифохонадан чиққан кўрлар ташқарида яна оч-наҳор кўрларга дуч келади. Дунё зулматга тўлганини ҳис қилишади. Кўз шифокорининг хотини эри ва бир гуруҳ кўрларни уйига олиб боради. Касаллик тарқалиб ҳамма кўра бошлаганда кўз шифокорининг хотини кўрликка чалинади. Адиб кўз шифокорининг хотини тимсолида мардлик ва инсонийликни тараннум этади. Шу аёлнинг кўзи билан инсонларга бир-бирининг ҳақиқий башарасини кўрсатиб беради.
Роман якунидаги "Нима учун кўр бўлдик, кейинчалик кўр бўлдик деб ўйламайман, биз аслида кўр эдик. Қарасак-да, ҳеч нарсани кўрмаган кўрлар" каби фикрлари ҳар бир кишини чуқур мушоҳадага чорлайди.
Абдишукур ОМОНОВ